Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2009 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2009 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 30,5 млрд сўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ва унинг оқибатларининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини камайтириш, иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатини ва макроиқтисодий мутаносибликни, иқтисодиёт реал секторининг базавий тармоқлари барқарор ишлашини таъминлаш, шунингдек аҳоли бандлигига кўмаклашиш, экспорт қилувчиларни аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни амалга ошириш мақсадида:
ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнлари фаоллаштирилишини ҳамда унинг диверсификация қилинишини, инновация технологиялари кенг татбиқ этилишини;
ички ва ташқи бозорларда мамлакат ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг рақобатбардошлилиги янада оширилишини, экспорт қилувчи корхоналар томонидан янги турдаги товарлар ва маҳсулот сотишнинг истиқболли бозорлари ўзлаштирилишини ҳамда маҳсулот реализация қилиш ҳажмлари кўпайтирилишини;
тежамкорликнинг қаттиқ режими жорий этилишини, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш рағбатлантирилишини;
техник ва ишлаб чиқариш интизомига риоя қилинишини, маҳсулот сифатини бошқаришнинг халқаро стандартлари татбиқ этилишини;
мослашувчан нарх сиёсати амалга оширилишини, жаҳон бозорларида нарх конъюнктураси жадал ўзгариб бораётган шароитларда экспорт механизмлари такомиллаштирилишини;
тадбиркорликни ривожлантириш учун солиқ ва кредит имтиёзлари такомиллаштирилишини;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлиги ва мақбуллиги янада оширилишини;
баланслаштирилган ҳамда самарали пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсати ўтказилишини;
самарали инвестиция сиёсати ўтказилишини ва бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилишини;
иш ҳақи, стипендиялар, нафақалар ва аҳолига бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш учун бюджет харажатлари тўлиқ ҳамда ўз вақтида молиялаштирилишини;
«Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастури амалга оширилишига доир тадбирлар ўтказилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори инқирозга қарши дастурлар сўзсиз бажарилишига, тегишли минтақалар бўйича бюджетга тўловлар тўлиқ тушишини, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш, дотацияда бўлган туманларнинг сонини камайтириш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2009 йил 25 май,
1003-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 5-сон, 184-модда)