Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2003 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2003 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2003 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2003 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджетининг даромадлари унинг харажатларидан 17,7 миллиард сўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи-ички маҳсулотга нисбатан 0,5 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати (Ў. Султонов):
бюджетнинг биринчи навбатдаги харажатларини, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилиш тадбирларини, инвестициялаш дастурини ва бошқа тадбирларни ана шу мақсадлар учун Марказий банк кредитларини жалб этмасдан, Давлат бюджети тақчиллиги тасдиқланган миқдорининг қатъий доирасида тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш;
кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг қўшимча омилларини яратиш ва ишга солиш, кичик ва ўрта бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, валюта бозорини янада эркинлаштириш, қишлоқда ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштириш ва фермер хўжаликларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришларни тўғридан-тўғри ташқи ва ички инвестицияларни жалб этиш ҳисобига янада, замонавийлаштириш ва янгилаш, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган рақобатбардош маҳсулот билан тўлдириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори тегишли минтақалар бўйича бюджет даромадлари кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилишини, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар кўриш ва шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 29 август,
517-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 131-модда)