Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг 2007 йилги Давлат бюджетининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тақдим этилиб, муҳокама қилиш мобайнида Қонунчилик палатаси депутатларининг таклиф ва мулоҳазалари ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йилги Давлат бюджети ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:
иқтисодиётнинг барқарор юқори ўсиш суръатлари сақланиши, мамлакатнинг макроиқтисодий ва молиявий барқарорлиги янада мустаҳкамланиши, аҳолининг фаровонлиги оширилиши ва инфляция суръатлари жиловланишини таъминласин;
иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва тузилмавий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бевосита чет эл инвестициялари учун қулай муҳит яратиш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, хусусий секторни кўламли кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантиришни кафолатлаш, шунингдек солиқ юкини изчил камайтириш ва солиқ бошқарувини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттирсин;
узоқ истиқболда иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатувчи ва аҳоли фаровонлигини оширувчи давлат харажатларининг, шу жумладан таълим, соғлиқни сақлашга, ижтимоий ва бозор инфратузилмаларини ривожлантиришга мўлжалланган харажатларнинг устуворлигини белгиласин;
Давлат бюджетининг ғазначилик ижроси тизимини бундан буён ҳам жорий этиш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш, молиялаштиришнинг бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг самарадорлиги ва аниқ йўналтирилганлигини кучайтириш имконини берувчи услубларини татбиқ этган ҳолда харажатларни оқилона мақбуллаштириш борасидаги ишларни давом эттирсин;
Давлат бюджети тақчиллигини республика бюджетининг зарурий айланма касса маблағи ҳажмидан ортиқча бўлган республика бюджетининг эркин қолдиқлари ҳамда инфляцияга тааллуқли бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.
3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласинлар, минтақаларнинг солиқ базаси кенгайтирилиши ва молиявий салоҳияти мустаҳкамланиши юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсинлар, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсинлар.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
5. Ушбу қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 9 ноябрь,
393-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 11-сон, 585-модда)