Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини такомиллаштиришга, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ ишларига доир масалаларни эшитиб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Қонунчилик палатасининг профессионал қонун ижодкорлиги фаолиятида кейинги уч йил ичида маълум тажриба тўпланди, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қўмиталарда ва сиёсий партиялар фракцияларида муҳокама қилишни ташкил этиш борасида муайян ижобий амалиёт мавжуд.
Қонунчилик палатаси қўмиталарининг назорат-таҳлил фаолиятида ҳам тўпланган тажриба асосида ижобий тамойиллар таркиб топди. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар нафақат жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, балки муайян соҳаларда юзага келадиган муаммоларни қонун йўли билан ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, қонунларни самарали ва оғишмай ижро этишга доир тавсиялар бериш учун ҳам имкон яратди.
Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари ўз сайловчиларининг манфаатларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳалари юзасидан аниқ нуқтаи-назарни белгилаб олишга, қонун лойиҳаларининг мустақил экспертизасини ташкил этишга, қонун лойиҳаларини янада батафсил муҳокама қилишга, қўмиталарга амалий таклифлар киритишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ҳуқуқни қўллаш амалиёти талабларини тўлароқ акс эттириш мақсадида Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини янада такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Қонунчилик палатаси қўмиталари бундан буёнги ишларида муайян муаммоли жиҳатларга эътиборни қаратишлари лозим. Хусусан, экспертлар, амалиётда ишлайдиган мутахассислар кенг доирасини жалб этган ҳолда Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини муҳокама этишнинг барча босқичларида муҳокаманинг ўтиши тартиб-таомилини такомиллаштириш зарур. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин алоқаларни давом эттириш, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятида уларнинг таклифларини ҳисобга олиш ҳам зарурдир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайлов округларидаги ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ иш амалиётини ҳам такомиллаштириш талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари қонун лойиҳаларини муҳокама қилишнинг ҳамма босқичларида барча қўмита аъзоларининг фаол иштирок этишини ҳамда қонун лойиҳаларини тайёрлаш, муҳокама этиш ва қонунлар қабул қилишнинг бутун жараёни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласинлар. Қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлаш чоғида уларнинг долзарблиги ва амал қилиш соҳаларидан келиб чиқиб, муҳокамага жалб этиладиган олимлар, экспертлар доираси кенгайтирилсин ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнини оммавий ахборот воситаларида тўлароқ ёритиш таъминлансин.
2. Амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонунларнинг ижро этилиши жараёнида муаммоларни, қўмиталар ишлаб чиққан тавсияларнинг ижро этувчи ҳокимият органлари ишига, муайян тармоқни ривожлантиришга ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини жадаллаштиришга таъсирини аниқлаш мақсадида қўмиталарнинг назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш таъминлансин.
3. Қўмиталарнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятида тўплаган ижобий тажрибасини такомиллаштириш ҳамда ёйиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг мажлисида қўмиталар ўз фаолияти ҳақида вақти-вақти билан ҳисобот бериб бориши амалиётга киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини ва қабул қилинаётган қонунлар ижросини мониторинг қилишни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятининг 2008-2009 йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича гуруҳ тузилсин ҳамда ушбу Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритилсин (масъул — А.Х. Шодмонов).
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштириш, Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга доир фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида қўмиталар раисларининг Олий Мажлис Сенатига юбориладиган қонунлар учун масъулиятини оширишга ва бунда парламент ҳар иккала палатасининг қўмиталари ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилсин (масъул — А.С. Турсунов).
6. Қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини фуқароларга тушунтириш, кенг жамоатчиликни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бориши тўғрисида ахборот билан таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг барча жиҳатлари оммавий ахборот воситаларида самарали ва мунтазам ёритиб борилсин. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари оммавий ахборот воситаларида қўмита фаолиятининг барча томонларини ёритилиши учун қўмита аъзолари таркибидан масъул депутатни белгиласин (масъул — Х.Н. Дўсмуҳамедов).
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг 62-моддасига мувофиқ депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари мунтазам ва самарали ўтказиб борилишини таъминлаш мақсадида тегишли тавсиялар ҳамда иш жадвали ишлаб чиқилсин ва тасдиқлаш учун киритилсин. Бунда жойларда қонун лойиҳаларининг муҳокама қилинишини, қабул қилиб бўлинган қонунларнинг тушунтирилишини, қонунларнинг рўёбга чиқарилиши амалиётини ўрганишни ташкил этиш, у ёки бу аниқ тармоқлардаги мавжуд муаммоларни қонун йўли билан таъминлаш масалалари назарда тутилсин (масъуллар – А.А. Рустамов, Н.М. Исмоилов).
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2008 йил 4 февраль,
722-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 2-сон, 111-модда)