Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида 2006 йил 24 февралдаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш — фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» номли маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 25 февралдаги 149-I-сонли Қарорининг 3-банди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 4 апрелдаги 164-I-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ҳаракат дастурининг 8.5-бандини ижро этишга қаратилган фаолият тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ҳисобот даврида Қўмита томонидан ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодиёт соҳаларининг қонунчилик базасини такомиллаштириш, мамлакатимизнинг бу борадаги амалдаги қонунлари ижро этилишини мониторинг қилиб бориш ва юқори палатанинг парламентлараро алоқаларини ривожлантириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Ана шу давр мобайнида Қўмита томонидан 24 та қонун кўриб чиқилди, Олий Мажлис Сенатининг Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиларини тайинлаш тўғрисидаги ўн битта қарори лойиҳаси, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиларини вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги тўққизта қарори лойиҳаси тайёрланди. Назорат қилиш соҳасидаги ваколатларни амалга ошириш доирасида БМТнинг Ўзбекистон қўшилган халқаро конвенцияларидан учтасининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларидан иккитасининг ижро этилиши жойларга бориб таҳлил қилинди. Кўриб чиқилаётган масалаларни чуқур ва малакали тарзда тайёрлаш мақсадида Қўмита ҳузурида вазирликлар ва идораларнинг етакчи экспертлари, олимлар ва халқаро масалалар билан шуғулланувчи мутахассислардан иборат эксперт гуруҳи ташкил этилди.
Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш доирасида турли даражадаги 42 та чет эл делегацияси билан учрашув ўтказилди. Қўмита Сенат парламент делегацияларининг Россия Федерацияси, ХХР, Франция ва бошқа мамлакатларга ташрифларини ташкил этишда фаол қатнашди. Евросиё иқтисодий ҳамжамияти Парламентлараро Ассамблеяси ишида мамлакатимиз делегациясининг иштирок этиши билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш Қўмита фаолиятида муҳим ўрин эгаллади.
Шу билан бирга ҳисобот даврида Қўмита фаолиятида муайян камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлди. Чунончи, қабул қилинган қарорларнинг айниқса ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ижро этилиши устидан назоратни таъминлаш иши янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Қўмита аъзолари фаолиятнинг парламент сўрови сингари шаклидан етарлича фойдаланмаяптилар. Бундан ташқари улар қонунларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш масалаларини чуқурроқ ўрганишга кўпроқ эътибор қаратишлари керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги фаолият тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг 2005 — 2007 йиллардаги фаолият тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси:
Ўзбекистон Республикасининг устувор манфаатларидан келиб чиқиб, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳуқуқий базасини кенгайтиришга қаратилган қонунларни ишлаб чиқиш тизими янада такомиллаштирилишини таъминласин;
мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий муносабатларини тартибга солувчи қонунлар ҳамда қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда мунтазам равишда ва изчил мониторинг олиб борилишини таъминласин;
Ўзбекистон қўшилган халқаро конвенцияларнинг қоидалари ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш, халқаро шартномалар ва конвенцияларнинг қоидалари миллий қонун ҳужжатларига сингдирилишини ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан таъминлаш ишларини кучайтирсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегациясининг Евросиё иқтисодий ҳамжамияти Парламентлараро Ассамблеяси ишида иштирок этиши доирасида келиб тушаётган ҳужжатларни кўриб чиқиш, таҳлилий ишлаб чиқиш ва улар юзасидан эксперт хулосаларини тайёрлашнинг ҳуқуқий ҳамда таомил тизими шакллантирилиши ва такомиллаштирилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг таҳлилий салоҳиятини кучайтириш ҳамда унинг давлат қурилиши ва бошқарув, Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш масалаларидаги ролини ошириш мақсадида Сенат ҳузурида эксперт-таҳлилий марказ ташкил этиш масаласини ишлаб чиқсин;
икки тарафлама ва кўп тарафлама парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш ишларини кучайтирсин;
минтақалардаги энг муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда Қўмита аъзоларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари билан ҳамкорлиги механизмининг таъсирчанлигини ошириш чора-тадбирларини кўрсин;
қабул қилинаётган қонунларни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масалаларида, шунингдек «Ижтимоий ҳимоя йили» Давлат дастурини амалга оширишда жойларда ишлаётган Қўмита аъзоларининг фаоллигини кучайтириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг раиси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 10 август,
366-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 8-сон, 410-модда)