Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджетининг Ўзбекистон Республикаси Хукумати томонидан тақдим этилиб, муҳокама қилиш мобайнида Қонунчилик палатаси депутатларининг таклиф ва мулоҳазалари ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
иқтисодий ривожланишнинг барқарор ва мувозийлашган суръатларини, аҳолининг даромадлари ва турмуш сифати изчил ўсишини таъминласин;
солиқ сиёсатини янада эркинлаштиришни ва кичик бизнес субъектлари ривожланишини хар томонлама қўллаб-қувватлашга, иқтисодиётга чет эл инвестициялари тўғридан-тўғри кириб келишини ва мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини рағбатлантиришга, банкларнинг инвестиция бозоридаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган солиқ бошқарувини соддалаштиришни давом эттирсин;
маориф ва соғлиқни сақлаш тизимларида хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишни, шунингдек аҳолининг муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоялашни таъминлашни назарда тутадиган давлат харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолсин;
ерларнинг мелиоратив ҳолатини оширишга мақсадли маблағлар ажратиш орқали фермер хўжаликларини янада қўллаб-қувватлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин;
бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг асоссиз сарфланишини бартараф этиш устидан ғазначилик ижроси тизими воситасида қатъий назорат қилинишини бундан буён ҳам таъминлаш борасидаги ишларни давом эттирсин;
Давлат бюджети тақчиллигини республика бюджетининг зарурий айланма касса маблағи ҳажмидан ортиқча бўлган республика бюджетининг эркин қолдиқлари ҳамда инфляцияга тааллуқли бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласинлар, минтақаларнинг солиқ солиш базаси кенгайтирилиши ва молиявий салоҳияти мустаҳкамланиши юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
5. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосари А. РУСТАМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 9 ноябрь,
641-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 11-сон, 524-модда)