Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Энергия таъминоти шартномасига мувофиқ абонент қабул қилган энергия ҳақини тўлаш, шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиш ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олади
[Кўчирма]
Даъвогар – «SHOSH ENERGO SAVDO» масъулияти чекланган жамияти даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар — «FARXOD-ABROR-XOʼJA» масъулияти чекланган жамиятидан 23917806 сўм асосий қарз, 6308701,20 сўм пеня, жами 30226507,20 сўм ундиришни сўраган.
Хўжалик судининг 2010 йил 19 майдаги ажрими билан «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» ОАЖ низонинг предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилган.
Биринчи инстанция судининг 2010 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.
Апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 28 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, «SHOSH ENERGO SAVDO» масъулияти чекланган жамияти ва «FARXOD-ABROR-XOʼJA» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2007 йил 2 апрелда 3282-сонли, 2008 йил 1 январда 3282-сонли, 2009 йил 1 январда 3282-сонли шартномалар тузилган.
Шартномаларнинг шартларига асосан «SHOSH ENERGO SAVDO» масъулияти чекланган жамияти «FARXOD-ABROR-XOʼJA» масъулияти чекланган жамиятининг буюртманомасига асосан электр энергияси етказиб бериш, ўз навбатида «FARXOD-ABROR-XOʼJA» масъулияти чекланган жамияти етказиб берилган электр энергиясини қабул қилиб олиб, ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.
2010 йил 8 январда «SHOSH ENERGO SAVDO» вакиллари томонидан «FARXOD-ABROR-XOʼJA»нинг энергетика тармоқлари, асбоб ва ускуналарининг техник ҳолати юзасидан назорат текшируви ўтказилиши жараёнида асбоб ва ускуналар амалдаги қоидалар бузилган ҳолда ишлатилаётганлиги, жумладан электр ўлчов асбобининг «клеймо» қопқоғи муҳрланмаганлиги, энергия трансформаторларидан биттаси ишламаётганлиги аниқланган ва улар юзасидан шу куни далолатнома тузилиб, бир нусхаси истеъмолчига берилган.
Шунингдек, 2010 йил 1 январда электр ўлчов асбоби (электросчётчик)нинг назорат кўрсаткичи олинган бўлиб, ўлчов асбоби хато ишлаётганлиги, истеъмол қилинган электр энергиясининг 55 фоизи олинмаётганлиги аниқланган ва шу куни ушбу ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, бир нусхаси истеъмолчига берилган ҳамда унга ҳисобдан ташқари ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилиш таклиф этилган. Бироқ, истеъмолчи вакиллари истеъмол қилинган электр энергияси учун қайта ҳисоб-китоб қилишдан бош тортган. Натижада, «SHOSH ENERGO SAVDO» МЧЖ даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, мавжуд қарздорликни ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 468-моддасига асосан энергия таъминоти шартномасига мувофиқ энергия билан таъминловчи ташкилот туташтирилган тармоқ орқали абонентга (истеъмолчига) энергия бериб туриш мажбуриятини олади, абонент эса қабул қилинган энергия ҳақини тўлаш, шунингдек шартномада назарда тутилган энергия истеъмол қилиш тартибига риоя этиш, тасарруфидаги энергетика шахобчаларидан фойдаланиш хавфсизлигини ҳамда ўзи фойдаланадиган энергия истеъмол қилувчи асбоб ва ускуналарнинг созлигини таъминлаш мажбуриятини олади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 63-бандига биноан электр ўлчов асбоби (электросчетчик)нинг носозлиги мижознинг айби билан юз берган тақдирда, мижоз томонидан ҳисобдан ташқари қўшимча ишлатилган электроэнергия учун қайта ҳисоб-китоб шу бандда кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.
Шу сабабли, биринчи инстанция суди томонидан даъвони қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келинган.
Апелляция инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, тўғри хулосага келинган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириб, ишни кассация тартибида кўриш билан боғлиқ суд харажатларининг «FARXOD-ABROR-XOʼJA» масъулияти чекланган жамияти томонидан олдиндан тўланганлигини инобатга олишни лозим топади.
2010 йил 25 октябрь,
10-1014/7239-сон