Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг
буйруғи
Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш авиация қоидаларини (ЎзР АҚ-44) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 14 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2811]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги директорининг 2025 йил 22 январдаги 3196-сонли ««Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш» Ўзбекистон Республикаси авиация қоидаларини (AR-AIR-002) тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3608, 19.02.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 41-моддасига мувофиқ буюраман:
1. Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш авиация қоидалари (ЎзР АҚ-44) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Бошлиқ Т. ЎЛЖАЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 27 июнь,
81-Н-сон
Ўзбекистон Республикаси парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2016 йил 27 июндаги 81-Н-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш
АВИАЦИЯ ҚОИДАЛАРИ (ЎзР АҚ-44)
Мазкур Авиация Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 41-моддасига мувофиқ фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Авиация қоидалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемаларининг давлат реестрида рўйхатга олинган фуқаро ҳаво кемалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси эксплуатанти томонидан ижарага олинган чет эл фуқаро ҳаво кемаларига (бундан буён матнда ҳаво кемаси деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.
2. Ҳаво кемасига Фуқаро ҳаво кемасининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси қайд этилади.
3. Ҳаво кемасига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисидан ташқари бошқа қўшимча белгилар ҳам қайд этилиши мумкин.
4. Экспериментал ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш Экспериментал ҳаво кемаларини давлат ҳисобига олиш Ўзбекистон Республикасининг авиация қоидаларида (ЎзР АҚ-46) (рўйхат рақами 1452, 2005 йил 16 февраль) белгиланган тартибда амалга оширилади.
2-боб. Ҳаво кемасига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд этиш
5. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси:
ҳаво кемаси фюзеляжининг ҳар икки томонига унинг қанотлари ва дум қанотлари орасига (бунда белгилар фюзеляж горизонтали билан бир йўналишга қаратилган ҳолда ва горизонталига нисбатан перпендикуляр ҳолда жойлаштирилиши керак), ҳаво кемаси фюзеляжининг қанотлари ва дум қанотлари орасида белгиларни қайд этиш учун жой бўлмаганда эса, ҳаво кемасининг вертикал дум қаноти пастки қисмига икки томонидан;
ҳаво кемаси чап қаноти конструкцияси пастки юзасининг ўртасида (бунда белгилар қанотнинг олд қисмига параллел ҳолда жойлаштирилиши керак) қайд этилади.
Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси вертолётда унинг дум балкасининг ҳар икки томонига қайд этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Давлат таниш белгиси рўйхат белгисидан олдин қайд этилади.
7. Рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси ҳарфлар, рақамлар ёхуд ҳарфлар ва рақамлар комбинациясидан ташкил топиши мумкин.
Рўйхат белгиси ҳарф билан бошланса, ундан олдин дефис қўйилади.
8. Ҳарфлар лотин алифбосининг бош ҳарфларидан, рақамлар эса, араб рақамларидан ташкил топади. Ҳарф ва рақамлар бир хил ўлчамда, нақшларсиз бўлиши лозим.
9. Ҳаво кемаси фюзеляжида ҳамда вертикал дум қанотида (шу жумладан, вертолётнинг дум балкасида) қайд этиладиган ҳарф ва рақамларнинг баландлиги 30 см дан, ҳаво кемасининг қанотида қайд этиладиган ҳарф ва рақамларнинг баландлиги эса, 50 см дан кам бўлмаслиги лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Ҳарф ва рақамларнинг кенглиги («I» ҳарфи ва «1» рақамидан ташқари) ҳамда дефиснинг (агар қўлланилса) узунлиги ҳарф ва рақамлар баландлигининг учдан икки қисмига тенг бўлиши лозим.
11. Ҳарфлар ва рақамларнинг орасидаги масофа ҳарф ва рақамлар кенглигининг тўртдан бир қисмига тенг бўлиши керак. Бунда дефис алоҳида ҳарф сифатида қабул қилинади.
12. Ҳарфлар, рақамлар ва дефислар узлуксиз чизиқ билан фоннинг равшанлигини таъминловчи рангда (масалан, оч фонда қора ранг ёки қора фонда оқ рангда) туширилиши лозим.
13. Ҳарфлар, рақамлар ва дефислар чизиғининг қалинлиги ҳарф ва рақамлар баландлигининг олтидан бир қисмига тенг бўлиши керак.
