Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи мол-мулкни янги мулкдорга топшираётганда унга мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер бериши, давлат корхоналари ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган тақдирда мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни ҳақнинг биринчи бадали тўлангач бериши лозим
[Кўчирма]
«Шоҳруд» фемер хўжалиги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, Ўзбекистон Республикаси давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ва Бухоро вилоят солиқ бошқармасига нисбатан «ХАТП-11» акциядорлик жамиятининг 46,23 фоиз давлат активига нисбатан ордер бериш мажбуриятини юклатишни, 32400000 сўмлик ортиқча тўланган солиқ суммасини камайтиришни, Давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят бошқармасининг 2007 йил 29 мартдаги йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор давлат корхоналари ва объектларини инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул бериш бўйича Бухоро вилоят ҳудудий комиссиясининг 2005 йил 15 мартдаги 11-сонли йиғилиш баённомасининг қарор қисмини ижро этиш мажбуриятини юклатишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилган, «ХАТП-11» акциядорлик жамиятининг 46,23 фоиз давлат активига нисбатан даъвогар «Шоҳруд» фермер хўжалигига мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер бериш мажбурияти Ўзбекистон Республикаси давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасига юклатилган, даъвогарнинг 32400000 сўмлик ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги даъво талаби рад қилинган, Ўзбекистон Республикаси давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят бошқармасининг 2007 йил 29 мартдаги йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор давлат корхоналари ва объектларини инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул бериш бўйича Бухоро вилоят ҳудудий комиссиясининг 2005 йил 13 мартдаги 11-сонли йиғилиш баённомасини ижро этиш мажбуриятини юклаш тўғрисидаги талаби бўйича иш юритиш тугатилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси, «Шоҳруд» фермер хўжалиги ҳамда «ХАТП-11» акциядорлик жамияти ўртасида «ХАТП-11» акциядорлик жамиятининг 46,23 фоиз давлат улушини инвестиция киритиш шарти билан бепул бериш бўйича 2005 йил 23 мартда 12-сонли шартнома тузилган. Ушбу шартномага асосан «Сотувчи» «ХАТП-11» акциядорлик жамияти низом жамғармасидаги 46,23 фоиз давлат активини (82850 дона акция) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 майдаги «Давлат мулки айрим объектларини инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул беришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 209-сонли қарорига ва Республика Давлат «Танлов» комиссиясининг 2004 йил 6 сентябрдаги 09-11-сонли йиғилиш қарорига ҳамда вилоят ҳудудий «Танлов» комиссиясининг 2004 йил 12 октябрдаги 8-сонли қарорига асосан «Сармоядор»га, яъни «Шоҳруд» фермер хўжалигига инвестиция мажбуриятлари қабул қилиниши шарти билан «танлов» асосида бепул бериши, «Шоҳруд» фермер хўжалиги эса инвестиция мажбуриятларини ўз вақтида бажариши лозим бўлган.
Шартномага асосан «Шоҳруд» фермер хўжалиги шартнома имзоланган кундан бошлаб 1 йил муддат ичида 10000000 сўмлик пул инвестицияси, 42350000 сўмлик ишлаб чиқаришни қайта таъмирлаш ва қайта тиклаш учун жиҳозлар ҳамда эҳтиёт қисмлари, 5000000 сўмлик хом ашё ва материаллар, жами 57350000 сўмлик инвестиция киритиши лозим бўлган.
Шартнома мажбуриятлари даъвогар томонидан тўлиқ бажарилган, яъни 57350000 сўмлик инвестиция ўрнига 61723720 сўмлик инвестиция киритилган.
Ўзбекистон Республикаси давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг 2005 йил 14 мартдаги 11-У-сонли буйруғига асосан ишчи комиссияси тузилиб, комиссия даъвогар томонидан 4373720 сўмлик ортиқча инвестиция киритилганлигини аниқлаган. Бу ҳақда далолатнома тузилиб, у ишчи комиссияси аъзолари томонидан имзоланган.
Инвестиция мажбуриятлари бажарилганлигини кўриб чиқиш мақсадида Бухоро вилоят давлат мулкини бошқариш бошқармаси томонидан 2006 йил 4 апрелда йиғилиш ўтказилган ҳамда 13-сонли йиғилиш баённомаси тузилган. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитасининг инвестиция мажбурияти бажарилиши мониторинги бошқармаси томонидан тасдиқлангандан сўнг, ўрнатилган тартибда «Шоҳруд» фермер хўжалигига мазкур объект бўйича мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи ордер расмийлаштириб беришга қарор қилинган. 2006 йил 4 апрелдаги 13-сонли йиғилиш баённомаси Ўзбекистон Республикаси давлат мулки қўмитаси инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторинги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи томонидан тасдиқланган.
«Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига кўра, оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи мол-мулкни янги мулкдорга топшираётганда унга мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер бериши, давлат корхоналари ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган тақдирда мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни ҳақнинг биринчи бадали тўлангач бериши лозимлиги кўрсатилган.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 1.2-бандига кўра, «Сармоядор»га «ХАТП-11» акциядорлик жамияти низом жамғармасининг 46,23 фоиз акция пакети ҳисобига жамиятга қарашли Когон туман автосаройи мол-мулкига эгалик қилиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилиб, топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилганидан сўнг берилиши белгиланган. «Шоҳруд» фермер хўжалиги шартнома бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлсада, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи ордер расмийлаштириб берилмаган.
Шунинг учун биринчи инстанция суди ушбу талабни тўғри қаноатлантирган.
Бундан ташқари, даъвогар ортиқча ундирилган 32400000 сўмлик солиқ тўловларини жавобгарлардан ундириб беришни сўраган.
Иш ҳужжатларида даъвогар 32400000 сўм солиқ тўловларини амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас.
Биринчи инстанция суди даъвогарнинг 32400000 сўмлик ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш талабини Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига асосан исботланмаганлиги учун рад қилиб, тўғри хулосага келган.
Даъво талабининг Давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг 2007 йил 29 мартдаги йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор давлат корхоналари ва объектларни инвестиция мажбуриятлари эвазига бепул бериш бўйича Бухоро вилоят ҳудудий комиссиясининг 2005 йил 15 мартдаги 11-сонли йиғилиш баённомасининг қарор қисмини ижро этиш мажбуриятини юклатиш ҳақидаги қисми бўйича Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 86-моддаси 1-бандига кўра асосли равишда иш юритиш тугатилган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 24-моддасида бундай талабдан иборат низолар хўжалик судида ҳал этилиши белгиланмаган.
Апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини асосли равишда ўзгаришсиз қолдирган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ суд харажатларини Ўзбекистон Республикаси давлат мулк қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси зиммасига юклашни лозим топади.
2008 йил 5 ноябрь,
20-0810/2337-сон