Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ жойлардаги аҳолига сервис хизмати кўрсатишни яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури тўғрисида» 2016 йил 9 февралдаги ПҚ-2487-сон қарорига мувофиқ, аҳолига сервис хизмати кўрсатишни яхшилашга, аёлларнинг уй меҳнатини енгиллаштиришга, қўшимча иш ўринлари ташкил этишга ва аҳоли даромадларини кўпайтиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва лойиҳаларнинг ташаббускорлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда республиканинг чекка қишлоқларида 194 та намунавий маиший хизматлар кўрсатиш мажмуаларини ташкил этишни, ушбу мақсадлар учун банкларнинг кредитлари ажратилишини ва ер участкалари берилишини назарда тутувчи таклифлар тайёрланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан «гўзаллик салонлари», сартарошхоналар, ҳаммомлар, модалар ательеси, электр-маиший техника ва пойабзал таъмирлаш хизматлари кўрсатувчи устахоналарни ўз ичига олувчи маиший хизматлар кўрсатиш мажмуаларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги ва тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2016 йилда республиканинг чекка қишлоқларида маиший хизматлар кўрсатишнинг намунавий мажмуаларини ташкил этишнинг манзилли дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Белгилансинки, Дастур доирасида маиший хизматлар кўрсатиш намунавий мажмуаларини ташкил этиш:
мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тасдиқланадиган намунавий лойиҳалар бўйича;
лойиҳалар ташаббускорларининг ўз маблағлари, шунингдек Дастурда назарда тутилган параметрларга мувофиқ тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига амалга оширилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:
Дастурга мувофиқ ер участкалари ажратилишини ва маиший хизматлар кўрсатиш намунавий мажмуалари ўз вақтида фойдаланишга топширилишини таъминласинлар;
Дастурнинг бажарилиши тўғрисида йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсинлар.
5. Тижорат банкларига лойиҳаларнинг ташаббускорларига комплекс хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун маиший хизматлар кўрсатишнинг намунавий мажмуаларини очиш ва тегишли технологик асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаси бўйича кредитлар бериш тавсия этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзқурилишматериаллари» АК билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг лойиҳа ташкилотларининг асосланган ҳисоб-китоблари билан тасдиқланган буюртманомалари бўйича маиший хизматлар кўрсатишнинг намунавий мажмуаларини ташкил этиш учун тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ва бошқариладиган нархларда белгиланган тартибда металл прокат ва цемент ажратсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 4 май,
139-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 18-сон, 199-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2020 й., 09/20/30/0061-сон)