Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг «Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳолати ва истиқболлари, уларни педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда мазкур муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 25-моддасига мувофиқ Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияларининг ташаббусига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг «Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳолати ва истиқболлари, уларни педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда мазкур муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги ахборотини эшитди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси шуни қайд этадики, мамлакатимизда соғлом, баркамол авлодни шакллантириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди, мактабгача таълим соҳасини тартибга соладиган ва ўндан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ўз ичига оладиган норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Таълим тизимини такомиллаштириш, унинг узлуксизлигини таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар кўрилмоқда, таълим муассасалари инфратузилмасини ривожлантириш, уларни қуриш ва таъмирлаш бўйича тизимли ҳамда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
«Соғлом бола йили» Давлат дастурида мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, шу жумладан уларни капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек аҳоли пунктларида янги муассасаларни барпо этишга қаратилган аниқ вазифалар қўйилган.
Ҳозирги замон талаблари ва стандартларини инобатга олган ҳолда мактабгача таълим муассасаларининг тармоғини кенгайтириш, уларни реконструкция ва модернизация қилишга, шунингдек уларни Давлат бюджетидан молиялаштириш ҳажмларини оширишга тобора катта эътибор қаратилмоқда. Кейинги 3 йил ичида мактабгача таълим муассасаларини молиялаштириш ҳажми 2 баравар ошди ва 1,2 трлн сўмни ташкил этди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда 4950 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда, уларга 581539 нафар бола жалб этилган, бу эса 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг 23 фоизидан ортиғини ташкил этади. Мамлакатимизда 75 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси мавжуд, уларда 4485 нафар бола тарбияланмоқда.
Мактабгача таълим муассасаларида болалар мактабгача ёшдаги болаларни камолга етказиш ва уларни мактабга тайёрлашга қўйиладиган давлат талаблари асосида ишлаб чиқилган, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2011 йилда тасдиқланган «Болажон» базавий дастури асосида ўқитилмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан 2013 йилдан буён мактабгача таълим муассасаларида «Инглиз тили билан дўстлашайлик» дастури кенг ва фаол татбиқ этилмоқда.
Мамлакатимизда болалар боғчасига ва бошқа мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болаларни мактабда таълим олишга тайёрлаш мақсадида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилди. Жумладан, агар 2013 йилда 938 та гуруҳ фаолият олиб борган бўлса, 2014 йилда қўшимча равишда яна 1220 та гуруҳ очиш, шунингдек 45 фоизгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни таъминлаш учун мавжуд қувватлардан фойдаланиш коэффициентини оширишга доир чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Болаларни мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида ота-оналарга тарқатиш учун ҳар бирининг адади 436 минг нусхадан иборат бўлган кўргазмали қўлланмаларнинг 5 та тўплами ишлаб чиқилди.
Мактабгача таълим муассасалари педагог кадрларининг 7039 нафари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқувдан ўтди, 59 ном ҳамда йўналиш бўйича ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди ва нашр этилди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан бошқа тегишли муассасалар билан биргаликда «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган 2015 — 2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқиш юзасидан фаол иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга бир қатор камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар мавжуд. Жумладан, ҳозирда фаолият олиб бораётган мактабгача таълим муассасаларидан 1346 таси мослаштирилган биноларда жойлашган. 351 та (7,1%) мактабгача таълим муассасасида водопровод ёки артезиан тармоқлари мавжуд эмас.
Болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб этиш масаласи, айниқса қишлоқ туманларида ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг атиги тўртдан бир қисми мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Бу ҳолат мактабларда мактабгача таълим муассасаларида таълим олган болаларга нисбатан турли фанларнинг суст ўзлаштирилишида ўз аксини топмоқда.
Бундан ташқари, фаолият кўрсатаётган 75 та нодавлат таълим муассасасидан фақат 14 таси (18,7%) қишлоқ туманларида ташкил этилган.
Таълим муассасасининг фаолиятини таълим турлари бўйича ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида болаларни камол топтириш учун ўйинчоқлар, услубий қўлланмалар ва болалар адабиёти билан таъминлашга, спорт майдончаларини барпо этиш ҳамда белгиланган санитария-гигиена ва эстетика талабларига мувофиқ овқатланиш ҳамда дам олиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ мактабгача таълим муассасаларида болаларда онг, мантиқий фикрлашнинг эрта ривожланишига кўмаклашувчи ва уларнинг фаоллигини оширувчи кўргазмали қўлланмалар, тарбиявий материаллар, мантиқий ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминланганлик паст даражада.
Мактабгача таълим муассасаларида давлат талабларига мувофиқ ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишга, тарбияланувчиларнинг ўқув-тарбия дастурлари бўйича ўзлаштириш даражасини, педагог кадрларнинг салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бугунги кунда давлат мактабгача таълим муассасаларида 52205 нафар тарбиячи-педагоглар ишламоқда, уларнинг фақат 30 фоизга яқини олий маълумотли, психологлар, дефектологлар, мусиқа, жисмоний тарбия ўқитувчилари етишмовчилиги мавжуд.
