Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди
[Кўчирма]
«МБУ ЗИЁ ТАРҚАТУВЧИ» масъулияти чекланган жамияти (кейинги матнларда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Жиззах педагогика коллежидан (кейинги матнларда — жавобгар) 12 863 000 сўм асосий қарз, 6 431 500 сўм пеня жами 19 294 500 сўм ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Даъвогарнинг кассация шикоятида шартнома 2009 йил тузилганлиги, уни Ғазначиликда рўйхатга олиниши белгиланмаганлиги, жавобгарга шартномага мувофиқ обуна газеталари етказиб берилганлиги, ўзаро ишонч асосида газетлар етказиб борилганлиги сабабли буни тасдиқлаш учун ҳужжатлар тузилмаганлиги, буни жавобгарнинг ўша вақтда маъсул бўлган ходимлари тасдиқлаши мумкинлиги, лекин суд уларни чақиртириш чораларини кўрмаганлиги баён қилиниб, суд қарорларини бекор қилиш ҳамда даъвони қаноатлантириш сўралган.
Судлов хайъати қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2009 йил 21 октябрда 29-сонли шартнома имзоланган. Шартнома шартларига кўра, даъвогарнинг обуна буюртмасига мувофиқ жавобгар матбуот нашрларини етказиб бериш хизматини кўрсатиши лозим бўлган. Даъвогар важларига кўра, жавобгарга 5 турдаги жами 272 нусхада 12 863 000 сўмлик газета ва журналлар етказиб берилган, жавобгар эса ушбу маҳсулотларнинг тўловини амалга оширмаган. Шунга кўра, даъвогар жавобгардан 12 863 000 сўм асосий қарз ва тўлов кечиктирилганлиги учун 6 431 500 сўм пеня ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция суди жавобгар бюджет ташкилоти бўлганлиги сабабли, шартнома Ғазначиликдан рўйхатдан ўтказилмаганлиги асосида, шартномани ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим деб топган ва шартномага мувофиқ билдирилган даъво талабини қаноатлантиришни рад этган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2007 йил 28 февралдаги ПҚ-594-сонли Қарорининг 6-бандига кўра, бюджет ташкилотларининг товарлар (ишлар, ҳизматлар) етказиб берувчилар билан шартномалари, шунингдек буюртмачиларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига капитал қурилишга оид шартномалари мажбурий тартибда Ғазначиликда рўйхатга олиниши шартлиги ва фақат у амалга оширилгандан кейин кучга кириши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (кейинги матнларда — ФК) 112-моддасига асосан битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.
ФК 114-моддасига асосан ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.
Шунга мувофиқ, биринчи инстанция суди томонидан моддий ҳуқуқ нормаси тўғри қўлланилиб ҳал қилув қарори қабул қилинган.
Даъвогарнинг кассация шикояти важларида, етказиб берилган обуна нашрлари жавобгарнинг собиқ ходимлари томонидан тасдиқланиши, лекин бу ҳолатлар аниқланмаганлиги кўрсатилган. Судлов хайъати, жавобгарнинг мазкур важи суд томонидан асосли равишда қабул қилинмаган деб ҳисоблайди. Чунки, шартномага мувофиқ ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлиги ёки товар етказиб берилганлиги ҳолатлари тарафларнинг ваколатли шахслари ўртасида тузилган муайян ҳужжатлар билан тасдиқланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (кейинги матнларда ХПК) 59-моддасига мувофиқ эса, ишнинг ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлса, бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.
ХПК 187-моддасининг 1-бандига кўра кассация инстанцияси хўжалик суди ишни кўрганидан кейин биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли.
Судлов хайъати қайд этилганлардан келиб чиқиб, асосли равишда биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган, апелляция инстанцияси суди томонидан эса ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган деб ҳисоблайди.
Шу боис, судлов хайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни ҳамда ишни видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида кўриб чиқилиши билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини даъвогардан ундиришни, даъвогарнинг кассация шикояти учун тўлаган давлат божини унинг зиммасида қолдиришни лозим топади.
2015 йил 27 июль,
13-1209/14992-сон