Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2010 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2010 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2010 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2010 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 49,8 млрд сўм миқдорда ортиқ бўлди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорда профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича Инқирозга қарши чоралар дастурини сўзсиз рўёбга чиқариш, макроиқтисодий мутаносибликни ва иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлигини таъминлаш юзасидан зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширсин, шунингдек самарали инвестиция сиёсатини ўтказиш ҳамда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини техник жиҳатдан модернизация қилиш ва технологик янгилашга доир стратегик аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш, солиқ тушумлари механизмини такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, иш ҳақи, стипендиялар, нафақалар ҳамда аҳолига бошқа ижтимоий тўловлар тўлаш учун бюджет харажатларини тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш, «Баркамол авлод йили» Давлат дастурини рўёбга чиқариш юзасидан тадбирлар ўтказиш борасидаги ишларни давом эттирсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори тегишли маҳаллий бюджетларга тўловларнинг тўлиқ тушиши таъминланишига, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишига қаратилсин. Бюджет интизомига риоя этилиши ҳамда минтақаларнинг молиявий салоҳиятини ошириш юзасидан амалий чоралар кўрилиши устидан назорат кучайтирилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2010 йил 16 сентябрь,
151-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 9-сон, 355-модда)