Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Агар Фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин
[Кўчирма]
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси (бундан буён матнда — Палата) «Косон деҳқон (озиқ-овқат) бозори» МЧЖ (бундан буён матнда — даъвогар) манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ЯТТ Муйинов Жамшиддан (бундан буён матнда — жавобгар) бозор инфратузилмасидан фойдалангани учун 4 632 200 тўловни ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2015 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 4 632 200 сўм ундирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида даъвогар билан 2014 йил 10 январда тузилган 22-сонли шартномага асосан бозор инфратузилмасидан фойдаланганлиги учун тўловларни тўлиқ амалга ошириб келганлиги, даъвогар олдида қарздорлиги мавжуд эмаслиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни ишдаги ҳужжатлар билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Косон туман ҳокимининг 2010 йил 24 майдаги 495/05-сонли қарорига асосан Косон тумани, Янгиобод МФЙдаги Косон деҳқон бозори ҳудудида жойлашган 117,0 квадрат метр ер участкаси доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан жавобгарга тегишли эканлиги ҳақида 2012 йил 20 мартда Косон тумани хўжалик ҳисобидаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати томонидан OY 487822-сонли гувоҳнома берилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 6 мартдаги 2336-сонли рақам билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2012 йил 24 февралдаги 22-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 24 февралдаги 2012-13-сонли «Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорларини белгилаш» тўғрисидаги қўшма қарорининг 3-бандида бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида қурилган хўжалик юритувчи субъектларга тегишли ер ва мулкка эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлган бино, иншоот ҳамда қурилмалар эгаларидан бозор инфратузилмасидан фойдаланганлик учун 1 квадрат метрга бир марталик ойлик тўлов белгиланган.
Шунга кўра, тарафлар ўртасида 2014 йил 10 январда «Бозор инфратузилмасидан фойдаланиш» тўғрисида 22-сонли шартнома тузилган. Ушбу шартноманинг 2.2-бандига кўра жавобгар даъвогар ҳудудида жойлашган 117,0 кв.метрдан иборат савдо дўкони жойлашган бинога бозор инфратузилмасидан фойдалангани учун Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2013 йил 8 февралдаги Х-61/02-сонли қарори билан тасдиқланган 3-иловага мувофиқ бир ойга 257 400 сўм, бир йилга 30 888 000 сўм тўловларни амалга ошириши, коммунал тўловлар (супуриб сидириш хизмати) учун ҳар ойда 3000 сўмдан, бир йилга 36 000 сўм тўловларни амалга ошириши лозим бўлган.
Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2015 йил 26 январдаги «Вилоятдаги бозорлар ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, бино иншоот ва ер майдонларидан ундириладиган тўловлар ҳамда кўрсатиладиган хизматларнинг янги миқдорларини белгилаш тўғрисида»ги Х-49/01-сонли қарори билан тасдиқланган иловага мувофиқ савдо комплекслари ҳудудида қурилган хўжалик юритувчи субъектларга тегишли бино, иншоот ва қурилмалар эгаллаган ер майдонларидан ҳамда бозор хизматларидан фойдаланганлик учун ойлик тўлов 1 квадрат метр учун 5 500 сўм қилиб белгиланган.
Шунга кўра, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар савдо дўкони эгаллаган ер майдони 117,0 кв. метр учун Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2015 йил 26 январдаги Х-49/01-сонли қарорига асосан бозор инфратузилмасидан фойдаланганлиги учун 117,0 х 5 500 = 643 500 сўм тўловни амалга ошириши лозимлиги, лекин жавобгар 2015 йил 1 февраль куни ҳолатига 4 632 200 сўм тўловни амалга оширмасдан келаётганлигини асос қилиб, жавобгардан 4 632 200 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ аниқланмасдан, даъвони қаноатлантириш ҳақида нотўғри хулосага келинган.
Тарафлар ўртасида тузилган 2014 йил 10 январдаги 22-сонли шартноманинг 5.2-бандида ушбу шартномани бажариш, ўзгартириш ва унга амал қилиш ҳамда бекор қилишда пайдо бўлган баҳслар хўжалик суди орқали ҳал қилиниши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда — ФК) 382-моддасида агар ушбу Кодексда, бошқа қонунларда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин.
Тарафлардан бирининг талаби билан шартнома суд томонидан фақат иккинчи тараф шартномани жиддий равишда бузса, ушбу Кодекс, бошқа қонунлар ва шартномада назарда тутилган ўзга ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Бироқ, тарафлар ўртасида 2014 йил 20 февралда тузилган 22-сонли шартномага Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2015 йил 26 январдаги Х-49/01-сонли қароридан келиб чиқиб, ўзгартириш киритилмаган.
Гарчанд, даъвогар Қашқадарё вилоят ҳокимининг ушбу қарорига асосан жавобгарга шартномага ўзгартириш киритиш юзасидан таклиф хати юборилганлиги, лекин жавобгар бош тортганлигини важ қилиб келтирган бўлсада, жавобгарга таклиф хати юборилганлиги, жавобгар шартнома лойиҳасини имзолашдан бош тортганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас.
Қолаверса, жавобгар шартномага ўзгартириш киритишга эътироз билдирган ҳолда, даъвогар шартнома шартидан ҳамда қонун талабидан келиб чиқиб, хўжалик судига шартномага ўзгартириш киритиш юзасидан даъво аризаси билан мурожаат қилиши лозим эди.
Бироқ, тарафлар ўртасида тузилган шартномага ўзгартириш киритилмаган бўлсада, даъвогар Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2015 йил 26 январдаги Х-49/01-сонли қарорини асос қилиб, жавобгардан бозор инфратузилмаси учун 4 632 200 сўм тўловни ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди томонидан ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилмасдан, даъвони қаноатлантириш ҳақида нотўғри тўхтамга келинган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда — ХПК) 188-моддаси биринчи қисмига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни, даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни, ишни биринчи инстанция суди ва кассация инстанцияси судларида кўрилиши билан боғлиқ суд харажатларини даъвогар зиммасига юклашни, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини даъвогардан ундиришни лозим топади.
2016 йил 22 февраль,
18-1506/20711-сон