Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин
[Кўчирма]
«TashOR-Agro» масъулияти чекланган жамияти номидан таъсисчи Уринова Мушарраф жамият директори Худжамкулов Шавкат Ташпулатовичга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, кўчмас мулкни олди-сотди шартномаси бўйича 2015 йил 4 декабрдаги 1-2-сонли ва 2015 йил 10 декабрдаги 1-3-сонли қўшимча келишувларни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Суднинг 2016 йил 13 апрелдаги ажрими билан «Yugov Proekt Stroy» МЧЖ, 2016 йил 2 майдаги ажрими билан эса «TashOR-Agro» МЧЖ ишга қўшимча жавобгар сифатида жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг 2016 йил 2 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, «TashOR-Agro» МЧЖ ва «Yugov Proekt Strоy» МЧЖ ўртасида имзоланган 2015 йил 4 декабрдаги 1-2-сонли ҳамда 2015 йил 10 декабрдаги 1-3-сонли қўшимча келишувлар ҳақиқий эмас деб топилган. «TashOR-Agro» МЧЖ директори Ш. Худжамқуловга нисбатан иш юритиш тугатилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2016 йил 1 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида судлар томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, ишдаги далилларга нотўғри ҳуқуқий баҳо берилганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги, иш бўйича ноқонуний қарорлар қабул қилинганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш сўралган.
Судлов ҳайъати шикоятдаги важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, «TashOR-Agro» МЧЖга тегишли бўлган Яшнобод тумани, Мумтоз кўчаси, 5-уйда жойлашган 2042 м.кв ер майдонидаги 787,0 м.кв. майдонга эга бўлган кўчмас мулкни 550.000.000 сўмга сотиш ҳақида жамиятнинг ягона таъсисчиси М. Ўринова 2015 йил 3 январда қарор қабул қилган.
Мазкур қарорга асосан «TashOR-Agro» МЧЖ ва «Yugov Proekt Stroy» МЧЖ ўртасида 2015 йил 19 январда Яшнобод тумани, Мумтоз кўчаси 5-уйдаги кўчмас мулкни 550.000.000 сўмга сотиш бўйича 1-сонли кўчмас мулкни сотиш шартномаси имзоланган.
2015 йил 4 декабрь куни «TashOR-Agro» МЧЖ номидан жамият директори Ф. Худжамкулов ва «Yugov Proekt Stroy» МЧЖ ўртасида 1-2-сонли қўшимча келишув имзоланган. Мазкур келишувга кўра олди-сотди шартномаси бўйича объектнинг қиймати 400.000.000 сўм, бинони таъмирлаш харажати сифатида эса 150.000.000 сўм пул маблағларини «TashOR-Agro» МЧЖ қоплаши лозим бўлган.
Шунингдек, тарафлар ўртасида 2015 йил 10 декабрда 1-3-сонли қўшимча келишув тузилган бўлиб, унда кўчмас мулкнинг қиймати 400.000.000 сўмни ташкил этиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси «Масъулияти чекланган жамиятлар ва қўшимча масъулиятли жамиятлар ҳақида»ги Қонуннинг 44-моддасига кўра, агар жамиятнинг уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилган бўлмаса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган жамият мол-мулки қийматининг йигирма беш фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки жамият бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади. йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.
«TashOR-Agro» МЧЖ томонидан 2015 йилнинг 4 чораги учун топширилган солиқ ҳисоботида жамиятнинг активлари қиймати 88.378.000 сўмни ташкил этиши кўрсатилган. Шу боис бино қийматини 150.000.000 сўм арзон қийматга сотиш масаласи жамият директори томонидан эмас балки, жамият иштирокчилар йиғилиши қарори асосида ҳал этилиши лозим бўлган.
Ҳолбуки, жамият таъсисчисининг 2015 йил 25 мартдаги қарори билан жамият директори Ш. Худжамкулов 10.000.000 сўм қийматдан ошадиган битимларга имзо чекиш ҳуқуқи чегаралаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 126-моддасига кўра, агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Мазкур ҳолатда тарафлар ўртасида имзоланган дастлабки олди-сотди шартномаси ягона таъсисчининг қарори асосида қабул қилинганлиги «Yugov Proekt Stroy» МЧЖга маълум бўлиши лозим бўлган ҳолат ҳисобланиб, бинони арзонлаштирилган нархда сотилиши бўйича келишувга эришишда «TashOR-Agro» МЧЖ таъсисчисининг розилиги талаб қилиниши лозим эди.
Бироқ, «Yugov Proekt Stroy» МЧЖ томонидан қўшимча келишувга эришиш жараёнида қайд этилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилинмаган. Бунинг натижасида «TashOR-Agro» МЧЖ таъсисчисининг манфаатларига зарар келтирадиган қўшимча келишувлар тузилган. Шу боис биринчи инстанция суди асосли равишда даъвони қаноатлантирган.
Бундан ташқари, суд Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 23 ва 86-моддаси талабларидан келиб чиқиб, ишда жавобгар сифатида эътироф этилган «TashOR-Agro» МЧЖ директори Ш. Хужамқуловга нисбатан суд иш юритишни тугатган.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ аниқланган деб ҳисоблаб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган ҳолда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Қайд этилганларга кўра судлов ҳайъати апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ суд харажатлари олдиндан тўланганлигини инобатга олишни лозим топади.
2016 йил 17 август,
10-1603/6547-сон