Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 13 ноябрда тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилга мўлжалланаётган макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети параметрлари қабул қилинсин, шунингдек Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
иқтисодиётни янада эркинлаштириш ҳамда ундаги таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари учун қулай муҳитни таъминлаш, республиканинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, хусусий сектор кўламларини кенгайтириш, тадбиркорликнинг ривожланиши учун кафолатларни мустаҳкамлаш ва мақбул шароитлар яратиш, шунингдек солиқ юкини изчиллик билан камайтириб бориш ҳамда солиқ бошқарувини такомиллаштириш, Давлат бюджетининг умумий харажатларида дотациялар улушини камайтириш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттирсин;
иқтисодиётнинг барқарор юқори суръатлар билан ўсиши сақлаб қолинишини, мамлакатнинг макроиқтисодий ва молиявий барқарорлиги янада мустаҳкамланишини, аҳоли фаровонлиги ошишини ҳамда инфляция суръатлари жиловлаб турилишини назарда тутадиган иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини таъминласин;
аҳолининг турмуш даражаси ошишига ижобий таъсир кўрсатадиган давлат харажатларининг, шу жумладан таълимни ривожлантиришга, тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини тараққий топтиришга қилинадиган харажатларнинг устуворлигини белгилаб қўйсин;
фермер хўжаликларини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда ерларнинг унумдорлигини ошириш мақсадида унумдорлиги паст ерларда пахта етиштираётган фермер хўжаликларига давлат томонидан ёрдам кўрсатсин;
бюджет маблағлари мақсадли ишлатилиши устидан қаттиқ назорат қилиб борилишини таъминласин, Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини такомиллаштириш, молиялаштиришнинг бюджетдан ажратилган маблағлардан самарали ва ўз ўрнида фойдаланилиши даражасини ошириш имконини берадиган норматив усулларини қўллаган ҳолда харажатларни мақбуллаштириш ишини давом эттирсин;
Давлат бюджети тақчиллигини республика бюджетининг бўш, зарурий айланма касса маблағлари ҳажмидан ортиқча қолдиқлари ҳамда бошқа ноинфляциявий манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг солиқ базасини кенгайтириш ҳамда молиявий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий ҳамда таъсирчан назорат ўрнатсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 30 ноябрь,
410-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 11-сон, 561-модда)