Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Агар кассация инстанцияси суди иш ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш асосида аниқланганлигини, аммо суднинг хулосалари бу ҳолатларга мос эмаслигини аниқласа, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорни, қарорни бекор қилади ва янги қарор қабул қилади
[Кўчирма]
«Ҳайдаров Абдурахмон Алишерович» хусусий корхонаси (бундан буён матнда — корхона деб юритилади) хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, Қарши туман Давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда — ДСИ деб юритилади)нинг 2014 йил 16 июндаги «Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тўғрисида»ги қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган. ДСИнинг 2014 йил 16 июндаги «Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тўғрисида»ги қароринининг 2011 йил умумий овқатланиш фаолияти бўйича ягона солиқ тўловидан 5 597 700 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлари учун ҳисобланган 1 542 400 сўм пеня, 2012 йил умумий овқатланиш фаолияти бўйича ягона солиқ тўловидан 11 925 900 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган 1 849 700 сўм пеня, 2013 йил умумий овқатланиш фаолияти бўйича ягона солиқ тўловидан 30 628 100 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлар учун ҳисобланган 1 061 300 сўм пеня, жами бўлиб 52 605 100 сўм ундириш қисми ҳақиқий эмас деб топилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация шикоятида корхонанинг аризасида кўрсатилган важлар асоссиз эканлиги, Қашқадарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳузуридаги Солиқ низоларини судгача кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиш баёнига кўра, комиссия томонидан корхонага алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси чакана савдо корхонасига эмас, балки умумий овқатланиш корхонасига берилган бўлиб, корхона томонидан алкогол маҳсулотлари алоҳида турғун савдо шахобчасида эмас, умумий овқатланиш корхонасида хўрандаларга сотилган бўлиб, алкогол маҳсулотларни сотишдан тушган тушум ҳам умумий овқатланиш корхонасининг умумий тушумлари таркибига кирганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш сўралган.
Кассация протестида, биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўлиқ ўрганилмасдан аризани қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келинганлиги сабабли суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация протести ва шикоятидаги важларни муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра, ҳал қилув қарорини ўзгартиришни, кассация шикояти ва протестни қисман қаноатлантиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши томонидан 2014 йил май ойи учун тасдиқланган режа жадвали ва ДСИнинг 2014 йил 5 майдаги 85-хс-сонли буйруғига асосан корхонада 2009 йил 1 январдан 2014 йил 1 январгача бўлган молиявий хўжалик фаолияти даврида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши ва бюджет билан ҳисоб-китобларни амалга оширилиши юзасидан солиқ ҳизмати органларига назорати юклатилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари талабларини бажарилиши юзасидан корхона томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, маълумотлар асосида ҳужжатли текшириш ўтказилган.
Текшириш натижалари юзасидан корхонага 2011 йил умумий овқатланиш фаолияти учун ягона солиқ тўловидан 5 597 700 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлар учун 1 542 400 сўм пеня, 2012 йил умумий овқатланиш фаолияти учун ягона солиқ тўловидан 11 925 900 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлар учун 1 849 700 сўм пеня, 2013 йил умумий овқатланиш фаолияти учун ягона солиқ тўловидан 30 628 100 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлар учун 1 061 300 сўм пеня ҳисобланган ва бу ҳақда ДСИнинг 2014 йил 16 июнда «Солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
ДСИнинг ушбу қароридан норози бўлган корхона судга ариза билан мурожаат қилиб, қарорни қисман ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқламасдан, аниқланган деб топилган ҳолатларни исботловчи ҳужжатларни талаб қилиб олмасдан арз қилинган талабни тўлиқ қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 мартдаги 89-сонли қарори билан тасдиқланган «Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотлар сотиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низом умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси бериш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари асосида рухсат гувоҳномаси олиш учун умумий овқатланиш корхонаси ўзи жойлашган жойдаги ишчи органига тегишли ҳужжатларни тақдим этиши, ишчи орган томонидан тақдим этилган ҳужжатлар комиссия томонидан кўриб чиқилиб, умумий овқатланиш корхонасига алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси бериш тўғрисида қабул қилган қарорига асосан «Умумий овқатланиш корхонаси томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувоҳномаси» берилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1675-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1887-сонли қарорининг 9-2-иловасида, Савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, шу жумладан, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловининг ставкалари белгиланган бўлиб, умумий овқатланиш корхоналарида 10 фоиз, аҳолиси сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда 4 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида 2 фоиз, бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда 1 фоиз ставкада ягона солиқ тўлови тўлаши қайд этилган.
Судлов ҳайъати корхона умумий овқатланиш корхонаси бўлганлиги ҳамда унга «Умумий овқатланиш корхонаси томонидан алкоголли маҳсулотларни сотиш ҳуқуқи учун рухсат гувохномаси» 2012 йилда берилганлиги сабабли ДСИнинг корхонага нисбатан 2012 - 2013 йиллар учун ҳисобланган қўшимча солиқ ва пеняни асосли деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг «Кассация инстанциясида ишларни кўришида Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексинининг қўлланилиши тўғрисида» 2005 йил 23 декабрдаги 136-сонли қарорининг 15-бандида, агар кассация инстанцияси суди иш ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш асосида аниқланганлигини, аммо суднинг хулосалари бу ҳолатларга мос эмаслигини аниқласа, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорни, қарорни бекор қилади ва янги қарор қабул қилиши ҳақида тушунтириш берилган.
Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати кассация шикояти ва протестни қисман қаноатлантириб, суд қарорларини ўзгартиришни, корхонанинг ДСИнинг 2014 йил 16 июндаги қароринининг 2012 йил умумий овқатланиш фаолияти учун ягона солиқ тўловидан 11 925 900 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлар учун 1 849 700 сўм пеня ҳамда 2013 йил умумий овқатланиш фаолияти учун ягона солиқ тўловидан 30 628 100 сўм қўшимча, кечиктирилган кунлар учун 1 061 300 сўм ҳисобланган пеня қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ДСИдан корхона фойдасига 480 525 сўм давлат божи ва 500 сўм почта харажати ундириш қисмларини бекор қилишни, корхона аризасининг ушбу қисмини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади. Шунингдек, корхона томонидан биринчи инстанция суди учун давлат божи тўланганлигини инобатга олиб, ишни апелляция ва кассация инстанциясида кўриш билан боғлиқ 480 525 сўм давлат божини республика бюджетига 7 000 сўм почта харажатларини ДСИ фойдасига ундиришни лозим топди.
2015 йил 17 март,
18-1403/19552-сон