Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса хўжалик суди иш юритишни тугатади
[Кўчирма]
Элликқалъа туман давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда — даъвогар) хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, «Янгиобод Азамати» фермер хўжалигининг (бундан буён матнда — жавобгар) мол-мулки ҳисобидан 2 345 792 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация протестида даъвогар судга мурожаат қилганда жавобгарнинг қарздорлиги энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробаридан кам бўлганлиги баён қилиниб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво бўйича иш юритишни тугатиш сўралган.
Судлов ҳайъати протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатишни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарнинг мол-мулки хисобидан 2 345 792 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантиришда қуйидагиларга асосан барвақт хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги 1887-сонли Қарорининг 4-банди 3-хатбошида кўрсатилган 26-иловага мувофиқ «Ундирилишини солиқ тўловчининг мулкига қаратиш учун солиқ қарздорлигининг энг кам миқдори, юридик шахслар ва унинг алоҳида бўлимлари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари, жисмоний шаҳслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида» белгиланган.
Даъвогар судга мурожаат қилган даврда энг кам ойлик иш ҳақи 118 400 сўмни ташкил қилган бўлиб, даъво қилинган сумма 2 345 792 сўм бўлиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробаридан камдир.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 86-моддаси 1-қисмига асосан низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса хўжалик суди иш юритишни тугатади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида»ги 161-сонли қарорининг 1-бандида суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши, қайд этилган талабларга риоя этмаслик қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Юқоридагиларга асосан судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва иш юритишни тугатишни, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатларини даъвогардан ундиришни лозим топади.
2015 йил 15 декабрь,
23-1508/10354-сон