Болаларни ўқитиш, интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама камолга етказиш масалаларини ўз ичига олган, психологлар ва дефектологларнинг болалар билан албатта иш олиб боришини назарда тутадиган таълим талабларига мувофиқ илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, болаларни мактабга тайёрлашнинг тубдан янги дастурларини амалиётга татбиқ этиш долзарбдир. Шу муносабат билан, мактабгача таълим услубиётчилари, мактабгача таълим муассасалари психологлари ва дефектологларининг асосий вазифалари ва функцияларини уларнинг зиммасига юклатилган вазифалар доирасини ҳамда уларнинг иш натижаларини баҳолаш мезонларини аниқ белгилаган ҳолда танқидий кўриб чиқиш зарур.
«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг бажарилишини таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларининг тармоғини ривожлантириш, уларни педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда мазкур муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган янги қоидалар ва нормаларни ишлаб чиқиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг «Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳолати ва истиқболлари, уларни педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда мазкур муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
жойнинг демографик хусусиятларини инобатга олган ҳолда янги, шу жумладан кичик мактабгача таълим муассасаларини қуриш йўли билан болаларни мактабгача таълимга қамраб олишни босқичма-босқич ошириб боришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни кўриш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш, янги биноларни қуриш ва ишга тушириш, ўқув-услубий адабиёт билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали, тажрибали педагоглар, услубиётчилар, дефектологлар, психологлар билан таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яхшилаш, мазкур лавозимларни киритиш нормативларини қайта кўриб чиқиш, педагоглар фаолиятини иш стажи, малакаси ва болалар билан ишлаш усулларига қараб рағбатлантириш механизмини яратишни назарда тутган ҳолда 2015 — 2020 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш давлат дастури қабул қилинишини жадаллаштириш;
нодавлат мактабгача таълим муассасаларини, айниқса қишлоқ жойларда ташкил этишни, шу жумладан уларга солиқ ва преференциялар бериш йўли билан рағбатлантирувчи норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида ёрдамчи хўжаликни юритиш учун ер участкаларини ажратишга доир чора-тадбирларини кўриш;
мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болаларни қисқа муддатли гуруҳларда мактабга бориши олдидан кенг тайёрлашни, мактабгача таълим муассасасида, мактабгача таълим муассасалари бўлмаган жойларда эса, умумтаълим мактабларида қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этишни таъминлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:
мамлакатда ўртача муддатли ва узоқ муддатли даврларда мактабгача таълим тизимини изчил ривожлантириш эҳтиёжларига узвий боғлиқ ҳолда олий ўқув юртларида юқори малакали педагоглар, дефектологлар, психологларни тайёрлаш, уларни малака ошириш институтларида қайта тайёрлаш, болаларни ўқитиш, интеллектуал, маънавий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама камол топтириш масалаларини, шунингдек улар билан психологлар ва дефектологлар албатта иш олиб боришни назарда тутадиган таълим дастурларини ишлаб чиқиш, «Болажон» базавий дастури асосида мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга тайёрлаш бўйича вариатив, қулай моделларни ривожлантириш ҳисобига мактабгача таълим муассасалари ишининг сифатини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин;
болаларда онг, мантиқий фикрлашнинг эрта ривожланишига кўмаклашувчи ва уларнинг фаоллигини оширувчи кўргазмали қўлланмалар, тарбиявий материаллар, мантиқий ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрсин;
замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мактабгача таълимнинг ташкил этилиши шакллари ва усуллари амалиётга татбиқ этилишини, болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, уларда ҳуқуқий ва экологик маданиятни шакллантиришга, уларга атрофидаги табиатга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш кўникмаларини сингдиришга, болаларда, айниқса, қиз болаларда жисмоний тарбия ва спортга муҳаббат уйғотишга қаратилган аниқ тадбирлар амалга оширилишини таъминласин;
қисқа муддатли гуруҳларнинг ташкилий-ҳуқуқий ва дастурий негизларини илмий асослаш, уларда таълим олиш ва болаларни тарбиялаш учун зарур билимлар мажмуини шакллантириш йўли билан мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари ҳузурида қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этишга доир дастурларни ишлаб чиқсин;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда болаларни эрта камол топтиришнинг муҳимлигини, уларнинг ижтимоий ҳаётга кириб боришида мактабгача таълим муассасаларининг ролини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва тушунтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари жойларда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни педагог кадрлар билан таъминлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ушбу қарорнинг ижроси устидан назоратни таъминласин.
6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2014 йил 11 июль,
939-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 7-сон, 172-модда)