14. Ҳаво кемасига рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд этишда сақланиш хусусиятини йўқотмайдиган бўёқ ёки шунга ўхшаш воситалардан фойдаланилади.
15. Ҳаво кемасида унинг рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси қайд этилиши лозим бўлган қисмлари (фюзелаж, қанот, вертикал дум қанот, балка) бўлмаса ёки мазкур қисмлар ўлчами тегишли ўлчамдаги рўйхат белгисини ва давлат таниш белгисини қайд қилиш учун кичик бўлса, белгилар ҳаво кемасини тезда аниқлаш имконини берадиган ўлчамларда қайд этилиши лозим.
3-боб. Фуқаро ҳаво кемасига қўшимча белгиларни қайд этиш
16. Ҳаво кемасининг ташқи конструкцияси элементларига қайд этиладиган қўшимча белгиларга — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангли тасвири ва бошқа рамзлар, ёзувлар ҳамда нишонлар тасвирлари киради. Улар ҳаво кемасининг ташқи юзасига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси кўринишини ёмонлаштирмайдиган тарзда қайд этилади.
17. Ҳаво кемасининг ташқи ва ички конструкцияси элементларига унинг эксплуатация ҳужжатларига мувофиқ маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар тарзида қўшимча белгилар ҳам қайд этилади.
Ҳаво кемасининг эксплуатация ҳужжатларида назарда тутилган тақдирда, унда мазкур Авиация қоидаларининг иловасида кўрсатилган маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар қайд этилади.
18. Ҳаво кемасининг асосий кириш йўлаги ёнида кўринадиган жойга ўйма усулда ҳаво кемасининг давлат ва инглиз тилларидаги тури, унинг рўйхат белгиси ва давлат таниш белгиси ҳамда завод рақами (серияси) кўрсатилган танитувчи табло ўрнатилиши лозим.
Танитувчи табло иссиқликка дош берувчи оловга чидамли моддадан тайёрланган бўлиши лозим.
Фуқаро ҳаво кемаларига рўйхат белгиси ва давлат таниш белгисини ҳамда бошқа белгиларни қайд этиш авиация қоидаларига (ЎзР АҚ-44)
ИЛОВА
ИЛОВА
Маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар
РЎЙХАТИ
1. Ҳаво кемасининг ташқи конструкцияси элементлари юзасига қайд этиладиган белгилар ва ёзувлар:
асосий чиқиш йўлаги, авария чиқиш йўлаклари, юк бўлинмалари эшиклари ва люкларининг очиш йўриқномасини кўрсатувчи маркировка белгилари;
авария ҳолатида ҳаво кемасини тарк этиш йўлакларини кўрсатувчи маркировка белгилари;
фюзеляжни авария ҳолатида очиш жойини билдирувчи маркировка белгилари;
хавфли зоналарнинг жойлашувини билдирувчи тушунтирувчи ёзувлар;
ёнилғи тизими ва ёқилғи қуйиш жойини билдирувчи маркировка белгилари.
2. Ҳаво кемасининг ички конструкцияси элементлари юзасига (учувчилар кабинаси ва юк бўлинмалари бундан мустасно) қайд этиладиган белгилар ва ёзувлар:
авария ҳолатида йўловчиларни эвакуация қилишда ҳаво кемасини тарк этиш йўлакларини билдирувчи маркировка белгилари;
авария ҳолатида ҳаво кемасидан чиқиш жойини кўрсатувчи маркировка белгилари;
авария воситалари жойлашган жойларни билдирувчи маркировка белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар;
ошхона, ҳожатхона, кийим илиш жойини билдирувчи маркировка белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар.
3. Учувчилар кабинаси ва юк бўлинмаларида қайд этиладиган белгилар ва ёзувлар:
рухсат этилган тезликни билдирувчи маркировка белгилари (трафаретлар);
бошқарув органларини билдирувчи тушунтирувчи ёзувлар;
юкни жойлаштириш жойи ва йўриқномасини кўрсатувчи маркировка белгилари (трафаретлари) ва тушунтирувчи ёзувлар.
Изоҳ: ҳаво кемасида мазкур Рўйхатда кўрсатилмаган, бироқ ҳаво кемасининг эксплуатация ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маркировкаланган белгилар ва тушунтирувчи ёзувлар қайд этилиши мумкин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 28-сон, 344-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2017 й., 10/17/2811-1/0480-сон)