Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Таъкидлаб ўтилсинки, 2014 йил биринчи чорагида Давлат бюджети даромадлари унинг харажатларидан 56,9 млрд cўм миқдорида ортиқ бўлишига эришилди ёки Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси макроиқтисодий барқарорлик янада мустаҳкамланишини ва иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш мақсадида:
иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш ва унинг рақобатбардошлилигини ошириш;
инвестиция шароитини янада такомиллаштириш ва чет эл инвестицияларини жалб этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш;
ишлаб чиқаришни модернизация қилишга, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга қаратилган стратегик аҳамиятга молик ҳамда самарали инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
ички талабни рағбатлантириш ва ички бозорни Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш;
зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарни молиявий соғломлаштириш бўйича «йўл хариталари» – дастурлари амалга оширилишининг бориши устидан тизимли назорат қилиш;
2013 — 2020 йилларда телекоммуникация технологияларини, алоқа тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш;
ижтимоий соҳа ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун харажатларни тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштириш;
бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш;
маҳсулотларни экспортга чиқаришни кенгайтиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш;
жисмонан соғлом, маънавий етук ва баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш;
2014 йилда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қуриш ҳамда янги қишлоқ мавзеларини замонавий ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари билан таъминлаш дастурини бажариш;
2014 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини сўзсиз бажариш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг эътибори бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлашга, шунингдек солиқ базасини ва минтақаларнинг молиявий салоҳиятини кенгайтиришга, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилаётган қишлоқ мавзеларида муҳандислик-коммуникация ва транспорт тармоқлари, шунингдек ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қурилишини тугаллашни жадаллаштириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўришга қаратилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д. ТОШМУҲАМЕДОВА
Тошкент ш.,
2014 йил 20 июнь.
927-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 й., 6-сон, 156-модда)