Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2007 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2007 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2007 йил тўққиз ойидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Ҳисобот даврида Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,7 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аниқ мақсадга йўналтирилган пул-кредит сиёсатини ўтказиш, солиқ тушуми механизмини такомиллаштириш, самарали инвестиция сиёсатини амалга ошириш асосида Давлат бюджети харажатлари самарадорлигини янада ошириш ва унинг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришни таъминласин, бунда «Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишини, минтақаларнинг молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан таъсирчан чоралар кўришни ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетлар харажатларини молиялаштиришни таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 28 ноябрь,
673-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 11-сон, 556-модда)