Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ-111-сонли «Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ташқи бозорларда талаб юқори бўлган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш экспортёрлар томонидан ортиб жўнатилаётган маҳсулот қийматининг 100 фоизи олдиндан хорижий валютада тўланган ҳақини олганида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга оширилади. Бунда «Ўзагроэкспорт» АЖга ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини куйидаги шартларда экспорт қилишга рухсат берилади:
ортиб жўнатилаётган мева-сабзавот қийматининг камида 30 фоиз ҳақи олдиндан тўланади, қолган қисмига эса тасдиқланган банк аккредитиви очилади ёки биринчи даражали хорижий банкнинг кафолати расмийлаштирилади;
олдиндан ҳақ тўламасдан, тасдиқланган банк аккредитивини очмасдан ёки биринчи даражали хорижий банк кафолатини расмийлаштирмасдан — «Ўзагроэкспорт» АЖнинг чет элларда очилган савдо уйларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор шериклар бўлмиш етакчи хорижий импорт қилувчи ташкилотларга.
Тадбиркорлик субъектлари ҳам ушбу банднинг саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида кўрсатилган шартларда, «Ўзагроэкспорт» АЖ билан комиссия шартномасини тузиш йўли билан ҳўл мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишлари мумкин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги ПФ-5287-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2017 й., 06/17/5287/0425-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги ПФ-5287-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган)
3. 2016 йил 20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг иловага мувофиқ айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилсин.
4. «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 19 сентябрь,
ПҚ-2603-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 сентябрдаги ПҚ-2603-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2016 йил 20 сентябрдан бошлаб киритилаётган ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида» 2016 йил 7 апрелдаги ПҚ-2515-сон қарорининг 6-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 12 апрелдаги ПҚ-2520-сон қарорининг 3-бандида:
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирдаги олтинчи — тўққизинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш юклаб жўнатилаётган маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шарти билан амалга оширилади, қолган қисмига эса тасдиқланган банк аккредитиви очилади ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирилади.
Бунда «Ўзагроэкспорт» АЖ ихтисослаштирилган ташқи савдо компанияси янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт контрактлари асосида, шунингдек фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирмалар ва қайта ишловчи корхоналар билан тузилган комиссия шартномалари бўйича, олдиндан тўловсиз, тасдиқланган банк аккредитиви очмасдан ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолатини расмийлаштирмасдан ва ҳисоб-китоблар тўғрисида маълумотнома тақдим этмасдан:
«Ўзагроэкспорт» АЖнинг чет элда очилган қўшма корхоналари ва савдо уйлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича ишончли ва узоқ муддатли шериклар ҳисобланадиган етакчи хорижий ташкилотлар — импорт қилувчилар манзилига чиқариш ва сотиш ҳуқуқига эга»;
еттинчи — тўққизинчи хатбошилар тегишли равишда ўнинчи — ўн иккинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 38-сон, 447-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.12.2017 й., 06/17/5287/0425-сон; 23.02.2019 й., 06/19/5668/2652-сон)