Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг
Қарори
Умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 3 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2820]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 24 декабрдаги ПҚ-1449-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги қарор қилади:
1. Умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Халқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 12 июль,
7-мҳ-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 12 июль,
52-сон
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2016 йил 12 июлдаги 7-мҳ, 52-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловини ундириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 24 декабрдаги ПҚ-1449-сон «Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловини (бундан буён матнда тўлов деб юритилади) ундириш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом талаблари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган умумий ўрта таълим муассасалари ва айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига (бундан буён матнда умумий ўрта таълим муассасалари деб юритилади) татбиқ этилади.
2. Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг (мактаблар, мактаб-интернатлар) узайтирилган кун гуруҳлари Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 13 сентябрдаги 256-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар) тўғрисидаги низомга мувофиқ фаолият юритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳларида тўлов ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида ундирилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 12 августдаги 38-ққ, 90-сонли қарори (рўйхат рақами 2820-1, 26.08.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон — 2019 йил 1 сентябрдан кучга киради)
4. Умумий ўрта таълим муассасаларининг узайтирилган кун гуруҳидаги болалар сони 25 — 30 нафар этиб белгиланади.
2-боб. Тўловни амалга ошириш
5. Тўлов ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бундан буён матнда ота-оналар деб юритилади) билан умумий ўрта таълим муассасаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
6. Ота-оналар томонидан шартнома шартларининг лозим даражада бажарилмаслиги, шу жумладан тўловнинг шартномада белгиланган миқдорда узрли сабабларсиз тўланмаслиги боланинг умумий ўрта таълим муассасаси узайтирилган кун гуруҳларида бўлишини тўхтатиш учун асос бўлади.
7. Умумий ўрта таълим муассасаси узайтирилган кун гуруҳлари учун тўланадиган тўлов ўқув йили (сентябрь — май ойлари) давомида ойма-ой тўлаб борилади. Жорий ой учун тўлов шу ойнинг ўнинчи санасидан кечиктирмасдан амалга оширилади.
8. Тўлов тижорат банки орқали исталган шаклда (нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда, шу жумладан банк пластик карточкалари орқали ва пул ўтказиш йўли билан) тўланади. Бунда тўловнинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси умумий ўрта таълим муассасасига тақдим этилади.
9. Тўлов умумий ўрта таълим муассасасига хизмат кўрсатувчи тегишли ғазначилик бўлинмасининг ҳудудий ғазначилик ҳисобварағига ўтказилади ва тегишли умумий ўрта таълим муассасасининг шахсий ғазначилик ҳисобварағида ундан кейинчалик фойдаланиш учун ҳисобга олинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. Тўлиқ қатнашилмаган кунлар учун тўлов ҳисоб-китоби
10. Ота-онанинг ёзма аризасига асосан, боланинг узайтирилган кун гуруҳига қатнаши вақтинчалик ёки бутунлай тўхтатиладиган тақдирда, тўлов тўлиқ бўлмаган ой учун, яъни бола амалда узайтирилган кун гуруҳига қатнашадиган кунлар учун тўланади.
11. Боланинг ўзи ёки оила аъзоларининг касаллиги, карантин, шунингдек ота-оналарнинг меҳнат таътили пайтида ёки бошқа сабабларга кўра бола узайтирилган кун гуруҳига кетма-кет уч кундан ортиқ келмаган тақдирда, ота-онанинг ёзма аризасига асосан, ушбу кунлар учун олдиндан амалга оширилган тўлов кейинги ойлар учун тўловни амалга оширишда ҳисобга олинади.
Бунда боланинг узайтирилган кун гуруҳига келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги ой учун тўлов суммаси чиққан суммага камайтирилади.
12. Бир кунлик тўлов миқдори ойлик тўлов миқдорини узайтирилган кун гуруҳи иш кунларининг режадаги сонига бўлиш йўли билан аниқланади.
13. Боланинг узайтирилган кун гуруҳига қатнаши вақтинча ёки бутунлай тўхтатилиши тўғрисида ота-онанинг ёзма аризаси бўлмаган ҳолларда тўлов тўлиқ ой учун ҳисобланади ва умумий асосларда ундирилади.
