Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 15 декабрдаги 362-сон қарори)
Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 15 декабрдаги 362-сон қарорини ижро этиш юзасидан, фермер хўжаликларини юритиш учун ер участкалари бериш ва уларни олиб қўйиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 10 февраль,
34-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 февралдаги 34-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й, 10-сон, 105-модда) билан тасдиқланган Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 15-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«15. Туман ҳокими аризаларни туман фермерлари кенгашига юборади.
Туман фермерлари кенгаши икки кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.
Туман фермерлари кенгашининг хулосаси аризалар билан биргаликда ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясига юборилади, Комиссия фермер хўжалигига ер участкалари бериш бўйича танлов ўтказади.
Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг таркибига ер ресурслари ва давлат кадастри, қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш, санитария-эпидемиология хизмати органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, шунингдек туман фермерлари кенгашининг раиси ва бошқа шахслар киритилади.
Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг қарори протокол билан расмийлаштирилади ва барча ҳужжатлар, шу жумладан туман фермерлари кенгашининг хулосаси билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.
Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссияси томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади, ушбу қарор туман ҳокимига юборилади.
Туман ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори асосида уч кун мобайнида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор чиқаради ва уч кун муддатда ушбу қарорни тасдиқлаш учун вилоят ҳокими бошчилик қиладиган ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят комиссиясига юборади. Бунда туман ҳокимининг қарорига туман фермерлари кенгашининг хулосаси, ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг қарори, шунингдек халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори илова қилинади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 й., 1-сон, 6-модда) билан тасдиқланган Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 4-бандда:
учинчи хатбошидаги «тегишли хулосани олиш учун Комиссияга» сўзлари «туман фермерлари кенгашига» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар қўшилсин:
«Туман фермерлари кенгаши икки кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.
Туман фермерлари кенгаши хулосаси аризалар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун Комиссияга юборилади»;
б) 5-бандда:
биринчи жумладаги «ва тегишли хулоса чиқаради» сўзлари чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар қўшилсин:
«кўриб чиқиш натижалари бўйича Комиссия қарор қабул қилади, ушбу қарор протокол билан расмийлаштирилади ва барча ҳужжатлар, шу жумладан туман фермерлари кенгашининг қарори билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.
Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Ушбу қарор туман (шаҳар) ҳокимига юборилади»;
в) 6-банддаги «Комиссиянинг ижобий хулосаси» сўзлари «халқ депутатлари туман Кенгашининг ижобий қарори» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 17-банддан «туман фермерлари кенгаши билан келишилган» сўзлари чиқариб ташлансин;
д) 18 — 22-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«18. Туман (шаҳар) ҳокими уч кун муддатда барча ҳужжатлар ва материалларни туман фермерлари кенгашига юборади.
Туман фермерлари кенгаши икки кун мобайнида ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.
Туман фермерлари кенгашининг хулосаси ҳужжатлар ва материаллар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун Комиссияга юборилади.
19. Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топмаган ва (ёки) асосланмаганлиги аниқланган тақдирда, Комиссия мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномасини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилиб, туман (шаҳар) ҳокимига ва кўрсатилган органлар (ташкилотлар)га билдиришнома юборади ва киритилган ҳужжатларни қайтаради.
20. Далолатномада кўрсатилган ҳолатлар тасдиғини топган тақдирда, Комиссия бир ҳафта муддатда тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларни таҳлил қилиш асосида ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш тўғрисида ёхуд унинг майдонини мақбуллаштириш тўғрисида хулоса тайёрлайди, ушбу хулоса барча ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.
Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади, ушбу қарор Комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатлар билан биргаликда туман (шаҳар) ҳокимига юборилади.
21. Туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман Кенгашининг ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермерлари кенгашининг хулосасини, далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги раҳбари билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ёхуд унинг ер участкаси майдонини мақбуллаштириш тўғрисида фермер хўжалиги раҳбарига таклиф киритади.
Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги таклиф фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилганда ёки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасида белгиланган муддатда жавоб олинмаганда туман (шаҳар) ҳокими, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорини, Комиссиянинг хулосасини, туман фермерлари кенгашининг хулосасини далолатномани ва бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни илова қилган ҳолда фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага бериш шартномасини бекор қилиш юзасидан хўжалик судига даъво аризасини юборади.
22. Ижара шартномасини бекор қилиш юзасидан даъво аризаси қондирилиши хўжалик суди томонидан рад этилган тақдирда туман (шаҳар) ҳокими ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган органлар (ташкилотлар)нинг тақдимномасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашига, туман фермерлари кенгашига, Комиссияга ва тегишли органларга (ташкилотларга) билдиришнома юборади ва киритилган материалларни қайтаради»;
е) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер участкаси майдонини мақбуллаштириш
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
».
ж) 2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Фермер хўжалиги томонидан шартнома интизоми бузилишининг, шунингдек хўжалик фаолияти самарасиз юритилишининг аниқланган ҳолатлари асосида фермер хўжалиги ер участкаси майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 6-сон, 57-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2022 й., 09/22/375/0618-сон)