Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Апелляция шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва унда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса қайтарилади
[Кўчирма]
«Оқ чашма» фермер хўжалиги даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, «Дўстлик пахта тозалаш» ОАЖдан 1.099.000 сўм асосий қарз, 184.600 сўм пеня, 164.850 сўм жарима ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2004 йил 16 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, «Дўстлик пахта тозалаш» ОАЖдан «Оқ чашма» фермер хўжалиги фойдасига 1.099.000 сўм асосий қарз, 450.000 сўм пеня, 4.000 сўм почта харажатлари ундирилган.
Суднинг 2006 йил 25 апрелдаги ажрими билан тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2013 йил 16 январдаги қарори билан тарафлар ўртасида 2006 йил 14 апрелда тузилган келишув битими ҳақиқий эмас деб топилган ва 2006 йил 25 апрелдаги келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш ҳақидаги суд ажрими бекор қилинган.
Кассация инстанцияси судининг 2013 йил 10 апрелдаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг 2013 йил 16 январдаги қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун апелляция инстанцияси судига юборилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2013 йил 8 майдаги қарори билан суднинг 2006 йил 25 апрелдаги ажрими бекор қилинган ва иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.
Суднинг 2013 йил 11 июндаги ажрими билан тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаш рад этилган.
Мазкур ажримдан норози бўлган «Оқ чашма» фермер хўжалиги апелляция шикояти билан мурожаат қилиб, келишув битимини тасдиқлашни рад этиш ҳақидаги суд ажримини бекор қилишни сўраган.
Суднинг 2013 йил 15 июлдаги ажрими билан апелляция шикоятига давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаганлиги асос қилиниб, апелляция шикояти қайтарилган.
«Оқ чашма» фермер хўжалиги 2013 йил 23 июлда яна апелляция шикояти билан мурожаат этиб, суднинг 2013 йил 11 июндаги ажримини бекор қилишни сўрган.
Суднинг 2013 йил 29 июлдаги ажрими билан апелляция шикояти белгиланган муддат ўтгандан кейин берилганлиги ва унда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаганлиги асос қилиниб, апелляция шикояти қайтарилган.
Мазкур ажримдан норози бўлиб «Оқ чашма» фермер хўжалиги кассация шикояти билан мурожаат этиб, суднинг 2013 йил 29 июлдаги ажримини бекор қилишни сўраган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйдаги асосларга кўра суд ажримини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича «Оқ чашма» фермер хўжалиги суднинг 2013 йил 11 июндаги ажримини бекор қилишни сўраб, 2013 йил 23 июлда апелляция шикояти билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (кейинчалик матнда — ХПК)нинг 158-моддасига кўра, апелляция шикояти (протести) хўжалик суди ҳал қилув қарорини қабул қилгандан кейин бир ой ичида берилади. Мазкур кодекс 172-моддасининг иккинчи қисмига кўра хўжалик судининг ажрими устидан апелляция шикоятлари (протестлари) суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кўрилади.
ХПК 162-моддасининг биринчи қисми 4-бандига кўра апелляция шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва унда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса қайтарилади.
«Оқ чашма» фермер хўжалиги суднинг 2013 йил 11 июндаги ажримини бекор қилишни сўраб, 2013 йил 23 июлда апелляция шикояти билан мурожаат қилган бўлсада, унга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимосномани илова қилмаган.
Шу сабабли суднинг 2013 йил 29 июлдаги ажрими билан апелляция шикояти асосли равишда қайтарилган.
Бу ҳолда, судлов ҳайъати апелляция шикоятини қайтариш ҳақидаги 2013 йил 29 июлдаги ажрими асосли ва қонуний чиқарилганлиги сабабли уни ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
2013 йил 25 сентябрь,
13-0404/737-сон