14. Тўланиши белгиланган охирги кундан бошлаб икки ҳафта мобайнида тўлов белгиланган миқдорда ва узрли сабабларсиз тўланмаган тақдирда, боланинг умумий ўрта таълим муассасаси узайтирилган кун гуруҳида бўлиши тўхтатилади.
15. Тўлов амалга оширилмаганлиги оқибатида келиб чиққан қарздорлик тўлиқ бартараф этилмагунга қадар боланинг умумий ўрта таълим муассасаси узайтирилган кун гуруҳига қатнашига рухсат берилмайди ҳамда қарздорлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида базавий ҳисоблаш миқдори ўзгарган ҳолларда, базавий ҳисоблаш миқдори ўзгарган санадан бошлаб тўлов қайта ҳисоб-китоб қилинади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 12 августдаги 38-ққ, 90-сонли қарори (рўйхат рақами 2820-1, 26.08.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон — 2019 йил 1 сентябрдан кучга киради)
4-боб. Тўловдан озод қилиш
17. Умумий ўрта таълим муассасасининг узайтирилган кун гуруҳларига қатнайдиган болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисидаги маълумотномага ва умумий ўрта таълим муассасаси кузатув кенгашининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 12 августдаги 38-ққ, 90-сонли қарори (рўйхат рақами 2820-1, 26.08.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ўқув йилининг 25 сентябрь санасига қадар умумий ўрта таълим муассасаси директорининг буйруғи билан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Тўловдан озод қилинган болаларнинг умумий ўрта таълим муассасаси узайтирилган кун гуруҳларига қатнаши тўхтатилиши натижасида бўшаб қолган ўринлар тўловдан озод қилинган болалар рўйхатига кирмай қолган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобига тўлдирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Тўловдан тушадиган маблағлардан фойдаланиш
21. Тўловдан тушган маблағлар умумий ўрта таълим муассасаси узайтирилган кун гуруҳларининг тарбиячилари (бундан буён матнда тарбиячи деб юритилади) меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларига мақсадли тартибда йўналтирилади.
22. Тарбиячиларнинг ойлик иш ҳақи миқдори педагог ходимлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Тарбиячиларга меҳнат таътили бериш меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Меҳнат таътили муддати белгиланган тартибда ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Тарбиячиларнинг меҳнат ҳақи ва меҳнат таътили ҳақига тўловлар амалга оширилганидан кейин бўшаб қолган маблағлар уларни моддий рағбатлантириш харажатларига, шунингдек кузатув кенгашининг розилиги билан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатларга эркин йўналтирилиши мумкин.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 12 августдаги 38-ққ, 90-сонли қарори (рўйхат рақами 2820-1, 26.08.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Узайтирилган кун гуруҳларининг бухгалтерия ҳисобини юритиш умумий ўрта таълим муассасасининг бухгалтерияси ёки халқ таълими туман (шаҳар) бўлимларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари томонидан амалга оширилади.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 12 августдаги 38-ққ, 90-сонли қарори (рўйхат рақами 2820-1, 26.08.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек тўловлардан тушадиган маблағларнинг кирим қилиниши ва сарфланиши ҳисоботларини тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7-боб. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Умумий ўрта таълим муассасасининг директори ва бош бухгалтери (бухгалтерлари) ёки халқ таълими туман (шаҳар) бўлимларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматининг бош бухгалтери тўловларнинг мақсадли сарфланиши учун жавобгар ҳисобланади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 12 августдаги 38-ққ, 90-сонли қарори (рўйхат рақами 2820-1, 26.08.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
28. Тўловлардан тушган маблағларнинг ўз вақтида қабул қилиниши ҳамда мақсадли сарфланиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси ҳамда тегишли ҳудудий бўлимлари томонидан олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари халқ таълими муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари бўйича харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш юзасидан дастлабки ва жорий назоратни амалга оширади.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2019 йил 12 августдаги 38-ққ, 90-сонли қарори (рўйхат рақами 2820-1, 26.08.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 31-сон, 383-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2019 й., 10/19/2820-1/3644-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 11.06.2024 й., 10/24/2820-2/0414-сон; 11.08.2025 й., 10/25/2820-3/0719-сон; 05.08.2026 й., 10/26/3918/0818-сон)