Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президенти Девонининг Ўзбекистон Мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президенти Девонининг Ўзбекистон Мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги Ўзбекистон мустақиллигининг ўн олти йили давридаги тарихий ўзгаришлар чуқур ва батафсил таҳлил этилган, Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий вазифалари ва устуворликлари белгилаб берилган маърузасини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Таъкидлансинки, мустақиллик йилларида мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ривожланишида эришилган натижалар Ўзбекистон танлаган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш йўли Ўзбекистон халқининг ҳозирги ва келажак авлодлари учун улкан имкониятлар ҳамда истиқболлар очганлигининг ишончли далилидир.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президенти Девонининг Ўзбекистон Мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисида баён этилган хулосалар, белгилаб берилган мақсад ва вазифалар асосида жамиятни янада демократлаштириш ва янгилашга, мамлакатни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилишга қаратилган қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятининг самарадорлигини оширсин.
3. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари сайловчилар билан учрашувларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари, жамоат бирлашмаларининг вакиллари билан яқин ҳамкорликда, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг оқсоқоллари ва фаоллари, олимлар, таълим, маданият ва санъат ходимлари иштирокида мамлакатни мустақил ривожлантириш даврида босиб ўтилган йўлнинг моҳияти, мазмуни ва аҳамиятини, мамлакатда кенг кўламда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида жамият олдида турган вазифаларни кенг тушунтириб борсинлар. Бу ишда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдаланилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мустақиллик йилларида халқимиз эришган ютуқларни ўз сайловчиларига етказиш борасидаги ишларни кучайтириш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 5 сентябрь,
588-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 9-сон, 425-модда)