Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2008 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 257,6 млрд сўм миқдорда ортиқ бўлди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,9 фоиз миқдорда профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни эркинлаштириш жараёнлари янада чуқурлаштирилишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, қатъий пул-кредит сиёсати ўтказилишини, шунингдек бюджет харажатларининг самарадорлиги ва мақбуллиги оширилишини, иш ҳақи, стипендиялар, нафақалар ҳамда аҳолига бошқа ижтимоий тўловлар тўлаш учун бюджет харажатлари тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилишини, «Ёшлар йили» Давлат дастурини рўёбга чиқариш юзасидан тадбирлар ўтказилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет даромадлари кўрсаткичларининг сўзсиз бажарилиши зарурлигига, Давлат бюджетининг ғазна ижроси таъминланишига, минтақаларнинг солиқ базасини ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар кўрилиши ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари молиялаштирилишига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 26 август,
858-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 8-сон, 427-модда)