Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди
[Кўчирма]
Шайхонтоҳур туман давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда ДСИ деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Тошкент вилояти минтақавий филиалига (бундан буён матнда банк филиали деб юритилади) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан 137 877 800 сўм ва Марказий банк бошқарувининг 2010 йил 7 январдаги 2, 2010-1, 39/4-сонли қарорига асосан тасдиқланган «Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари бажарилмаганлиги сабабли ҳисобланган 1 182 600 сўм устама суммасига жарима, жами 139 060 400 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қисман қаноатлантирилиб, банк филиалидан 47 345 352 сўм ундирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида текшириш далолатномаси ва унга илова қилинган жадваллардаги ҳисоб-китоблар бир-бирига тўғри келмаганлиги сабабли, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори асосида ундирилган 47 345 352 сўмни 44 383 023 сўмга ўзгартириш сўралган.
Судлов ҳайъати, кассация шикояти ва ёзма фикр важларини ишдаги ҳужжатлар билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, ДСИ судга ариза билан мурожаат қилиб, банк филиалига нисбатан Солиқ кодексининг 53-моддасига асосан 137 877 800 сўм ва Марказий банк бошқарувининг 2010 йил 7 январдаги 2, 2010-1, 39/4-сонли қарорига асосан тасдиқланган «Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари бажарилмаганлиги сабабли ҳисобланган 1 182 600 сўм устама суммасига жарима, жами 139 060 400 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.
Биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган. Яъни, банк филиали юридик шахс мақомига эга бўлмаса-да, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида банк филиалидан жарима ундирилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда — ХПК) 23-моддасига асосан иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар хўжалик судига тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 162-сонли қарорининг 9-бандига кўра, ХПКнинг 23-моддасида хўжалик судига тааллуқли низолар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий муносабатлар қатнашчиларининг субъектли таркиби белгиланган. У энг аввало, юридик шахсларни ва юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқароларни ҳамда ХПК 23-моддаси биринчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган ишлар бўйича фуқаролар — жисмоний шахсларни ўз ичига олади. Агар даъво билан юридик шахснинг ўзи эмас, балки унинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) ишончнома асосида мурожаат этса, хўжалик суди даъво аризасини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Бунда бундай ишлар бўйича вакил сифатида иштирок этаётган алоҳида бўлинма эмас, балки у манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган юридик шахс даъвогар ҳисобланади.
Агар даъво юридик шахснинг ўзига эмас, балки унинг алоҳида бўлинмасига нисбатан тақдим этилган бўлса, у ҳолда юридик шахснинг ўзини ишда иштирок этишга жалб қилиш суд томонидан ХПКнинг 38-моддасига мувофиқ ҳал этилади.
Даъво қаноатлантирилган тақдирда, ундириладиган сумма ишга тегишли жавобгар сифатида жалб қилинган юридик шахсдан ундирилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 47-моддасига кўра, филиал юридик шахснинг у турган ердан ташқарида жойлашган ҳамда унинг барча вазифаларини ёки вазифаларининг бир қисмини, шу жумладан ваколатхона вазифаларини бажарадиган алоҳида бўлинмасидир.
Агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди.
Биринчи инстанция суди ариза талабларини қаноатлантиришда хатоликка йўл қўйган, яъни ишга «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБни жавобгар сифатида жалб қилмасдан, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қиладиган ҳал қилув қарори қабул қилган.
Бундан ташқари даъвонинг банк филиалига нисбатан Марказий банк бошқарувининг 2010 йил 7 январдаги 2, 2010-1, 39/4-сонли қарорига асосан тасдиқланган «Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари бажарилмаганлиги сабабли ҳисобланган 1 182 600 сўм устама суммасига жарима қўллаш ҳақидаги талаби муҳокама қилинмаган, молиявий жарима суммасининг ҳисоб-китоби қанчалик тўғрилиги текширилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Судлов ҳайъати биринчи инстанцияси суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмасдан суд ҳужжати қабул қилинганлиги сабабли, уни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқоридаги камчиликларни бартараф этиб,
1) ишга «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБни жавобгар сифатида жалб этиш;
2) даъво талабларининг ҳар бирини муҳокама қилиб, тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларга, ишдаги ва тўпланган далилларга, тарафларнинг важларига ҳуқуқий баҳо бериш;
3) молиявий жарима суммасининг ҳисоб-китоби қанчалик тўғрилигини текшириш;
4) моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.
2016 йил 14 сентябрь,
10-1513/18-сон