Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2005 йил ва 2006 йилнинг ўн ойи мобайнидаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда бўлиб ўтган, 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 24 февралда ўтказилган бешинчи ялпи мажлисидаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш – фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 25 февралдаги 149-I-сонли Қарорининг 3-банди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ушбу вазифалар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган ҳаракат Дастурининг 8.5-бандини ижро этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2005 йил ва 2006 йилнинг ўн ойи мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, Сенат Кенгаши Қўмита томонидан ҳисобот даврида муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Қонунчилик фаолияти доирасида Қўмита Қонунчилик палатасидан келиб тушган учта қонун юзасидан хулоса тайёрлади. «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича хулоса тайёрланиб, ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғланиши ва Қонуннинг яхлитлиги таъминланмаганлиги сабабли уни рад этиш ҳақида таклиф киритилди. Бунинг натижасида Қонун Сенат қарори билан рад этилди. Иккита қонун бўйича Қўмита уларни маъқуллаш тўғрисида хулоса берди. Ушбу қонунлар Сенатнинг ялпи мажлислари муҳокамасига киритилди ва маъқулланди.
Қўмита назорат фаолиятини амалга ошира бориб, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг тизимига кирувчи таркибий бўлинмаларда, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, «Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси тўғрисида»ги Қонун Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитасида ва Фарғона вилоятининг чегара ҳудудларида, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлашга доир қисмининг Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўқув юртларида ижро этилишини ўрганди.
Ушбу масалаларни ўрганиш давомида юқорида кўрсатилган қонунларни амалга оширишдаги камчиликлар, хусусан, вазирлик ва идоралар давлат чегарасини ҳимоя қилиш ва қўриқлашда, ёшларни маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини ташкил этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролар йиғинлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар билан етарлича ҳамкорлик қилмаётганлиги аниқланди. Бу масалалар Қўмитанинг кенгайтирилган сайёр мажлисларида муҳокама қилиниб, улар юзасидан айтиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижро этиш учун вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларига юборилди. Ўз қарорларининг ижросини назорат қилиш натижалари асосида Қўмита юқорида зикр этилган органлар раҳбарларидан йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида маълумотлар олган.
Қўмита ўз иш фаолиятини ташкил этишда қуйи палатанинг тегишли қўмитаси, мудофаа ва хавфсизлик масалаларига дахлдор бўлган вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг доимий комиссиялари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борди.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан 13 та турли семинар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилди. Қўмита ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишларга муҳокама қилинадиган масалалар бўйича амалий таклифлар кирита оладиган олим ва мутахассисларни жалб этди, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги долзарб муаммоларни кўтариб чиқди, қуйи палатанинг тегишли қўмитаси билан ҳамкорлик қилди, у тадбирларда кенг жамоатчилик вакилларининг иштирокини таъминлади ва кўрилган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқди. Ушбу тадбирларни ўтказиш жараёнида Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолияти билан боғлиқ масалаларни олдиндан муҳокама тажрибаси ҳам синаб кўрилди.
Шу билан бирга, Қўмита ўз фаолиятида мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ қонунларнинг ҳавола этувчи нормалари талаблари қонуности ҳужжатларида қай даражада руёбга чиқарилганлигини ўрганишга етарли даражада эътибор бермаганлигини қайд этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2005 йил ва 2006 йилнинг ўн ойи мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2005 йил ва 2006 йилнинг ўн ойи мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда бўлиб ўтган, 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 24 февралда ўтказилган бешинчи ялпи мажлисидаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш – фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида Қўмита:
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда терроризм ва экстремизмга, сепаратизмга, наркотрафикка қарши кураш чораларини кучайтириш, шунингдек минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш масалаларида ташаббус кўрсатиши;
ўтказиладиган тадбирларни пухта тайёрлаш, амалий таклифлар ишлаб чиқишга олим ва мутахассисларни, жамоатчиликни кенгроқ жалб этиши;
назорат фаолиятининг самарадорлигини, парламент назоратининг таъсирчанлигини ошириши;
мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини доимий равишда жамоатчилик эътиборига етказиб туриши;
қабул қилинаётган қонунлар ва Қўмита қарорларининг ижросини таъминлаши;
назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштириши, қонунларнинг ижро этилишига доир назорат фаолияти масалаларини давра суҳбатларида дастлабки тарзда муҳокама қилишни Қўмитанинг амалий фаолиятига жорий этиши, қонунлар, Қўмита қабул қилган қарорлар ижросини, тавсиялар бажарилишини мониторинг қилишни кучайтириш чораларини кўриши, Қўмита қарорлари ижро этилиши учун давлат органлари ва бошқа органлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш масалаларига эътибор бериши зарур.
3. Қўмита Сенатнинг бошқа қўмиталари билан биргаликда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евросиё иқтисодий ҳамжамияти каби халқаро ташкилотлар билан мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш масалаларида ҳамкорликни таъмин этиш чораларини кучайтирсин, мудофаа ва хавфсизлик масалалари, шунингдек минтақадаги хавфсизликка таҳдидларга қарши кураш масалалари бўйича қабул қилинган қарорларни ижро этишда сенаторлар иштирокини таъминласин, давлатлараро ишчи гуруҳлари ишида парламент аъзоларининг иштирок этиши масалаларини кўриб борсин.
4. Қўмитанинг 2007 йилги иш режасини тузишда:
қонунларнинг мамлакат мудофаа салоҳияти ва хавфсизлиги билан боғлиқ ҳавола этувчи нормалари талаблари қонуности ҳужжатларида қай даражада руёбга чиқарилганлигини ўрганишга;
сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил қилиш муаммоларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари билан биргаликда ўрганишга, шунингдек бу муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга эътибор қаратсин.
5. Қўмитада мудофаа ва хавфсизлик масалаларига оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларидан иборат маълумотлар базаси ташкил этилсин, Сенатнинг ялпи мажлислари олдидан Қўмита аъзоларининг вазифалари тўғрисидаги масалаларни белгилаб олиш тартиби ишлаб чиқилсин.
6. Қўмита қабул қилинган қонунларни аҳолига ва ижрочиларга етказиш амалиётини ва уларнинг ижросини назорат қилишни мунтазам равишда такомиллаштириб борсин.
7. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг чегара ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш соҳасида чегара қўшинларига кўмаклашувчи «Чегара посбонлари» отрядлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиши бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилсин ва жойларда аниқ тадбирларни амалга ошириш чоралари назарда тутилсин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 21 ноябрь,
243-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 11-сон, 642-модда)