Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга оширишнинг бориши тўғрисида
Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг ташаббуси билан киритилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қайд этадики, Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаёти соҳасида социал-иқтисодий ислоҳотларни ва демократик ўзгаришларни янада такомиллаштиришнинг самарали йўлларини аниқлаш борасида тизимли ва изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар жараёнларида республика парламенти томонидан амалга оширилаётган аниқ мақсадга қаратилган қонун ижодкорлиги иши муҳим ва ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Беш юздан зиёд қонун қабул қилинди, юздан зиёд халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан БМТнинг инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва унинг уйғун камол топиши масаласига бевосита алоқадор бўлган олтита асосий ҳужжати ратификация қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзоларининг ахбороти ва маърузаларини эшитиб, Қонунчилик палатаси демократик ўзгаришларнинг мамлакатни модернизация қилишга қаратилган танланган йўли тўғрилигини таъкидлайди.
Ўзбекистондаги барқарор иқтисодий ўсиш — бу изчил олиб борилаётган бозор ислоҳотлари, иқтисодиётдаги чуқур тузилмавий ўзгаришларнинг натижаси бўлиб, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, касаначиликни ривожлантириш унинг муҳим таркибий қисмидир.
Кейинги 10 йил мобайнида давлат томонидан амалга оширилган ана шу барча кенг миқёсли ишлар тараққиётнинг тегишли босқичида БМТнинг кам таъминланганликни ва тўлақонли овқатланмасликни қисқартиришдан иборат Минг йиллик ривожланиш мақсадларини кенг кўламда бажаришни таъминлади.
Таълим соҳасида — мамлакатимизда ўз мазмун ва моҳиятига кўра ноёб бўлган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури муваффақиятли амалга оширилди, ушбу Дастур ўн икки йиллик яхлит узлуксиз таълим тизимига ўтиш ҳамда таълим жараёнларининг сифатини тубдан ва тизимли оширишга, кадрларнинг юксак даражадаги умумий ва касб маданиятига эга бўлган янги авлодини шакллантиришга қаратилган махсус чора-тадбирларни кўриш имконини берди.
Умумтаълим ўқуви давлат томонидан кафолатланади, 7 — 15 ёшдаги болаларнинг бошланғич ва умумий таълимга қамраб олиниши, шунингдек аҳолининг саводхонлик даражаси мутлақ ўлчамларга мос келади, бу эса БМТнинг бошланғич ва ўрта мактабларда таълим сифатини ошириш соҳасидаги Минг йиллик ривожланиш мақсадларининг Ўзбекистон томонидан анча илдам бажарилаётганлигини тўлиқ тасдиқлайди.
Сўнгги йилларда тиббий хизмат тизими амалда тўлиқ модернизация қилинди, аҳолига бепул юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун юксак талабларга жавоб берувчи касалхоналар ва бўлимларнинг ихтисослаштирилган тармоғини ташкил этиш ислоҳотларнинг энг муҳим ва аниқ натижаси бўлди. Мамлакатда замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган қишлоқ шифокорлик пунктлари, оналар саломатлигининг аҳволини тизимли назорат қилишни амалга оширувчи ва соғлом болалар туғилишига кўмаклашувчи ихтисослаштирилган скрининг марказлари ишлаб турибди.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги тизимли чора-тадбирлар ҳамда «Соғлом авлод», «Она ва бола» мақсадли дастурлари ва бошқа дастурларнинг бажарилиши натижасида Ўзбекистон Республикасида 2010 йилда БМТнинг бу масалалардаги Минг йиллик ривожланиш мақсадлари амалга оширилди.
Жамоатчилик назорати институти жамиятнинг давлат билан самарали алоқасини таъминлаш, ўтказилаётган чуқур демократик ислоҳотларни, мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ривожлантириш мақсадлари ва устуворликларини аҳоли томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек халқнинг бахт-саодатини таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва таъминлаш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим қисмига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Г.К. Саидова, Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А.А. Ҳаитов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири А.Р. Мараҳимов, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.М. Маъруфова, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.И. Икромов, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н.М. Умаров, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги халқаро иқтисодиёт бўлими бошлиғи А.Ҳ. Усмоновнинг жамият фаровонлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш ва мактаб таълимини ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги ва социал-иқтисодий ислоҳотлардаги ролини фаоллаштириш, соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш, мақсадли давлат дастурларини («Соғлом авлод», «Она ва бола») амалга ошириш ва юқумли касалликларнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш, Оролбўйи муаммоларини ҳал этиш ва минтақанинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, глобал шерикчилик доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ахборотлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга ошириш борасида қўшимча чора-тадбирлар кўриш, шунингдек уларнинг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш;
БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга оширишни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш;
БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича ўтказилаётган чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ҳар йили ахборот бериш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
ўзининг назорат-таҳлил фаолиятида БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишга қаратилган масалаларни мунтазам муҳокама этсин;
БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини Ўзбекистонда амалга ошириш борасида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни ўрганиш ва такомиллаштириш учун глобал шерикчилик доирасидаги узвий ҳамкорликда конференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ўтказсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У.Н. Муҳаммадиев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2010 йил 9 сентябрь,
141-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 9-сон, 345-модда)