Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ўтган давр мобайнида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан, мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилган.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов томонидан ўртага қўйилган вазифаларни бажаришга қаратилган фаолият олиб бордилар.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вазирлик ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштира бориб, комплекс тадбирларни амалга оширган, натижада ўтган йили 2005 йилга нисбатан атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори 10,9 минг тоннага, очиқ сув ҳавзаларига ташланаётган тозаланмаган оқова сув ҳажми 2,2 млн куб метрга, ҳосил бўлаётган чиқиндилар миқдори 11 фоизга камайган. Саккизта чанг ва газ тозалагич қурилмалари ҳамда қуввати бир кеча-кундузда 100 куб метр бўлган оқова сув тозалаш иншоотлари ишга туширилган. 1,2 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланган, 1,5 минг гектар ер қайта тикланган. 3,3 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси газ ва 4,1 мингдан зиёд автотранспорт воситаси дизель ёқилғиси билан ишлашга ўтказилган. Этилланган бензин ишлаб чиқариш миқдори камайтирилган ва у жами ишлаб чиқарилган бензин ҳажмининг 7,6 фоизини ташкил қилган. Ишдан чиққан люминесцент лампаларни зарарсизлантириш ўтган йилга нисбатан икки маротаба кўпайган. Майдони 2,3 минг гектардан ортиқ ҳудуд кўкаламзорлаштирилган.
«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларининг талаблари ижро этилишини таъминлаш мақсадида назоратдаги хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилган текширишлар сони 1,6 маротаба камайган. Айни бир вақтда текширувлар самарадорлиги 2005 йилга нисбатан тўрт фоизга кўпайган ва 97,8 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан таҳлилий ва профилактика йўналишидаги ишлар кучайтирилган. Атроф муҳитни ифлослантирувчи, асбоблар ёрдамида текширилган муқим ва ҳаракатланувчи манбалар сони 2006 йил якунларига кўра 2005 йилга нисбатан 2,3 мингтага кўпайган. «Тоза ҳаво» операцияси тадбирларини ўтказиш мобайнида 146 та автокорхона, 102 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ва 6 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станцияси ҳамда 139 мингга яқин автотранспорт воситаси текширувдан ўтказилган. Атроф муҳитни ифлослантиришни белгиланган нормативлардан ҳам ошириб юбораётган 13,5 мингдан ортиқ ҳаракатланувчи манбалар аниқланиб, 1,7 мингта автотранспорт воситасидан фойдаланиш вақтинчалик тўхтатиб қўйилган.
Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўпол тарзда бузганлик учун 14,4 минг нафар ёки 2005 йилдагидан 11,6 фоиз кўп мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган. Атроф муҳитга етказилган зарарни қоплаш юзасидан 2006 йилда киритилган даъволар ва солинган жарималар миқдори олдинги йилга нисбатан 29,8 фоизга ортган. Ҳуқуқбузарлардан 147 та ов қуроли, 903 дона тўр ва шунга ўхшаш материаллар мусодара этилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан жами 3,437 млн АҚШ доллари ҳамда 100,12 млн сўм миқдорида чет эл инвестициялари жалб этилган ва ўзлаштириш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистонда чиқинди билан боғлиқ ишларни бошқариш Миллий стратегияси ва Ҳаракат режаси лойиҳаси киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат ахборот маркази ва ахборот-таҳлил хизмати ташкил этилган. Атроф муҳит ҳолати мониторинги ягона тизими ҳамда ахборот таъминоти маълумотлар базаси шакллантирилган.
Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар кадастри юритилиши таъмин этилган, бу иш 303 та объект бўйича амалга оширилмоқда. Навоий ва Жиззах вилоятларида ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёси кадастрларини тузиш юзасидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
вазирлик ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг табиий ресурслардан, айниқса сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тозалаш иншоотларининг қувватларини ва самарадорлигини ошириш, нефть базаларига, руда-кўмир кукунлари чиқариб ташланган жойларга ҳамда қазилма чиқиндихоналарига туташ ҳудудларни зарарсизлантиришга қаратилган ишларини етарли даражада мувофиқлаштириб бормаяпти;
Тошкент, Ангрен, Қўқон, Навоий, Чирчиқ, Фарғона сингари шаҳарларда ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингридиентлари бўйича ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормалари даражасига қадар пасайтириш учун етарли чоралар кўрмаяпти;
кенг тарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш, шунингдек ерларни қайта тиклаш ишлари устидан назорат тўлиқ амалга оширилишини таъминламаяпти;
биологик ресурсларни истифода этишда қонунбузарлик ҳолатлари (ноқонуний равишда дарахт кесиш, қонунга хилоф равишда балиқ овлаш ҳамда ов қилиш ва шу сингарилар) олдини олишда ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаяпти.
