Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2005-2006 йиллардаги, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидаги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда бўлиб ўтган, 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 24 февралда ўтказилган бешинчи ялпи мажлисидаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш — фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» номли маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 25 февралдаги 149-I-сонли Қарорининг 3-банди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2006 йил 4 апрелдаги 164-I-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ҳаракат дастурининг 8.5-бандини ижро этишга қаратилган фаолият тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ҳисобот даврида Қўмита томонидан муайян ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Қонунчилик фаолияти доирасида Қўмита томонидан Қонунчилик палатасидан келиб тушган 31 та қонун юзасидан хулосалар тайёрланишини таъминлаган. Қўмитанинг 30 та қонун бўйича уларни маъқуллаш тўғрисидаги хулосалари, «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этиш механизми ҳуқуқий асосланмаганлиги сабабли уни рад этиш ҳақидаги хулосаси асосида мазкур қонунлар Сенатнинг ялпи мажлислари муҳокамасига киритилган ва айни шу мазмунда тегишли қарорлар қабул қилинган.
Назорат фаолиятини амалга ошира бориб, Қўмита томонидан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Сирдарё вилоятида, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг эса Бухоро вилоятида ижро этилиши масалалари кўриб чиқилган, Қўмитанинг халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши билан биргаликдаги сайёр мажлисида «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг Навоий вилоятида ижро этилиши, шунингдек вилоят иқтисодиётини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
«Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Давлат мулки қўмитаси ҳамда унинг Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан ижро этилиши масаласи ҳам ўрганилган. Муҳокама якунлари асосида қабул қилинган қарорлар мутасадди идораларга юборилган ва ижроси назоратга олинган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2004 ва 2005 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2005 йил юзасидан ҳисоботи Қўмита хулосалари асосида Сенатнинг ялпи мажлисларида кўриб чиқилган ва маъқулланган.
Ўзбекистон Республикасининг 2006 ва 2007 йилларга мўлжалланган Давлат бюджетлари юзасидан Қўмита ўз хулоса ва таклифларини тайёрлаган. Қўмита ушбу масалаларни ўрганиш жараёнида кичик бизнес, фермер хўжаликлари ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари ва барқарор макроиқтисодий кўрсаткичларини таъминлаш, бюджет ва солиқ ислоҳотларини чуқурлаштириш орқали солиқ тизимини соддалаштириш ва унификация қилиш ҳамда солиқ юкини янада камайтириш, таркибий ислоҳотлар ва иқтисодиётни модернизациялашни янада чуқурлаштириш ҳамда кўламини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, хусусий мулкчилик тармоғини кенгайтириш, бизнес учун қулай муҳит яратиш ва унинг кафолатларини мустаҳкамлашни ҳуқуқий таъминлаш борасида муайян ишларни амалга оширган.
Қўмита ўз фаолиятида парламент қуйи палатасининг тегишли қўмитаси, бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалаларига дахлдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борган.
Ҳисобот даврида назорат-таҳлил фаолияти масалалари бўйича юқорида зикр этиб ўтилган 12 та мажлисдан ташқари Қўмита томонидан 17 та семинар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилган. Қўмита уларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишларга муҳокама қилинадиган масалалар бўйича амалий таклифлар кирита оладиган олим ва мутахассисларни жалб этган, иқтисодий ислоҳотларга доир долзарб муаммолар таҳлил этилишини, уларда жамоатчилик вакилларининг иштирокини таъминлаган, шунингдек кўрилган масалалар юзасидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларни тегишли идораларга юборган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ҳисобот давридаги ишида айрим камчиликлар ҳам бўлди. Хусусан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ва уларнинг тегишли доимий комиссиялари билан ҳамкорлик талаб даражасида бўлишига эришилмаган, Қўмитанинг айрим аъзолари сенаторлик фаолиятида зарур фаоллик кўринмаётир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2005-2006 йиллардаги фаолият тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама этиб қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2005-2006 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралда бўлиб ўтган, 2005 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2006 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 24 февралда ўтказилган бешинчи ялпи мажлисидаги «Мамлакатимиз тараққиётининг қонуний асосларини мустаҳкамлаш — фаолиятимиз мезони бўлиши даркор» номли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 12 февралда бўлиб ўтган, 2006 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2007 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган йиғилишидаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари деб белгилансин.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Қўмита:
ўтган даврдаги фаолиятига танқидий ёндашган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг доимий комиссиялари, мутасадди вазирлик ва идоралар билан иқтисодиётни ислоҳ этиш ва уни янада либераллаштириш жараёнларини кенгайтиришга ҳамда чуқурлаштиришга қаратилган чораларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик ишларини кучайтириши;
назорат-таҳлил фаолияти масалаларини давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар йўсинида дастлабки тарзда муҳокама қилишни Қўмитанинг иш амалиётига жорий этиши, Қўмита қабул қилган қарорлар ижроси устидан мониторингни кучайтириш чораларини кўриши, бунда қарорлар ижроси юзасидан тегишли бошқарув органлари раҳбарлари ва мутасаддиларининг масъулиятини ошириши;
назорат-таҳлил фаолиятини янада такомиллаштириши, унинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириши;
ўтказиладиган тадбирларга пухта тайёргарлик кўриши, амалий таклифлар ишлаб чиқишга олим ва мутахассисларни, жамоатчилик вакилларини кенгроқ жалб этиши;
мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг жамоатчиликнинг онги ва шуурига етказиши зарур.
3. Қўмитада бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалаларига оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларидан иборат маълумотлар базаси ташкил этилсин. Маъқулланган ва белгиланган тартибда эълон қилинган қонунларни аҳоли ва ижрочилар эътиборига етказиш амалиёти ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш ишлари такомиллаштириб борилсин.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 28 февраль,
296-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 й., 2-сон, 91-модда)