Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир
[Кўчирма]
«Муқобил ёқилғи ва энергия корхоналари» Ассоциацияси (кейинги матнларда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Самарқанд техсервис метан-пропан» МЧЖдан (кейинги матнларда — жавобгар) 12 000 000 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Даъвогар фойдасига жавобгардан 12 000 000 сўм ундирилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.
Даъвогарнинг кассация шикоятида даъво талаби жавобгарга берилган «SMART PATRUL» дастури учун паушаль тўловни ташкил этганлигини, бу франшизинг шартномаси ҳақиқий эмаслиги оқибатларига таъсир кўрсатмаслигини баён қилиб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш сўралган.
Судлов хайъати қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, «Smart Card» электрон пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда механик транспорт воситаларидаги газ баллон ускуналари ҳолатини хисобга олишнинг «SMART PATRUL» ягона ахборот тизими дастурига бўлган ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2014 йил 20 октябрдаги SDG 3/2014 рўйхатга олиш рақамига кўра даъвогарга тегишли бўлган.
Даъвогар (ҳуқуқ эгаси) ва жавобгар (фойдаланувчи) ўртасида тузилган 2014 йил 25 июлдаги франшизинг шартномасига мувофиқ, даъвогар дастурдан фойдаланиш ҳуқуқини жавобгарга тақдим қилган ва дастур жавобгарга берилган.
Шартнома шартларига кўра, ҳуқуқдан фойдаланилганлик учун ҳақ 2014 йил 31 декбаргача тўланиши лозим бўлган 20 000 000 сўмдан иборат бўлган дастлабки бадалдан ва ҳар ойнинг 10 санасигача тўланиши лозим бўлган дастурдан фойдаланиш билан кўрсатилган хизматларнинг 10 фоизи миқдорида роялтидан иборат бўлган. Бунда ҳуқуқ эгаси, дастурдан фойдаланиш учун ташкил этиладиган техник кўрик станцияларининг локал характери эътиборга олиниб, дастлабки бадални 40 фоиз миқдорида чегирма тақдим қилиши назарда тутилган.
Даъвогар важларига кўра, жавобгар дастурдан фойдаланиб келиб, шартномада белгиланган муддатда дастлабки бадални тўламаган. Шунга кўра, даъвогар 40 фоиз чегирма қўллаган ҳолда 12 000 000 сўм бадални ундиришни сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинги матнларда — ФК) 863-моддасига кўра, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси ёзма равишда тузилиши керак ва у шартномага мувофиқ лицензиар сифатида иш кўрадиган юридик шахсни ёки якка тадбиркорни рўйхатга олган орган томонидан рўйхатга олиниши керак. Ушбу қоидага риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий ҳисобланмаслигига сабаб бўлади.
Мазкур қоидага кўра, низо франшизинг шартномасидан келиб чиқанлиги эътиборга олиниб, суд иш учун аҳамиятли ҳолат сифатида, тарафлар ўртасида тузилган шартнома даъвогарни рўйхатдан ўтказган орган томонидан рўйхатга олинганлиги ҳолатини аниқлаши лозим бўлган.
Бироқ, биринчи инстанция судининг мазкур ҳолатларни аниқламасдан даъвони қаноатлантириш ҳақидаги хулосаси нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган. Апелляция инстанцияси суди томонидан аниқланган ҳолатларга кўра, шартнома тегишли равишда рўйхатдан ўтказилмаган. Шунга кўра, тарафлар ўртасида тузилган шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган.
ФК 114-моддасига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.
Шу муносабат билан апелляция инстанцияси суди, асосли равишда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган.
ФК 128-моддасига асосан битимнинг бир қисми ҳақиқий саналмаслиги битимга ҳақиқий саналмаган қисм қўшилмаса ҳам у тузилган бўлар эди, деб тахмин қилиш мумкин бўлса, унинг бошқа қисмларининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлмайди.
Тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг бошланғич бадал тўланиши ҳақидаги қисми, франшизинг мажбуриятининг бир қисми бўлиб, у алоҳида тартибда тузилиши мумкин бўлмаган. Бинобарин, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг барча қисмлари ҳақиқий эмас бўлган. Шу сабабли, даъвогарнинг ундирилиши сўралган бадал тўлови, олди-сотди объекти бўлган «SMART PATRUL» дастури берилганлиги учун тўлов бўлиб ҳисобланиши ва бу талаб шартноманинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлмаслиги ҳақидаги важларини судлов хайъати, қарорни бекор қилиш учун қабул қилиб бўлмайди деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 187-моддаси 1-бандига кўра кассация инстанцияси хўжалик суди ишни кўрганидан кейин биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Шу боис судлов ҳайъати, қайд этилганлардан келиб чиқиб, суд қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос йўқ деб топиб, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, суд харажатларини даъвогар зиммасида қолдиришни лозим топади.
2015 йил 3 август,
14-1506/4043-сон