Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак
[Кўчирма]
«Маданият Артекс» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона (бундан буён матнда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТЙК қошидаги Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси (бундан буён матнда — жавобгар)дан 7 238 620 сўм камомадни ундиришни сўраган.
Суднинг 2013 йил 3 майдаги ажрими билан «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТЙК жавобгар сифатида, Ўзбекистон Республикаси Божхона Қўмитаси, Тошкент темир йўл бекатидаги тармоқ Ички ишлар бошқармаси эса низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган.
Биринчи инстанция судининг 2012 йил 6 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 24 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Кассация инстанцияси судининг 2013 йил 18 мартдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.
Олий хўжалик судининг 2013 йил 5 апрелдаги 1643-сонли хатига мувофиқ Бухоро вилоят хўжалик суди биринчи инстанциясида кворум мавжуд эмаслиги сабабли, иш биринчи инстанция судида кўриш учун Навоий вилоят хўжалик судига ўтказилган.
Биринчи инстанция судининг 2013 йил 28 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация шикоятида даъвогар томонидан темир йўл орқали вагонга юклаб жўнатилган маҳсулотда камомад борлиги аниқланганлиги, ушбу камомаднинг юзага келишига жавобгар айбдорлиги, Россия Федерациясида ИИБ томонидан суриштирув-тергов ҳаракатлари камомад аниқланган вақтда олиб борилганлиги, ўғирлик содир этилмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилганлиги, бироқ Тошкентда эса суриштирув-тергов ҳаракатлари бир йилдан сўнг ўтказилганлиги, ушбу давр мобайнида камомад келиб чиқишига алоқадор бўлган барча далиллар йўқ қилиб юборилганлиги, суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар ўрганилмасдан, асослантирилмаган қарор қабул қилинганлиги баён этилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2011 йил 7 февралда «Темир йўлда юк ташиш тўғриси»да 14-сонли шартнома тузилган.
Шартнома шартларига мувофиқ, жавобгар темир йўл вагонида ташилаётган юкларнинг хавфсизлигини, тўлиқлигини, пломбаларнинг бутлигини таъминлаш, даъвогар эса кўрсатилган хизматлар учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш мажбуриятини олган.
Даъвогар билан Россия Федерацияси Новосибирск шаҳридаги «Узсибторг» МЧЖ савдо уйи (бундан буён матнда — МЧЖ) ўртасида 2011 йил 23 августда тузилган «Маҳсулот етказиб бериш тўғрисида»ги 7-сонли шартномага мувофиқ, соф оғирлиги 10 178,35 кг бўлган 672 362 рублга тенг қийматдаги маҳсулотлар «экспорт» божхона режимига биноан расмийлаштирилиб, 23447287-сонли вагон орқали жўнатилган.
Тошкент темир йўл минтақавий узели Келес станциясида 2011 йил 13 сентябрда Қозоғистон Республикаси вакили ва жавобгар вакили иштирокида вагоннинг биринчи люк қопқоғи очиқ турганлиги, вагонга маҳсулотлар тўла тўлдирилганлиги, маҳсулотларнинг жойлашуви нотўғри эканлиги, маҳсулотлар шикастланмаганлиги, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаганлиги, пломбалар бузилмаганлиги юзасидан умумий далолатнома тузилган.
2011 йил 28 сентябрдаги 5-сонли тижорат далолатномасига мувофиқ, 672 362 рублга тенг қийматдаги маҳсулотдан 115 118 рубль миқдорида камомад аниқланган.
МЧЖ томонидан жиноят иши қўзғатиш юзасидан Россия Федерацияси ИИВ Новосибирск темир йўл бекати тергов бўлимига ариза билан мурожаат қилинган. Тергов бўлимининг 2011 йил 10 октябрдаги қарори билан ўғирлик Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида содир этилганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
МЧЖ томонидан даъвогарга 2011 йил 6 октябрда 77-сонли ариза билан мурожаат қилиниб, унда даъвогар томонидан жўнатилган маҳсулотда камомад борлиги аниқланганлиги билдирилган.
Тошкент ТИИБ ЖК ва УЖККБнинг 2012 йил 14 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳеч қандай ўғирлик, талон-тарожлик содир этилмаганлиги, жиноят аломатлари ва таркиби йўқлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида»ги 162-сонли қарорининг 14-бандида тушунтириш берилган.
Бироқ даъвогар томонидан даъво талабини асословчи ҳолатлар тегишли далиллар билан исботланмаган.
Шу сабабли, биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиб, қайд этилган ҳолатлар инобатга олинган ҳолда даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида тўғри хулосага келинган.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни ҳамда ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 72386 сўм давлат божи ва 7000 сўм почта харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим топади.
2013 йил 23 сентябрь,
20-1202/13341-сон