Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАР ВА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ДЕПАРТАМЕНТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги 107-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Экспорт салоҳиятини кенгайтириш, халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва дастурларини амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича ишларни ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти ҳамда Инвестиция дастурлари департаменти негизида Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти ташкил этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаментининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
вазирликлар, идоралар ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий бошқарув органларининг республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
жаҳон товар бозорларининг комплекс маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва экспорт таркибини такомиллаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
товарлар (ишлар, хизматлар) экспортининг ҳар йилги прогнозларини шакллантириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш. Экспорт маҳсулотлари миқдорини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш потенциал имкониятларини таҳлил қилиш ҳамда чора-тадбирларини амалга ошириш;
хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар айрим турлари импортининг ўрнини қоплаш тармоқ дастурларини шакллантиришга доир ишларни ташкил этиш;
ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш ва уларни амалга ошириш мониторингини олиб бориш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро молия ва иқтисодиёт ташкилотлари билан алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишда қатнашиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;
халқаро молия ва иқтисодиёт ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грантларини мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва дастурларини амалга ошириш учун жалб этиш ишларини ташкил қилиш;
техникавий кўмаклашиш воситаларини жалб этиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг донор мамлакатлар билан молиявий ва техникавий ҳамкорлиги дастурлари мониторингини олиб бориш;
ташқи иқтисодий фаолиятнинг қонунчилик ва норматив базасини такомиллаштириш, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш ҳамда хорижий кредитлар ва бевосита хорижий инвестицияларни республика иқтисодиётига кенг жалб этиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ишларини мувофиқлаштириш;
вазирликлар, идоралар ва барча даражалардаги маҳаллий бошқарув органларига хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш;
инвестиция дастурига киритиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар лойиҳалари рўйхатини шакллантириш ва мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан давлат мониторингини ташкил этиш. Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари котибиятлари ва Департаментлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кафолати остида амалга ошириладиган энг йирик ва стратегик жиҳатдан муҳим инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишларини, маблағ билан таъминлаш схемаларини кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш;
МДҲ мамлакатлари билан икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик шартномалари ва битимларини тайёрлаш ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти бошлиғи мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирининг биринчи ўринбосарига, гуруҳлар раҳбарлари вазир ўринбосарига тенглаштирилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари мажбурий тартибда:
ташқи иқтисодий ва инвестиция фаолияти масалаларига тааллуқли норматив ҳужжатлар лойиҳаларини Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти билан келишиб оладилар;
молиявий ва техникавий ёрдам кўрсатиш тўғрисида халқаро ташкилотлардан ва ихтисослашган хорижий агентликлардан сўровларни фақат Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти орқали амалга оширадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ҳукуматнинг бошқа қарорлари мажбурий тартибда жўнатиладиган ташкилотлар рўйхатига;
Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Марказий банки ва бошқа идораларининг статистик ахборотномалари мажбурий тартибда жўнатиладиган реестрга киритилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. Т. Султонов ўн кун муддатда Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти гуруҳлари тўғрисидаги Низомни, гуруҳлар раҳбарлари ва мутахассислари функционал вазифалари тақсимотини тасдиқласин, шунингдек гуруҳларни малакали кадрлар билан таъминласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 5 март,
112-сон
Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаментининг тузилмаси — 22 киши
Кейинги таҳрирга қаранг.
ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАР ВА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ДЕПАРТАМЕНТИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти (кейинги ўринларда «Департамент» деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
2. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
3. Департамент ўз фаолиятини бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раиси, Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади ҳамда уларга ҳисоб беради, ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари бўйича эса Вазирлар Маҳкамаси Аппарати Раҳбарига ҳисоб беради.
4. Департамент ўзбек тилида ёзилган ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ўз бланкасига эгадир.
