Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади
[Кўчирма]
«Тошкент шаҳар давлат мулкини ижарага бериш маркази» давлат корхонаси (кейинги матнларда — Ижарага бериш маркази), давлат мулкини балансида сақловчи — Ион-плазма ва лазер технологиялари институти (кейинги матнларда — институт) ва «Ajab Etiketka» МЧЖ (кейинги матнларда — МЧЖ) ўртасида 2014 йил 14 мартда 3581/08-14-сонли ижара шартномаси тузилган.
Шартномага асосан Ижарага бериш маркази (ижарага берувчи) Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси, 28-уй манзилидаги майдони 1 020 кв.м бўлган бино иншоотни ижарага бериши, МЧЖ эса ижара объектидан офис, полиграфия саноати, тикувчилик саноати мақсадида фойдаланиши, шартномада белгиланган ижара ҳақини тўлаши лозим бўлган.
Ижарага бериш маркази ходимлари томонидан, институтнинг балансидаги объектларни ижарага берилиши ҳолати ўрганилган. Ўрганиш натижаси бўйича 2014 йил 10 октябрда далолатнома тузилган. Далолатномага кўра, МЧЖ ижарага берилган объектнинг 45,88 кв.м қисмидан офис учун, 784,12 кв.м қисмидан тикувчилик фаолияти учун фойдаланиши лозим бўлсада, ижара объектининг 206,56 кв.м қисмидан офис сифатида, 623,44 тикувчилик фаолияти учун фойдаланаётганлиги, бунинг натижасида фаолият турига мувофиқ 9 202 787,16 сўм ижара тўлови тўланмасдан қолган.
Ижарага бериш маркази, хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ижара тўловини икки баравари 18 405 574,31 сўм миқдорида институтдан ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2014 йил 1 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган, Ижарага бериш маркази фойдасига институтдан 18 405 574,31 сўм ундирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Институтнинг кассация шикоятида, институт томонидан икки баравар тўловни тўланишига асос бўлган ҳолатлар мавжуд эмаслиги, ижарага берилган объектдан мақсадсиз фойланиши бўйича муносабатлар ижарага берувчи ва ижарачи ўртасидаги муносабатлар бўлиб, ижарачи ўз эътирозларини ижарачига билдириши лозимлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.
Институт кассация шикояти юзасидан берган тушунтиришида, кассация шикоятида кўрсатилган важларни қувватлаб, кассация шикоятини қаноатлантиришни сўради.
Ижарага бериш маркази вакили ижарага берилган объектлардан фойдаланиш мақсади бузилганлиги институт томонидан объектнинг параметрларини атайлаб нотўғри кўрсатилиши деб топилганлигини билдириб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.
Судлов хайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини, прокурорнинг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги фикрини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим деб топади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, институт балансида бўлган давлат мулки 2014 йил 14 мартда 3581/08-14-сонли ижара шартномасига асосан, Ижарага бериш маркази томонидан МЧЖга ижарага берилган. Ижарага бериш маркази, мулклардан МЧЖнинг фойдаланилиши ўрганилиб, МЧЖ шартномада кўрсатилган мулкдан бошқа мақсадларда фойдаланганлиги ва бунинг натижасида мулкдан фойдаланиш мақсадига мувофиқ белгиланган ставкаларга кўра ижара тўлови тўланмаганлиги хулоса қилинган.
Ижарага бериш марказининг ҳисоб-китобига кўра, мулкдан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги натижасида 9 202 787,16 сўм ижара тўлови тўланмасдан қолган ва Ижарага бериш марказининг даъво талабига кўра тўловни икки баравари миқдорини институт тўлаши лозим бўлган.
Биринчи инстанция суди, мулкларни бошқа мақсадларда фойдаланиши ҳолати, институтнинг ижарага берилган мулклар параметрларини нотўғри кўрсатишидан келиб чиқанлигини хулоса қилиб, институтдан икки баравар тўловни ундиришга қарор қилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги 102-сонли «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори олтинчи бандига кўра, давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони атайлаб нотўғри қайд этилганлиги, бунинг натижаси ижара тўловининг яширилишига олиб келганлиги ҳолати аниқланган тақдирда марказ бузилиш аниқланган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида, белгиланган тартибда давлат мулкидан фойдаланганлик даври учун ижара тўловини икки баравар миқдорда ҳисоблаб чиқади ва уни ундириш учун тегишли ҳужжатларни балансида сақловчига тақдим этади.
Ҳисоблаб ёзилган тўлов суммаси балансида сақловчи томонидан тўланмаган тақдирда давлат мулки жойлашган жойдаги марказ ҳужжатлар балансида сақловчига тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш куни ўтгач ҳисоблаб ёзилган тўлов суммасини белгиланган тартибда ундириш учун материалларни судга топширади.
Судлов хайъати, муаян мақсадларда берилган ижара объектининг бошқа мақсадларда фойдаланилиши, биринчи инстанция суди томонидан ижара объектини параметрларини нотўғри қайд этилиши деб нотўғри баҳоланган ва бунинг натижасида моддий ҳуқуқ нормаси нотўғри қўлланилган деб ҳисоблайди. Чунки, ижарага берилган мулк объектининг параметрлари бу мулкни тавсифловчи кўрсаткичлар бўлиб, мулкдан фойдаланиш мақсадларини ифодаламайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 545-моддасига асосан, ижарага олувчи мол-мулкдан шартнома шартларига мувофиқ, агар бундай шартлар шартномада белгиланган бўлмаса-мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ фойдаланиши лозим.
Агар ижарага берувчининг ёзма огоҳлантиришига қарамай, ижарага олувчи мол-мулкдан шартнома шартларига ёки мол-мулкнинг вазифасига номувофиқ фойдаланса, ижарага берувчи шартномани муддатидан олдин бекор қилишни ва зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Бундан кўринадики, Ижарага бериш маркази, мулкдан шартнома шартларига мувофиқ фойдаланилмаганлиги масаласи бўйича ўз талабларини ижарачига белгиланган тартибда билдириши лозим бўлган ва ижарага бериш марказининг мулк параметрлари институт томонидан атайлаб нотўғри қайд этилганлиги ҳақидаги даъво важи асоссиз.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (кейинги матнларда ХПК) 188-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
ХПК 187-моддаси 2-бандига асосан кассация инстанцияси хўжалик суди ишни кўрганидан кейин биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини тўла ёки қисман бекор қилиш ҳамда янги қарор қабул қилишга ҳақли.
Бинобарин, судлов хайъати, биринчи инстанция суди томонидан моддий ҳуқуқ нормаси нотўғри қўлланилиб, даъво қаноатлантирилганлиги сабабли, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда даъвони қаноатлантиришга асос йўқ деб топиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим деб топади.
ХПК 95-моддасига асосан суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.
Шу боис, ижарага бериш марказининг даъво аризаси учун тўлаган 184 056 сўм давлат божи харажати унинг зиммасида қолдирилиши, институтнинг кассация шикояти учун тўлаган давлат божи харажати Ижарага бериш маркази ҳисобидан қопланиши лозим.
2015 йил 27 июль,
10-1520/4186-сон