Фарғона вилоят ҳокимининг
Қарори
Вилоят аҳолисини ичимлик суви меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 июлдаги «Уй-жой-коммунал хизматларнинг ўз харажатларини ўзи қоплашига босқичма-босқич ўтиш муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 271-сонли ҳамда 2014 йил 15 июлдаги «Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувини чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари тўғрисида»ги 194-сонли (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 30-сон, 368-модда) қарорларига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг 2011 йил 19 январдаги 1, 2 ва 01-88-cон қарори билан тасдиқланган Коммунал хизматларга тарифларни шакллантириш ва рентабелликнинг чекланган даражасини жорий этиш бўйича низом (рўйхат рақами 2198, 2011 йил 19 февраль), (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 7-8-сон, 76-модда) ижросини таъминлаш ҳамда вилоятдаги сув ҳисоблагичлари билан таъминланмаган аҳоли истеъмолчиларини ичимлик суви истеъмол меъёрларини белгилаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 21 январдаги 05/5-19-сон топшириғи раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Вилоятдаги сув ҳисоблагичлари билан таъминланмаган аҳоли истеъмолчиларини КМК 2.04.02-97 қоидалари асосида хўжалик-маиший ичимлик суви истеъмол меъёрларига асосланиб, бир киши учун сарфланаётган ичимлик суви меъёрларини аниқлаш бўйича вилоят «Сувоқова» унитар корхонаси томонидан тузилган далолатномалар асосида:
шаҳар ҳудудидаги ҳовли уй-жойлардаги бир киши учун ойлик ичимлик сувини умумий сарфлаш меъёри 25 м3;
туман ҳудудидаги ҳовли уй-жойлардаги бир киши учун ойлик ичимлик сувини умумий сарфлаш меъёри 15 м3;
кўп қаватли уй-жойлардаги бир киши учун ойлик ичимлик сувининг умумий сарфлаш меъёри 10,6 м3;
ҳхудудлардаги мавжуд кўча жўмракларидан фойдаланиш учун ойлик ичимлик сувининг умумий сарфлаш меъёри 4,2 м3 этиб белгилансин.
3. Вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси (Юлдашев) шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда вилоят аҳолиси учун хўжалик-маиший ичимлик суви истеъмол меъёрлари ўзгарувчан миқдор бўлиб, ижтимоий иқтисодий вазиятга, демографик тусдаги ўзгаришларга боғлиқ бўлганлиги учун йилда бир маротаба ўрганиб, вилоят ҳокимлигига таклиф киритсин.
4. Вилоят Молия бошқармаси (Ортиқов), вилоят «Сувоқова» давлат унитар корхонаси (Юлдашев), шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда вилоятдаги ичимлик суви таъминоти мавжуд ҳамда сув ҳисоблагичлари билан таъминланмаган соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими, академик лицейлар ва олийгоҳлар бўйича амалдаги КМК 2.04.02-97 қоидалари асосида ичимлик суви истеъмол меъёрларини ўрганиб, асосий харажатларда молиялаштириш чораларини кўриб борсинлар.
5. Вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (Якубов) вилоятдаги ичимлик суви манбаларидан лаборатория таҳлилларини доимий олиб борсин.
6. Мазкур истеъмол меъёрлари 2016 йилнинг 1 апрель кунидан бошлаб, шаҳар ва туманларда сув ҳисоблагичи мавжуд бўлмаган аҳоли истеъмолчилар учун қўлланилсин.
7. Мазкур қарор билан вилоят ҳокимининг 2006 йил 16 февралдаги «Ичимлик суви меъёрларини тасдиқлаш ҳақида»ги 24-ф-сонли фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. «Фарғона ҳақиқати» ва «Ферганская правда» газеталари таҳририяти (Собиров) ва вилоят комьпютерлаштириш маркази давлат унитар корхонаси (Махмудов) мазкур қарорни расмий эълон қилсинлар ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирсинлар.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Зокиров зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ш. ҒАНИЕВ
Фарғона ш.,
2016 йил 16 март,
90-сон