Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан 2009 йил 23 — 28 февраль кунлари сайлов округларида амалга оширилган ишлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2009 йил 23 — 28 февраль кунлари сайлов округларида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотни эшитиб ва муҳокама қилиб, шуни қайд этадики, депутатлар фуқаролар йиғинлари, ўқув юртлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда 470 та учрашув ўтказдилар, уларда 50 минг нафардан зиёд фуқаро иштирок этди.
Учрашувлар пайтида депутатлар аҳолига мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари ҳамда Ҳукумат қарорларининг моҳияти ва мазмуни, парламент фаолияти, сиёсий партиялар депутатлар фракцияларининг иши ҳақида ахборот бердилар.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни изчил давом эттириш – давр талаби» деб номланган маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йил Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурининг асосий йўналишларини тушунтиришга учрашувлар давомида муҳим эътибор қаратилди. Таъкидландики, Дастурда янги иш ўринлари, биринчи навбатда, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини, шу жумладан, сифатли ичимлик суви, табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини тўла таъминлаш, шунингдек бу йўналишдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш назарда тутилган.
Депутатлар учрашувлар иштирокчиларини ишонтириб айтдиларки, дунёнинг кўпгина ривожланган мамлакатларида иқтисодий таназзулга, ишсизликка, аҳоли турмуш даражасининг ёмонлашувига олиб келаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитларида давлатимиз бошлиғи раҳбарлигида иқтисодиётни ислоҳ этиш, модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, диверсификация қилиш борасида пухта ўйланган сиёсат амалга оширилаётганлиги натижасида Ўзбекистонни инқирознинг салбий таъсирларидан муҳофаза қилувчи кучли ва ишончли тўсиқ яратилди.
Сайловчилар иштирокида ўтказилган бир қатор семинарлар ҳамда давра суҳбатларида сайловчиларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини, фуқаролик жавобгарлигини, фаоллигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувлар иштирокчилари томонидан амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар баён этилди, аҳоли турмушининг турли соҳаларига тааллуқли муаммолар кўтарилиб, уларнинг аксарияти жойларда ҳал этилди, қолганлари юзасидан давлат органларига тегишли мурожаатлар юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан 2009 йил 23 — 28 февраль кунлари сайлов округларида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари:
аҳолининг кенг қатламларини мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотларнинг, қабул қилинган қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларининг, Ҳукумат қарорларининг моҳияти ва мазмуни ҳақида, давлатимиз бошлиғи раҳбарлигида Ўзбекистонни жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, чуқур ўйланган сиёсат ҳақида ҳамда Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили Давлат дастурини, айниқса, унинг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга тааллуқли қисмини бажариш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида хабардор қилишни давом эттирсинлар;
тушунтириш ишларида семинарлардан, давра суҳбатларидан, ҳам республика, ҳам маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан самарали фойдалансинлар, бу ишга халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатларини кенг жалб этсинлар;
жойларда қонун ҳужжатларининг ижросини ўрганиш вақтида депутатлар билан аввалги учрашувларда фуқаролар томонидан баён этилган масалалар ва муаммоларни ҳисобга олсинлар ҳамда фуқароларни амалга оширилган ишларнинг натижалари тўғрисида хабардор қилсинлар;
фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш борасидаги фаолиятни мунтазам такомиллаштириб борсинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
ўз мажлисларида депутатларнинг сайловчилар билан олиб борадиган ишларини такомиллаштириш масалаларини кўриб бориш, депутатларнинг сайлов округидаги ишлари тўғрисидаги ахборотларини эшитиб бориш, жойларда қонунларнинг ижросини назорат қилиш масалаларида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
тўпланган тажрибани ҳисобга олган ҳолда фракциялар аъзоларини сайловчилар билан, фуқароларнинг мурожаатлари устида ишлаш, шунингдек фуқаролар томонидан учрашувларда баён этилган муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли тавсиялар билан таъминлаш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
ўтказилган учрашувлар якунларига доир материалларни чуқурроқ ўргансин, қонун лойиҳаларини тайёрлаш чоғида имкон қадар ҳисобга олсин;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг қонун ҳужжатлари ижроси тўғрисидаги ахборотларини эшитиш вақтида улар томонидан учрашувлар ва қабулларда фуқаролар ўртага қўйган масалалар қандай ҳал қилинаётганлигига алоҳида эътибор қаратсин.
5. Ушбу қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Рустамов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикер Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2009 йил 31 март,
984-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 3-сон, 111-модда)