II. Департаментнинг тузилмаси ва мақоми
5. Департамент таркибига қуйидаги гуруҳлар киради:
Экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва импорт ўрнини тўлдириш (ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш) масалалари гуруҳи;
Халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан алоқалар гуруҳи;
Хорижий инвестицияларни жалб этиш ва хорижий инвесторлар билан ишлаш масалалари гуруҳи;
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлик масалалари гуруҳи;
Экспорт салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантириш Республика кенгаши котибияти.
Департамент таркибига, шунингдек мустақил юридик шахс бўлган Ўзбекистонда Европа Иттифоқи Комиссиясининг техникавий ёрдамни мувофиқлаштириш Бюроси (ЎЗбюроКЕС) ҳам киради.
6. Департамент ишларига мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирининг биринчи ўринбосарига тенглаштирилган Департамент бошлиғи раҳбарлик қилади.
7. Департамент бўлинмалари ишига Ўзбекистон Республикаси вазирининг ўринбосарига тенглаштирилган гуруҳ раҳбарлари раҳбарлик қилади.
8. Департамент бошлиғи ва бўлинмалар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
III. Департаментнинг асосий вазифалари
9. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва импорт ўрнини тўлдириш (ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш) соҳасида
вазирликлар, идоралар ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий бошқарув органларининг республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
жаҳон товар бозорларининг комплекс маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва экспорт таркибини янада такомиллаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда товарлар (ишлар, хизматлар) экспортининг ҳар йилги прогнозларини шакллантириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
экспорт маҳсулотлари миқдорини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш потенциал имкониятларини таҳлил қилиш;
ташқи иқтисодий фаолиятни янада эркинлаштиришга доир таклифлар тайёрлаш;
хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар айрим турлари импортининг ўрнини қоплаш тармоқ дастурларини шакллантиришга доир ишларни ташкил этиш;
ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ишларини мувофиқлаштириш ва уларни амалга ошириш мониторингини олиб бориш;
республика вазирликлари ва идораларининг хорижий мамлакатлар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик дастурларини амалга оширишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш;
б) халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан иқтисодий ҳамкорлик соҳасида
Ўзбекистон Республикасининг халқаро молия ва иқтисодиёт ташкилотлари билан алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишда қатнашиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;
халқаро молия ва иқтисодиёт ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ва грантларини мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва дастурларини амалга ошириш учун жалб этиш ишларини ташкил қилиш;
техникавий кўмаклашиш воситаларини жалб этиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг донор мамлакатлар билан молиявий ва техникавий ҳамкорлиги дастурлари мониторингини олиб бориш;
ваколатли тижорат банкларининг халқаро молия институтлари маблағларини Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишга жалб этишга доир ишларини мувофиқлаштириш;
в) хорижий инвестицияларни жалб этиш ва хорижий инвесторлар билан ишлаш соҳасида
Ўзбекистон Республикасида қулай инвестиция муҳитининг аҳволини таҳлил қилиш ва уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
хорижий инвестицияларни жалб этишнинг қонунчилик ва норматив базасини янада такомиллаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш, хорижий инвесторлар манфаатларини муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштириш;
потенциал инвесторларни Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳити тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;
хорижий кредитлар ва бевосита инвестицияларни инвестиция дастурлари ҳамда устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;
вазирликлар, идоралар ва маҳаллий бошқарув органларига хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига киритилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар лойиҳалари рўйхатини шакллантиришда ва мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ташкил этишда қатнашиш;
Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари ва Департаментлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида амалга ошириладиган энг йирик ва стратегик жиҳатдан муҳим инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишларини, маблағ билан таъминлаш схемаларини кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш;
г) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкорлик соҳасида
МДҲ мамлакатлари билан давлатлараро муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
МДҲ мамлакатлари билан икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик шартномалари ва битимларини тайёрлаш ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш;
вазирликлар ва идораларнинг минтақавий ҳамкорлик доирасидаги битимларни бажариш масалаларида ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлари томонидан имзоланган икки томонлама ва кўп томонлама идоралараро битимларнинг бажарилишини назорат қилиш.