Юқорида баён этилганларга асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2006 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси атроф муҳитни муҳофаза қилиш миллий ҳаракат режасини амалга ошириш юзасидан 2007 — 2011 йилларга мўлжалланган комплекс тадбирлар лойиҳасини 2007 йилнинг 1 июлига қадар тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда балиқ захиралари камайишининг ҳамда балиқ овлаш билан боғлиқ қонунбузарликларнинг олдини олиш юзасидан амалий чоралар кўрсин ва бунда балиқчилик билан шуғулланувчи, табиий кўлларни ижарага олган, аммо балиқ кўпайтириш ишларини амалга оширмаётган ижарачиларга алоҳида эътибор қаратсин;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, тегишли идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда «Тоза ҳаво» операциялари самарадорлигини оширсин;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастрларини ишлаб чиқиш ишларини жадаллаштирсин. Навоий ва Жиззах вилоятларининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастрларини тузиш ишларини расмийлаштиришни 2007 йилнинг 15 апрелига қадар якунласин;
трансчегаравий аҳамиятга молик муаммоларга алоҳида эътибор қаратсин. Тожикистон алюминий заводининг Сурхондарё вилоятининг айрим туманларига салбий таъсири камайишини таъминлаш, Қирғизистон Республикасидаги Майлуу-Суу дарёси ёқалаб жойлашган, радиоактив чиқиндилар кўмилган чиқиндихоналардан радиоактив ифлосланиш тарқалиши олдини олиш, Айдар-Арнасой кўллар тизимида сув балансини сақлаб қолиш ишларини алоҳида назорат остига олсин;
Айдар-Арнасой кўллар тизимида экология вазиятини ўрганиш ҳамда унинг табиий ҳудудларидан оқилона фойдаланиш юзасидан энг янги технологиялар қўлланган ҳолда олиб борилаётган тадқиқот ишларини 2007 йилнинг 1 декабрига қадар тугалласин;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар объектларида қуёш энергиясидан фойдаланилишини таъминлайдиган, экологик жиҳатдан хавфсиз тизимни жорий этиш ишларини шу йилнинг охирига қадар якунига етказсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг 2006 — 2010 йилларга мўлжалланган ҳудудий ҳаракат дастурлари бажарилишини таъминласинлар;
табиий ресурсларни ҳисобга олиш ва уларнинг ҳолатини баҳолаш, экологик жиҳатдан зарарли объектларни ҳисобга олиш тизимини ишлаб чиқсинлар ҳамда тасдиқласинлар;
ифлослантириш манбаларини аниқлаш, атроф муҳит ҳолатини кузатиш тармоғини ривожлантириш ишларини ташкил этсинлар, Тошкент, Ангрен, Қўқон, Навоий, Чирчиқ, Фарғона сингари шаҳарларда ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингридиентлари бўйича ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормалари даражасига қадар пасайтириш чораларини кўрсинлар;
тозалаш иншоотлари иши самарадорлигини ошириш учун зарур чоралар кўрсинлар.
5. «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компаниясига, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси, «Ўзбеккўмир» очиқ акциядорлик жамияти, Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Ўзметкомбинат» бирлашмасига:
чиқиндилар жойлаштирилган ўз объектларининг санитария ва экология ҳолати устидан қаттиқ назорат олиб бориш;
чиқиндиларнинг ижозат этилмаган жойларда ҳамда объектларда сақланишига, қайта ишланиши, утилизация қилиниши ва кўмиб ташланишига йўл қўймаслик;
саноат чиқиндиларини, айниқса заҳарли чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш юзасидан амалий чоралар кўриш тавсия этилсин.
6. «Ўзкимёсаноат» давлат-акциядорлик компаниясига:
«Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш, шунингдек чиқиндиларнинг атроф муҳитга зарарли таъсири олдини олиш, уларнинг ҳосил бўлишини камайтириб бориш ҳамда хўжалик фаолиятида улардан оқилона фойдаланиш мақсадида бойитилган фосфор ўғитлари ишлаб чиқариш чиқиндиларини (фосфогипсни) камайтириш ва утилизация қилишнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 18 июлдаги ПҚ-420-сонли қарорида белгиланган саноат усуллари амалиётга жорий этилишини жадаллаштириш;
пестицидлар, гербицидлар ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа заҳарли кимёвий дорилар кўмиб жойлаштирилган жойларни батартиб тутиш ва қўриқланишини таъминлаш, шунингдек бундай жойлардаги пестицид, гербицид ва кимёвий дориларни босқичма-босқич зарарсизлантириб бориш, қайта ишлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида иккиламчи тарзда фойдаланиш юзасидан кечиктирмай чоралар кўриш тавсия қилинсин.
7. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 30 март,
331-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 4-сон, 196-модда)