Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2005 — 2007 йиллар ва 2008 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўҒрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2005 — 2007 йиллар ва 2008 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиб ва муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, қўмитанинг иши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан илгари сурилган жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш ва ислоҳ этиш концепциясини амалга ошириш мақсадида депутатлар томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2005 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган қонунчилик фаолияти дастурига мувофиқ олиб борилди.
Қўмита ижтимоий соҳада муҳим аҳамиятга эга бўлган меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ қонунларни тайёрлаш, амалдаги қонунлар ижроси бўйича назорат-таҳлил фаолияти олиб бориш ва мазкур йўналишларга тааллуқли долзарб масалаларни муҳокама қилиш жараёнида ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг рўёбга чиқарилиши устидан парламент назоратини кучайтириш ва мазмун-моҳиятини тушунтириш борасидаги ишларни амалга оширди.
Ҳисобот даврида қўмита томонидан ўн битта қонун лойиҳаси тайёрланди ва Қонунчилик палатасининг кўриб чиқиши учун киритилди. Хусусан:
«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6, 38-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги, «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги (Қонуннинг янги таҳрири илова қилинган ҳолда), «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.
Бу давр мобайнида қўмита амалдаги қонунларнинг вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилишини ўн уч марта кўриб чиқди. Чунончи, қўмита томонидан «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг Фарғона вилоятида ижро этилиши масаласи ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида Қонуннинг ижро этилишини таъминлашда ижобий натижалар билан бир қаторда жиддий камчиликлар мавжудлиги ҳам аниқланди. Масалан, дорихоналар санитария талабларига жавоб бермайдиган ёки лицензиясиз ишлаётган, дори воситалари ноқонуний, бозорлар ва кўчаларда, санитария нормаларига хилоф шароитларда сотилаётган, дори воситалари «чайқов бозорида» сотилаётган, нафақат бозорларда, балки дорихоналарда ҳам қалбакилаштирилган ва сифатсиз дорилар сотилаётган ҳоллар учрайди. Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тавсия этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Қўмитанинг иш режасига биноан «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг Жиззах вилоятида ижро этилиши ўрганилди. Натижада ногиронларни, айниқса ногирон болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ўқитиш ва тарбиялаш ишида жиддий камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Ушбу масалалар қўмита йиғилишида муҳокама этилди ва қарор қабул қилинди.
«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг Сурхондарё вилоятида ижро этилиши ўрганилди. Вилоятда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқилганлиги, лекин уларнинг ижроси талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Янги иш ўринлари яратиш учун ажратилган кредитлардан белгиланган мақсадда фойдаланилмаётганлиги, улар ўз вақтида қайтарилмаётганлиги, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасининг маблағлари вилоят туманлари ўртасида нотекис тақсимланаётганлиги, бандлик масалаларига доир ҳисоботлар номукаммал олиб борилганлиги каби камчиликлар аниқланди. Мазкур камчиликларнинг барчаси қўмита йиғилишида атрофлича муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Андижон ва Навоий вилоятларида ижро этилиши ҳақидаги масала муҳокама қилинди. Бу борада ҳал қилиниши талаб этилаётган муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммоларни мониторинг қилиш, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги малакасини ошириш, бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш чораларини кучайтириш, хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш борасида турли ташкилотлар ва корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратилди. «Ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш, шунингдек вазирликлар ва идораларга меҳнатни муҳофаза қилишга доир норматив ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши ва ишлаб чиқилишини таъминлаш тавсия этилди.
Назорат-таҳлил фаолияти натижаларига кўра қўмита томонидан тегишли давлат муассасаларига мунтазам равишда тавсиялар бериб борилганлиги жойларда мавжуд камчиликларни бартараф этишга ва ишлар аҳволини яхшилашга кўмаклашди.
Қўмита аъзолари ўзларига берилган қонун ташаббускорлиги ҳуқуқини рўёбга чиқариб, тўртта қонун лойиҳаси тайёрладилар ҳамда уларни ўрганиб чиқиш ва келишиб олиш учун манфаатдор вазирликларга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юбордилар. Булар «Одамнинг аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш тўғрисида»ги, «Инсонни клонлаштиришни тақиқлаш тўғрисида»ги, «Тиббий фаолият тўғрисида»ги ва «Тиббий суғурта тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларидир.
Қўмита аъзолари ҳисобот даврида ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўтказилган ҳамда мавзуси қўмитанинг иш йўналишига ва кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларига мос бўлган турли конференциялар, семинарлар ва бошқа анжуманларда иштирок этдилар. Улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари, Олий Мажлис Сенати ва унинг қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти ҳамда бошқа муассасалар томонидан ўтказилган жами 340 та конференция, семинар ва давра суҳбатида қатнашиб, муҳокама этилган масалалар юзасидан маърузалар қилдилар.
Ҳисобот даврида қўмитага фуқаролардан 611 та мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 191 таси оғзаки равишда баён этилган. Мурожаатлар тегишлилигига қараб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларга юборилган. Мурожаатларнинг айримлари қўмита томонидан ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилган. Бундан ташқари, қўмитага турли ташкилотлар ва муассасалардан 224 та ёзма мурожаат тушган. Улар ҳам ўрганилиб, мурожаат қилганларга жавоблар қайтарилган. Мурожаатлардан 57 тасида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар баён этилган бўлиб, уларнинг кўпи қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида инобатга олинган.
Ижтимоий соҳада кенг миқёсда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини аҳолига етказиш, ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, амалдаги қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва парламент фаолиятини ёритиш мақсадида қўмита аъзолари билан оммавий ахборот воситалари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Радио ва телевидение орқали 700 тага яқин чиқиш ташкил этилди, газеталар ва журналларда 295 та мақола эълон қилинди.
Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2005 — 2007 йиллар ва 2008 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолиятига доир ҳисоботни эшитиб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2005 — 2007 йиллар ва 2008 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисобот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси:
қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамласин, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш борасидаги ишлар ўз вақтида бажарилишига эътиборни кучайтирсин;
ўз зиммасига назорат қилиш вазифаси юклатилган соҳанинг муҳимлигини ҳисобга олиб, қабул қилинган қонунларнинг жойларда ижро этилишини кузатиб бориш ҳамда қонунларнинг ижроси билан боғлиқ муаммолар келиб чиқишига йўл қўймаслик юзасидан таъсирчан таклифлар киритиш борасидаги ишларни тизимли асосда ташкил этсин;
фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида сайёр йиғилишлар ўтказиш амалиётини янада кенгроқ қўлласин, қабул қилинаётган қонунларнинг аҳамияти ва моҳиятини аҳоли ўртасида тушунтириш мақсадида уларни марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишни ташкил этиш ишларини кучайтирсин;
жамоатчилик эксперт гуруҳи таркибини тажрибали мутахассислар билан кучайтирган ҳолда унинг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва экспертиза қилиш масалаларига доир ишини фаоллаштирсин;
«Ёшлар йили» Давлат дастурини амалга ошириш масалаларида қўмита аъзоларининг фаол иштирок этишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси мазкур Қарорнинг ижроси тўғрисида 2008 йил якунлари бўйича ахборот тақдим этсин.
4. Ушбу қарорнинг ижроси устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Рустамов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 23 сентябрь,
872-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 9-сон, 502-модда)