Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Даъво аризаси имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан имзоланган бўлса кассация шикояти кўрмасдан қолдирилади
[Кўчирма]
«Хоразм автомобиль бозори» масъулияти чекланган жамият (бундан буён матнда — МЧЖ) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб Хоразм вилоят Давлат солиқ бошқармаси (бундан буён матнда — ДСБ)нинг 2013 йил 15 мартдаги 19-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида апелляция инстанцияси судининг қарорини қайта кўриб чиқиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини кўрмасдан қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Хоразм вилоят прокуратураси «Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш» бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчисининг 2012 йил 28 ноябрдаги «Ҳужжатли тафтиш тайинлаш ҳақида»ги қарори ва ДСБнинг 2012 йил 29 ноябрдаги 602-хс-сонли ҳамда 2012 йил 29 декабрдаги буйруқларига асосан МЧЖда 2008 йил 1 январдан 2013 йил 1 январгача бўлган даврда молия-хўжалик фаолияти юзасидан, тасдиқланган дастур асосида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши ва ҳисобланган солиқ ва мажбурий тўловларни бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўланиши юзасидан режадан ташқари солиқ текшируви ўтказилган ҳамда унинг натижаси бўйича 2013 йил 19 февралда далолатнома расмийлаштирилган.
ДСБнинг 2013 йил 15 мартдаги қарори билан МЧЖга нисбатан қўшимча ҳисобланган солиқ ва мажбурий тўловлар ҳамда молиявий жарималар билан жами 264 980,5 сўм ихтиёрий тўланиши белгиланган. Шунга кўра, МЧЖ ДСБнинг 2013 йил 15 мартдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Ишни кассация инстанцияси суд мажлисида кўриш жараёнида кассация шикояти МЧЖ бош ҳисобчиси Д.Атаева томонидан имзоланганлиги, унга эса бундай ваколат берилмаганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2005 йил 23 декабрдаги «Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 136-сонли қарори 6-банди учинчи ва тўртинчи хатбошисига кўра агар кассация шикоятини қабул қилиш пайтида судьяда таъсис ҳужжатларига мувофиқ шикоятни имзолаган шахснинг уни имзолашга ҳақли эканлигига шубҳа туғилса, судья кассация шикоятини иш юритишга қабул қилади ва аризачига унинг шикоятни имзолашга ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилади, кассация шикоятини имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда кассация инстанцияси суди ХПК 88-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кассация шикоятини кўрмасдан қолдириши ҳақида тушунтириш берилган.
Бундай вазиятда, судлов ҳайъати МЧЖ томонидан берилган кассация шикоятини имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги сабабли уни кўрмасдан қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми 2008 йил 18 апрелдаги «Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 180-сонли қарорининг 15-бандига мувофиқ ишни кўриш даъвони (аризани) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни чиқариш билан якунланганида давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи эса жавобгардан ундирилади.
Юқорида қайд этилганларга биноан судлов ҳайъати аризачи томонидан олдиндан тўланган 397 950 сўм давлат божи ва 5000 сўм почта харажатларини аризачи зиммасида қолдиришни лозим деб ҳисоблайди.
2013 йил 10 сентябрь,
22-1303/4756-сон