Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ПРЕЗИДЕНТ КУБОГИ УЧУН ҲАР ЙИЛГИ ТЕННИС ТУРНИРИ БЮДЖЕТИНИ МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА ҚАТНАШУВЧИ ҲОМИЙЛАРНИ СОЛИҚЛАРДАН ОЗОД ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 июндаги 168-сонли «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ватанимиз теннисини ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш ва вазирликлар, идоралар, бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ҳар йили ўтказиладиган Президент кубоги теннис турнирида ҳомий сифатида қатнашишини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахсларнинг, шу жумладан хорижий юридик шахсларнинг, шунингдек жисмоний шахсларнинг ҳар йилги Президент кубоги теннис турнирини маблағ билан таъминлашга йўналтирилган маблағлари фойда (даромад)га солиқ солинадиган базадан чиқариб ташланади.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 28 май,
273-сон
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 5-сон, 29-модда)