IV. Департаментнинг асосий функциялари
10. Департамент ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
Департаментнинг юритишига тегишли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва Ҳукумат қарорлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятининг топшириқлари бажарилишини назорат қилиш;
а) экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва импорт ўрнини тўлдириш (ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш) соҳасида
ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва улар юзасидан таклифлар тайёрлаш;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти ҳажмини кўпайтириш ва улар турларини кенгайтириш бўйича экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти прогнозини ишлаб чиқиш ва унинг бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини тайёрлаш;
импортнинг ўрнини тўлдириш ва маҳаллий хом ашё негизида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш, шакллантириш ва амалга ошириш юзасидан вазирликлар, идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ишини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини жиҳозлаш, мамлакатнинг корхоналари ва ташкилотларини ҳарбий-техник мол-мулк ва махсус технологиялар билан жиҳозлаш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш;
б) халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлик соҳасида
Ўзбекистон Республикасининг халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорлиги, шунингдек ҳам қарз олинган, ҳам қарз олинмаган операцияларни кенгайтириш стратегиясини ишлаб чиқишда қатнашиш;
халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, техник кўмаклашиш воситаларини жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар ва донор мамлакатлар билан молиявий ва техник ҳамкорлиги дастурларини мониторинг қилиш;
халқаро молия ва иқтисодий ташкилотлар билан битимлар лойиҳаларини тайёрлаш, шунингдек имзоланган битимлар бажарилишини назорат қилиш;
халқаро молия ва иқтисодий ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари фаолиятига кўмаклашиш, уларга зарур иқтисодий ахборот тайёрлаш ва тақдим этиш ишларини мувофиқлаштириш;
республика вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг маблағ билан таъминлаш ва суғурталашни ташкил этиш юзасидан халқаро молия институтлари, хорижий мамлакатларнинг экспорт-кредит агентликлари билан ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;
в) хорижий инвестицияларни жалб этиш ва хорижий инвесторлар билан ишлаш соҳасида
хорижий инвестицияларни жалб этишнинг қонунчилик ва норматив базасини ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
хорижий давлатларнинг сиёсий ва ишбилармон доиралари, халқаро молия-иқтисодий институтлар ва хорижий банклар республикадаги инвестиция муҳити ва амалга оширилишида хорижий инвесторлар қатнашиши мумкин бўлган лойиҳалар тўғрисида кенг хабардор этилишини ташкил этиш;
хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда амалга ошириладиган республиканинг устувор инвестиция лойиҳалари бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш;
бевосита хорижий инвестициялар жалб этилишига, шунингдек инвестиция лойиҳалари, шу жумладан техник-иқтисодий асослаш ишлаб чиқилишига кўмаклашиш;
халқаро ташкилотларнинг техник-иқтисодий асослаш ишлаб чиқилишига мўлжалланган кредитлари ва техник ёрдамидан самарали фойдаланилишини ва хорижий инвестициялар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини таъминлаш;
Вазирлар Маҳкамасининг Комплекслари котибиятлари ва Департаментлари кўмагида хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда амалга ошириладиган айрим инвестиция лойиҳалари бўйича Ҳукумат қарорлари тайёрланиши, қабул қилиниши ва уларнинг ижро этилиши назорат қилиниши жараёнини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган хорижий инвестициялар жалб этилишини ахборот билан таъминлашга доир махсус гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятининг ташкилий масалалари ўз вақтида ҳал этилишини мониторинг қилиш;
хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва хорижий инвесторлар билан ишлаш масалаларида «Ўзинвестлойиҳа» республика инжиниринг компанияси, Хорижий инвестициялар бўйича агентлик ва инвестиция жараёнининг бошқа қатнашчилари фаолиятини мувофиқлаштириш;
г) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорлик соҳасида
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари иқтисодиётининг ривожланиши аҳволини ва уларда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилиш ҳамда улар билан иқтисодий ҳамкорлик қилиш стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш;
Вазирлар Маҳкамаси Комплекси котибиятлари ва Департаментлари билан биргаликда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан икки томонлама ҳамкорлик шартномалари ва битимлари тайёрлаш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва хўжалик юритувчи субъектлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари субъектлари билан имзолаган икки томонлама ва кўп томонлама идоралараро битимлар бажарилишини назорат қилиш.
V. Департаментнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
11. Департамент қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Вазирлар Маҳкамаси Комплекслари котибиятлари ва бўлимлари ва Департаментларидан, вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналардан, шунингдек барча даражалардаги давлат бошқаруви органларидан Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича материалларни сўраб олиш;
хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек давлат-тижорат банкларининг ҳисоботларини эшитиш ва ўз ваколатлари доирасида уларга топшириқлар бериш;
ташқи иқтисодий алоқалар соҳасидаги энг муҳим муаммоларни маслаҳатлашиш, ўрганиш ва ҳал этиш, ушбу соҳада таклифлар тайёрлаш учун вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш учун Ўзбекистон Республикаси олимлари ва мутахассисларини ҳамда хорижий экспертларни жалб қилиш;
молиявий ва техник кўмаклашиш юзасидан халқаро молия ва иқтисодий ташкилотларга ва хорижий агентликларга сўровлар бериш;
халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро конференциялар, конгресслар, симпозиумлар ва кенгашлар ишида, давлатлараро ва ҳукуматлараро ҳамкорлик масалаларига доир музокараларда қатнашиш;
вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирокида кенгашлар ўтказиш, уларнинг ҳайъатлари ишида, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида, ижроия ҳокимият маҳаллий органлари мажлисларида, вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар ва корхоналардаги кенгашларда қатнашиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини ташқи иқтисодий ва инвестиция фаолияти юзасидан такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари билан, шунингдек ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича халқаро, хорижий, молиявий ва иқтисодий ташкилотлар билан мустақил равишда ёзишмалар олиб бориш;
ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари ва идоралари ахборотидан ва маълумотлар электрон базаларидан фойдаланиш;
«Ўзмахсусимпэкс» давлат корхонаси орқали давлат харидлари портфелини шакллантиришда Ўзбекистон Республикасининг ҳарбийлаштирилган тузилмаларидан ҳарбий-техник мол-мулкка ва махсус технологияларга бўлган эҳтиёж тўғрисида ахборотни белгиланган тартибда сўраб олиш.
12. Департамент қуйидагиларга мажбурдир:
хорижий инвестициялар жалб қилинган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши самарадорлиги мониторинги натижаларини, товарлар (хизматлар) экспорти ва импортининг йиллик ва узоқ муддати прогнозини, импортнинг ўрнини тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурлари бажарилишини, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари бажарилиши бўйича ҳисоботларни Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти кўриб чиқиши учун тақдим этиш;
вазирликлар ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонларининг, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар жалб қилинган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши юзасидан бажарилиши устидан таъсирчан назорат қилиш;
хорижий ҳукумат муассасаларининг молиявий ва иқтисодий ташкилотларининг ва йирик инвесторларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги таклифларини ишлаб чиқиш.
13. Департамент ўзи қабул қилган қарорлар учун амалдаги қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда белгиланган ўз ваколатлари доирасида жавоб беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ ЎЗ КУЧИНИ ЙЎҚОТГАН ҚАРОРЛАРИ РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти тўғрисида» 1995 йил 4 июлдаги 254-сон қарори;
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестиция дастурлари департаментини ташкил этиш тўғрисида» 1997 йил 27 декабрдаги 572-сон қарори;
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 1999 йил 8 февралдаги 55-сон қарори;
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 1999 йил 17 июндаги 304-сон қарорига илованинг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш департаменти ҳамда Инвестиция дастурлари департаментига оид қисми.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 5-сон, 25-модда; 2002 й., 20-сон, 158-модда; 2005 й., 8-9-сон, 67-модда; 32-33-сон, 248-модда; 2009 й., 52-сон, 574-модда; 2012 й., 8-9-сон, 82-модда)