Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ўтган давр мобайнида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда экологик вазиятни соғломлаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилган.
2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан қўйилган вазифаларни бажаришга қаратдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2009 йил 28 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги 641-I-сонли қарорини бажариш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилган, бу тадбирлар натижасида атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг умумий ҳажми 2008 йилдагига нисбатан 55 минг тоннага ёки 2,5 фоизга камайган, 1,26 млн тонна қаттиқ ва 161,7 минг куб метр суюқ чиқиндилар қайта ишланган, 1,4 млн куб метр ичимлик суви тежаб қолинган, 1263,3 гектар ер қайта тикланган. 18,6 мингта автотранспорт воситаси газ ёқилғисига ўтказилган. Еттита дарё, шу жумладан, Сирдарё ҳавзасининг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан экологик хавф туғдириши мумкин бўлган 167 та объект олиб чиқилган. Оролбўйи минтақасида Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги 15 минг гектар майдонга туз ва чангни тўхтатувчи ўсимликлар экилган.
Назоратдаги хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилган текширишлар сони 66,2 фоиз камайган. Таҳлилий ва профилактика йўналишидаги ишлар кучайтирилган. Асбоб-ускуналар ёрдамида текшириш усули билан 248,4 мингта атроф муҳитни ифлослантирувчи манба кўрикдан ўтказилган, бу 2008 йилдагига нисбатан 7,7 фоиз кўпдир. «Тоза ҳаво» операциясини ўтказиш чоғида 226,5 мингта автотранспорт воситаси текширувдан ўтказилган. Атроф муҳитни белгиланган нормативлардан ортиқ даражада ифлослантираётган 21 мингга яқин ҳаракатланувчи манба аниқланиб, 2907 дона автотранспорт воситасидан фойдаланиш вақтинча тўхтатиб қўйилган.
Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўпол тарзда бузганлиги учун 18,3 минг нафар мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, бу 2008 йилдагига нисбатан 16,4 фоиз камдир. Атроф муҳитга етказилган зарарни қоплаш бўйича олдинги ҳисобот йилидагига нисбатан тегишлича 29,2 фоиз кўп жарима солинган ва 31,8 фоиз кўп даъво қўзғатилган.
Табиатни муҳофаза қилиш маҳаллий жамғармаларига 4,25 млрд сўм тушган бўлиб, бу 2008 йил даражасига мос, шундан 1,68 млрд сўм Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилган.
Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастурини амалга ошириш жараёнида ҳисобот даврида 2008 — 2012 йилларга режалаштирилган 76 та тадбирдан саккизтаси бажарилган, 64 таси бажарилмоқда, битта тадбир бажарилмаган, учта тадбирни рўёбга чиқариш муддати келмаган. 62 та қонун, қарор, халқаро ҳужжат ва идоравий норматив ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари давлат экологик экспертизасига тақдим қилинган материаллар юзасидан 16176 та хулоса берган бўлиб, бу 2008 йилга нисбатан 32,2 фоизга кўпдир. Инқирозга қарши чораларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастури амалга оширилишини таъминлаш мақсадида давлат экологик экспертизасини ўтказиш нархи пасайтирилган, натижада, тадбиркорлик субъектларининг маблағлари 346,9 млн сўм миқдорида тежалган ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришга инвестицияланган.
Табиат ва табиий ресурсларни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқига халқаро аҳамиятга молик сувчил-ботқоқ майдонлар тўғрисидаги Рамсар конвенциясининг бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳисоботи юборилган. Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборларини Халқаро аҳамиятга молик сувчил-ботқоқ майдонлар рўйхатига киритиш ҳақида лойиҳавий таклиф тақдим этилган. Турғун органик ифлослантирувчилар тўғрисидаги Стокгольм конвенцияси ҳамда Трансчегаравий контекстда атроф муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги конвенцияга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши зарурлиги асосларини тайёрлашда иштирок этилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан манфаатдор вазирликлар ва қўмиталар билан ҳамкорликда Майлуу-Суу дарёси минтақасида жойлашган радиоактив чиқиндиларнинг атроф муҳитга таъсири тўғрисида таҳлилий маълумотлар тўплаб борилмоқда. «Тожикистон алюмин компанияси» давлат унитар корхонаси таъсири остида бўлган Сурхондарё вилоятининг айрим туманларида атроф муҳитнинг ҳолатини мониторинг қилиш дастури бўйича ишлар бажарилган. 2008 — 2009 йиллар ва 2010 йилнинг биринчи чораги давомида олиб борилган кузатувлар Тожикистон алюмин компанияси Сурхондарё вилояти айрим туманларининг атроф муҳитига кўрсатаётган таъсир ўртача барқарор даражада эканлигини аниқлаш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг илмий бўлинмалари томонидан табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик жиҳатдан тоза ва ресурсларни тежайдиган технологияларни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш технологияларини жорий этиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 132 млн сўмлик илмий-тадқиқот ишлари бажарилган. Шу йилнинг 14 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш дастури Концепциясининг лойиҳаси киритилган.
