Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Қонунда адвокатлик бюролари (фирмалари) хўжалик судларига мурожаат қилишда давлат божи тўловидан озод этилиши назарда тутилмаган
[Кўчирма]
«Умид» адвокатлик бюроси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар — «Янгилик» савдо-ишлаб чиқариш фирмасидан 1537890 сўм ундиришни сўраган.
Хоразм вилоят хўжалик судининг 2009 йил 17 августдаги ажрими билан келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Хоразм вилоят хўжалик судининг 2010 йил 11 январдаги ажрими билан апелляция шикояти қайтарилган.
Кассация шикоятида 2010 йил 11 январдаги апелляция шикоятини қайтариш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, суд ажримини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2006 йил 15 августда ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланган. Мазкур шартнома юзасидан келиб чиққан низо бўйича тарафлар ўртасида 2009 йил 17 августда келишув битими тузилган ва биринчи инстанция суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 7-бандига асосан келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Суд ажримидан норози бўлган «Умид» адвокатлик бюроси апелляция шикояти билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 328-моддасининг 2-бандига кўра, хўжалик судининг иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажримлари устидан берилган апелляция, кассация шикоятларидан давлат божи ундирилади.
Ушбу Кодекснинг 330-моддасида хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилиш асослари келтирилган бўлиб, бунда адвокатлик бюролари (фирмалари) хўжалик судларига мурожаат қилишда давлат божи тўловидан озод этилганлиги назарда тутилмаган.
«Умид» адвокатлик бюроси апелляция шикояти билан мурожаат қилишда белгиланган тартибда давлат божи ва почта харажатларини тўламаган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 162-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра, давлат божи белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар апелляция шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса, судья апелляция шикоятини қайтариши белгиланган.
Хўжалик процессуал кодексининг 91-моддасида алоҳида ҳолларда суд даъвогарнинг аризасига кўра унинг мулкий аҳволига қараб, давлат божини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат беришга ҳақли эканлиги қайд этилган. Лекин, даъвогар давлат божи тўлашни кечиктириш тўғрисида ариза тақдим этганини исботлаб бера олмаган. Бинобарин, иш ҳужжатларида ҳам даъвогарнинг мулкий аҳволи ҳақида ариза ёки илтимоснома мавжуд эмас.
Бундай ҳолда судлов ҳайъати суд томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган ажрим қабул қилинган деб ҳисоблаб, суд ҳужжатини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни ҳамда ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ давлат божи ва почта харажатларини даъвогардан ундиришни лозим топади.
2010 йил 5 апрель,
22-0902/1750-сон