Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2008 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2008 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 100,6 млрд сўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,7 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлиги ва мақбуллиги оширилишини, солиқ тушумлари механизми такомиллаштирилишини, самарали инвестиция сиёсати ўтказилишини, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини ва бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилишини, шунингдек бюджетнинг биринчи навбатдаги харажатлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муҳофаза қилиш тадбирлари ҳамда бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга оид бошқа тадбирлар тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилиши юзасидан аниқ чоралар кўрилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори тегишли минтақалар бўйича бюджетга тўловлар тўлиқ тушишини, минтақаларнинг солиқ базаси ва молиявий салоҳиятини кенгайтириш юзасидан амалий чоралар кўриш ҳамда шу асосда маҳаллий бюджетларнинг харажатлари тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш зарурлигига қаратилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 23 май,
800-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 5-сон, 251-модда)