Табиий ресурслар давлат кадастрини юритиш бўйича ишлар давом эттирилган. Тошкент вилояти ва Фарғона водийси ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг давлат кадастри тузилган.
Ўзбекистон Республикасида 2009 — 2011 йилларда балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, табиатни муҳофаза қилиш республика ва маҳаллий жамғармаларидан балиқ хўжаликларини ривожлантиришга 81,6 млн сўм ажратилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва тўртта вилоятда балиқ ресурсларини қайта етиштириш бўйича бешта цех ташкил этилган.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги статистик ҳисоботларни юритиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг қўшма ҳайъати томонидан давлат статистика ҳисоботига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Экологик билимлар ва таълимни тарғиб қилиш бўйича ишлар фаоллаштирилган. Экологик мавзудаги радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувлар сони 2008 йилдагига нисбатан 27 фоизга, маъруза ва суҳбатлар — 43,7 фоизга ўсган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича давлат назоратини амалга оширадиган махсус мутасадди давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасида ўз ваколатларидан тўла фойдаланмаётир;
табиатдан фойдаланишни бошқаришнинг иқтисодий механизмини янада такомиллаштириш бўйича етарли даражада самарали чоралар кўрмаяпти;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган ҳудудий ҳаракат дастурлари тадбирларини рўёбга чиқариш имкониятларидан тўла фойдаланаётгани йўқ;
дахлдор вазирликлар, идоралар ва халқаро ташкилотларнинг Оролбўйи зонасида экологик ҳолатни соғломлаштириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни етарлича амалга оширмаяпти;
Ангрен, Фарғона, Тошкент, Навоий, Нукус, Чирчиқ, Бухоро ва Сариосиё сингари шаҳарларда ифлослантирувчи моддаларнинг айрим ингредиентлари бўйича ифлосланиш даражаси санитария-гигиена нормаларига қадар пасайтирилишига зарур эътибор қаратмаётир;
қўриқланадиган табиий ҳудудлар ерларидан, кенг тарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш, шунингдек ерларни қайта тиклаш устидан тўлиқ назоратни амалга оширмаётир;
Ўзбекистон Республикаси Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича 2008 — 2015 йилларга мўлжалланган ҳаракат режасини амалга ошириш юзасидан етарлича иш олиб бормаган;
экологик жиҳатдан тоза ва ресурсларни тежайдиган технологиялар, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш технологияларини жорий этиш ишларининг самарадорлик даражасини оширмаган.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2009 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Умаров) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Икромов), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Б. Матлюбов), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (З. Рўзиев), Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Т. Худойбергенов), Ўзбекистон Республикасининг Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (С. Арабов), «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси (И. Халматов) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази (В. Чуб) билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли ҳудудий ҳаракат дастурларини амалга ошириш тадбирлари бажарилишини мувофиқлаштириб боришни ва қатъий назорат қилишни таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Умаров):
экологик хавфсизликни ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган ишни давом эттирсин;
жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, экотуризм соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш йўли билан аҳоли бандлигини таъминласин;
Оролбўйи зонасидаги экологик вазиятни соғломлаштириш ишини фаоллаштирсин;
табиатдан фойдаланишда иқтисодий механизмни янада такомиллаштириш ва жорий этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқа дахлдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича 2008 — 2015 йилларга мўлжалланган ҳаракат режасини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни кўрсин;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (З. Рўзиев), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти (И. Мурабдуллаев) билан биргаликда балиқ хўжаликларини паспортлаштиришни якунига етказсин, Инқирозга қарши чора-тадбирларнинг 2009 — 2012 йилларга мўлжалланган дастурининг асосий йўналишларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси балиқ хўжаликларининг маҳсулдорлиги ва рентабеллигини ошириш бўйича аниқ тадбирлар ишлаб чиқсин;
дахлдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда экологик жиҳатдан тоза ва ресурсларни тежайдиган технологиялар, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш технологияларини жорий этиш бўйича ишларни фаоллаштирсин;
соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг чиқиндиларни тўплаш, йўқ қилиш ва қайта ишлаш пунктлари ва полигонларини қуриш ҳамда мавжуд пункт ва полигонларни белгиланган талабларга мос ҳолга келтириш борасидаги фаолиятини назорат қилиб борсин ва мувофиқлаштирсин;
аҳолининг экологик таълими, маданияти ҳамда тарбияси тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган ҳудудий ҳаракат дастурларида белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминласин;
Ангрен, Фарғона, Тошкент, Навоий, Нукус, Чирчиқ, Бухоро ва Сариосиё сингари шаҳарларда ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормаларига қадар пасайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин;
саноат ва коммунал-маиший оқова сувларни тозалаш иншоотларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича ишларни давом эттирсин;
турли объектлар қуриш ва жойлаштириш учун ер участкаларини ажратиш чоғида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бажарилишига қатъий риоя этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мазкур қарор ижро этилишининг бориши ҳақида 2010 йилнинг 1 октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим қилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (Х. Разаков) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 8 май,
57-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 й., 5-сон, 207-модда)