Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 33,9 млрд cўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2014 йилги дастурининг энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш мақсадида:
макроиқтисодий барқарорликка эришилишини ҳамда иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсиши ва унинг рақобатбардошлигини;
ишлаб чиқаришни модернизация қилишга, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган стратегик аҳамиятга молик инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини;
солиқ тушумлари механизми мақбуллаштирилиши ва такомиллаштирилишини;
қишлоқ хўжалигини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш чора-тадбирлари амалга оширилишини;
инвестиция иқлими ва ишчанлик муҳитини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури амалга оширилишини;
таълим тизимида ислоҳотлар янада чуқурлаштирилишини, таълим жараёни даражаси ва сифатини оширишга қаратилган таълим стандартлари ва дастурлари такомиллаштирилишини, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш давом эттирилишини;
соғлиқни сақлаш тизими янада ислоҳ қилиниши ва ривожлантирилишини;
зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш бўйича «йўл хариталари» мақсадли дастурларининг амалга оширилишини;
ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларининг тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилишини;
«Соғлом бола йили» Давлат дастурини бажариш доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, таълим сифатини ошириш, ёшларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш чора-тадбирлари амалга оширилишини;
2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ҳамда 2013 — 2020 йилларда телекоммуникация технологияларини, алоқа тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш дастури бажарилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори иқтисодий ўсиш суръатларининг барқарорлигини таъминлашга ҳамда шу асосда тегишли бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишига эришилишига, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишига қаратилсин. Бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва бюджет интизомига риоя этиш, минтақаларнинг молиявий салоҳиятидан энг юқори даражада фойдаланиш бўйича амалий чоралар кўриш юзасидан назорат кучайтирилсин.
4. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2014 йил 16 сентябрь,
978-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 9-сон, 249-модда)