Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ахборотини эшитиш ҳақидаги таклифи тўғрисида
Ҳукумат аъзолари фаолиятига оид масалалар юзасидан уларнинг ахборотини, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш тартибининг 3 ва 4-бандларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ахборотини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида эшитиш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Тадбирни, шунингдек ушбу тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш режасини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси масъул этиб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирига юбориладиган тахминий саволлар рўйхатига розилик берилсин.
4. Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери номидан Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисига таклиф этиш тўғрисида тахминий саволлар рўйхатини илова қилган ҳолда хат тайёрласин.
5. Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисида»ги ахборотини эшитишга тайёргарликнинг боришини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Х.А. Кетмонов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 15 сентябрь,
221-III-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 й., 9-сон, 349-модда)