Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
2015 йилда ҳудудлар ва йўналишлар бўйича 261,6 мингта иш ўринлари ташкил этиш ҳамда 725,9 минг кишининг — жами 987,5 минг кишининг бандлигини, шу жумладан касб-ҳунар коллежларининг 487,7 минг нафар битирувчиси ва қайтиб келаётган 409,5 минг нафар меҳнат мигранти ишга жойлаштирилишини таъминлаш;
2011 — 2015 йилларда саноатни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисидаги дастур, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш тармоқ дастурлари, Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури, инвестиция дастурлари амалга оширилишига мувофиқ равишда иш ўринлари сонини кўпайтириш;
иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда кичик бизнеснинг ролини янада ошириш, айниқса, имкон қадар қулай ишчанлик муҳитини яратишга, кичик бизнес субъектларининг кредит ва моддий-хом ашё ресурсларидан фойдаланишини кенгайтиришга қаратилган қабул қилинган қонун ҳужжатларига мувофиқ оилавий тадбиркорликни, анъанавий миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига янада ошириш;
ишсизларни ва ишда банд бўлмаган аҳолини, аёллар, ногиронлар ҳамда аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган бошқа тоифаларини ишга жойлаштириш;
иш ўринлари тўғрисидаги интерактив маълумотлар базасини шакллантириш борасида зарур чора-тадбирлар кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари ва параметрлари тегишли ҳудудда бажарилишини таъминласин;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини, қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жой қурилишини ва пудрат асосидаги қурилиш ишларини, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантириш, бекор турган корхоналарни қайта тиклаш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ дастурларни амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин;
вилоят марказларида, йирик шаҳарлар ва туманларда потенциал иш берувчилар иштирокида ихтисослаштирилган иш ўринлари ярмаркалари ўтказилишини ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги:
2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг республика туманлари ва шаҳарлари, тармоқлар ва аниқ корхоналар кесимида амалга оширилиши ҳақиқий вақт режимида, вазирликнинг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда тизимли ва мунтазам мониторинг қилинишини таъминласин;
2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг, шунингдек ҳокимликларнинг маълумотлари асосида ҳар чоракда умумлаштирилган ахборот ва материалларни тақдим этсин;
мустақил равишда ишга жойлашиш учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, иш жойини танлаш бўйича бепул маслаҳатлар берилишини таъминласин.
5. Тижорат банкларига касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг битирувчиларига олган ихтисослигига мувофиқ равишда ишга жойлашиш билан бир қаторда ўз ишини ташкил этиш ва юритиш учун имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини давом эттириш тавсия этилсин.
6. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази корхоналар (иш берувчилар), касб-ҳунар коллежлари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномаларнинг шартларига риоя этилиши самарадорлигини ва амалийлигини оширсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қўмиталари назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари ва параметрларини бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратсин, уларнинг якунлари бўйича Дастурнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга доир таклифларни ишлаб чиқсин ҳамда тавсия этсин.
8. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.
9. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2014 йил 22 октябрь,
992-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 10-сон, 269-модда)