Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради
[Кўчирма]
«Муҳаммадсодиқ Собир Сервис» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) билан Наманган вилояти ҳокимлигининг ягона буюртмачи-инжиниринг компанияси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2011 йил 10 октябрда ва 2012 йил 8 октябрда пудрат шартномалари тузилган.
Шартномалар шартларига биноан, даъвогар пудратчи сифатида лойиҳада назарда тутилган ишларни турар-жой биноларини капитал таъмирлаш бўйича ишларни амалга ошириши, жавобгар эса, буюртмачи сифатида пудратчига қурилиш учун зарур шароитларни яратиши ва бажарилган ишларни қабул қилиб, уларнинг ҳақини тўлаши лозим бўлган.
Тарафлар ўртасида имзоланган бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-китоб фактураси маълумотномаларидан кўринишича, даъвогар томонидан Наманган шаҳри, 5-А кичик туман, 64-уйда 16 570 300 сўмлик, 6-кичик туман, 31-уйда 16 207 200 сўмлик, 1-кичик туман, 66-уйда 5 335 500 сўмлик, Шаршара кўчаси, 35-уйда 17 649 500 сўмлик, Мураббий кўчаси, 18-уйда 2 152 600 сўмлик, Кўзагарлик кўчаси, 29-47-уйларда 401 065 сўмлик, Мустақиллик кўчаси, 6-уйда 9 713 200 сўмлик, Қумқўрғон кўчаси, 1-уйда 1 874 400 сўмлик, Чортоқ тумани, Орзу кўчаси, 7-уйда 1 306 600 сўмлик ҳамда Орзу кўчаси, 8-уйда эса 1 300 800 сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилган.
Жавобгар томонидан тўлов мажбурияти бажарилмаганлиги оқибатида даъвогар олдида 72 511 530 сўмлик қарздорлик вужудга келган. Қарздорлик суммаси тарафлар ўртасида 2014 йил 15 октябрда имзоланган таққослаш далолатномаси билан тасдиқланади.
Қарздорликни ундириш бўйича чоралар самара бермагач, Наманган вилоят прокуратураси даъвогар манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 72 511 530 сўм асосий қарз ва 36 255 765 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суднинг 2014 йил 5 ноябрдаги ажрими билан Наманган вилоят молия бошқармаси, 2014 йил 10 ноябрдаги ажрими билан Наманган вилоят Ғазначилик бошқармаси ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида жалб этилишган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган.
Иш апелляция тартибида кўрилмаган.
Ушбу ҳал қилув қарори устидан жавобгар томонидан кассация шикояти берилиб, унда биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ ўрганмасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда, жумладан маблағлар бюджетдан молиялаштирилиши ҳолатига эътибор бермаган ҳолда қарзни молия бошқармасидан ундириш чораларини кўрмай даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келинганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш ҳақида қарор қабул қилиш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди:
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда ХПК деб юритилади)нинг 135-моддасига мувофиқ хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддасининг иккинчи қисмига асосан мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Ушбу ҳолатда, тарафлар ўртасидаги низо пудрат шартномасидан келиб чиққан.
ФК 631-моддасининг биринчи қисмига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонун ҳужжатларида ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида тузилган пудрат шартномалари асосида даъвогар томонидан бажарилган ва ҳисоб-китоб фактуралари асосида жавобгар томонидан қабул қилинган 294 763 248 сўмлик таъмирлаш ишлари учун шартномаларда белгиланган тўловларни амалга ошириш мажбурияти лозим даражада бажарилмаганлиги, яъни мавжуд тўлов топшириқномаларига кўра 222 251 718 сўм тўланганлиги боис, жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарзи 72 511 530 сўмни ташкил этган. Ушбу қарздорлик жавобгар томонидан ҳам тарфлар ўртасида 2014 йил 15 октябрда имзоланган таққослаш далолатномаси асосида тан олинган.
Ушбу ҳолатда, биринчи инстанция суди даъво талабларининг асосий қарз суммасини қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Чунки, ушбу қарз иш ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топган ва жавобгар томонидан ҳам тан олинган.
Шартноманинг 58-банди талабига кўра, жавобгарга кечиктирилган тўлов кунларига даъвогар томонидан асосли равишда 36 255 765 сўм пеня суммаси ҳисобланган.
ФКнинг 260-моддасига кўра қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади.
Келтирилган Кодекс 261-моддасининг биринчи қисмига кўра, неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.
Ушбу ҳолатда, суд, ФКнинг 326-моддаси талабини инобатга олган ҳолда қарздорнинг моддий аҳволидан келиб чиқиб, сўралган пеня суммасини тўғри 8 136 689 сўмга камайтирган.
ФК 333-моддасининг биринчи қисмида, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб бериши белгиланган бўлиб, қарздор мажбуриятни лозим даражада бажариш учун ўзига боғлиқ бўлган ҳамма чораларни кўрганлигини исботласа, у айбсиз деб топилади.
Ушбу ҳолатда, судлов ҳайъати, жавобгарнинг «шартномалар шартлари бўйича таъмирлаш ишлари бюджетдан молиялаштирилиши лозимлиги боис, молия бошқармасини жавобгар сифатида жалб этиб, ундан қарзни ундириш лозимлиги ҳақида»ги фикри билан келиша олмайди. Чунки, келтирилган амалдаги қонун нормаларига кўра, тарафлар ўртасидаги мажбурият пудрат шартномасидан келиб чиқади ҳамда унга кўра молия бошқармаси бажарилган таъмирлаш ишлари бўйича даъвогар олдида тўлов мажбуриятини олмаган.
ХПК 188-моддасининг биринчи қисмида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилган.
Ушбу ҳолатда, ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.
Шунга кўра, судлов ҳайъати, Наманган вилоят хўжалик судининг 2014 йил 14 ноябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, жавобгарнинг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, шу билан бирга ХПКнинг 95-моддасига асосланган ҳолда кассация инстанцияси судида ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатлари, чунончи ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини жавобгардан ундиришни лозим топди.
2015 йил 20 апрель,
16-1402/13069-сон