Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Қарздор айби бўлган тақдирда, мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради
[Кўчирма]
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда — Палата) «Шарқ қурилиш» МЧЖ манфаатида (бундан буён матнда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Метин қурилиш» МЧЖ (бундан буён матнда — жавобгар)дан 108 016 609 сўм асосий қарз, 30 244 650 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвогар қўшимча даъво аризаси бериб, даъво талаби миқдорини камайтириб, жавобгардан 94 739 447 сўм асосий қарз, 26 527 045 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суднинг ажрими билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси учинчи шахс сифатида ишга жалб этилган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогар фойдасига 94 739 448 сўм асосий қарз, 6 631 761 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлаштириш рад этилган.
Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Суд қарорларидан норози бўлиб, жавобгар томонидан кассация шикояти берилган. Унда, судлар томонидан ишлар ҳажмининг 5 фоизи, яъни 12 048 548 сўм кафолат суммаси асосий қарз суммасидан чиқариб ташланмаганлиги, объектда бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳажми смета ва шартномага асосан 240 970 958 сўм белгиланганлиги, жавобгар томонидан 150 000 000 сўм пул маблағи ўтказиб берилганлиги, ички имкониятдан келиб чиқиб, қўшимча 40 000 000 сўм апелляция инстанцияси судига қадар тўлаб берилганлиги ва тўлов топшириқномалари тақдим этилганлиги, лекин апелляция инстанция суди ушбу суммани асосий қарздан чиқармаганлиги, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдаланган электр энергияси, газ ва сув учун 1 634 192 сўмлик ҳақдорлик масаласи ҳал этилмаганлиги баён қилиниб, суд қарорлари билан ундирилган асосий қарздан 12 048 548 сўм кафолат пули, 1 634 192 сўм коммунал тўловлари, 40 000 000 сўм ўтказиб берилган суммани ҳисобга олган ҳолда суд қарорларини ўзгартириб, 37 288 218 сўм асосий қарз ундириш ҳақида қонуний тўхтамга келиш сўралган.
Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда — ХПК) 40-моддасига кўра даъвогар хўжалик низоси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, ёхуд даъводан воз кечишга ҳақлилиги белгиланган.
ХПКнинг 184-моддасида кассация шикояти берган шахс қарор чиқарилгунга қадар ундан воз кечиши белгиланган.
Бироқ, жавобгар аризада кассация шикоятидан эмас, балки даъводан воз кечиши муносабати билан кассация шикоятини кўрмасдан қолдиришни сўраган.
Бундай ҳолатда, суд жавобгарнинг аризасини қаноатлантирмасликни, ишни кассация шикояти асосида кўриб чиқишни лозим топади.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2013 йил 27 августда «Эски Жўва деҳқон бозори» ОАЖ ҳудудидаги бозорга кириш қисмини қайта таъмирлаш ишларини бажариш юзасидан 39-сонли пудрат шартномаси тузилган. Шартнома баҳоси тахминий 200 000 000 сўм қилиб белгиланган. Шартномага асосан даъвогар жавобгарнинг буюртмасига асосан шартномада кўрсатилган объектда қурилиш таъмирлаш ишларини бажариш, жавобгар эса бажарилган ишларни қабул қилиб олиш ва ҳақини тўлаб бериш мажбуриятини олган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда — ФК)нинг 631-моддаси биринчи қисмига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.
Шартномага асосан жавобгар томонидан 150 000 000 сўм пул маблағи ўтказиб берилган. Даъвогар объектда бажарилган ишлар қийматини аниқлаш юзасидан ўтказилган 62/1-сонли экспертиза натижаларига кўра октябрь ойида бажарилган 258 016 609 сўмлик ишлар учун расмийлаштирилган далолатномани жавобгарга тақдим этган. Лекин жавобгар томонидан далолатнома имзоланмасдан, даъвогарнинг мурожаати оқибатсиз қолдирилган.
Шунга кўра Палата даъвогар манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 108 016 609 сўм асосий қарз ва 30 244 650 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъво талаби миқдорини камайтириш ҳақида қўшимча даъво аризаси бериб, жавобгардан 94 739 447 сўм асосий қарз, 26 527 045 сўм пеня ундиришни сўраган.
ХПКнинг 54-моддасида ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган маълумотлар иш бўйича далиллар бўлиб, улар асосида хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар бор ёки йўқлигини аниқлаши, бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланиши белгиланган.
Биринчи инстанция суди жавобгарнинг даъвогар олдидаги мавжуд қарздорлиги, бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш далолатномалари, экспертиза хулосаси ҳамда тўлов топшириқномалари билан ўз тасдиғини топганлиги боис, даъвонинг 94 739 448 сўм асосий қарз ундириш талабини қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Бундан ташқари, даъвогар жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари белгиланган муддатда бажарилмагани учун Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 32-моддасига асосан 26 527 045 сўм пеня ундиришни сўраган.
ФКнинг 333-моддасига асосан қарздор айби бўлган тақдирда, мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб беради.
Ушбу кодекснинг 326-моддасига асосан агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли, суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.
Биринчи инстанция суди ФКнинг 326-моддасига асосан тарафлар мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, уларнинг мулкий аҳволини инобатга олиб, даъвогарнинг пеня ундириш талабини 6 631 761 сўмга қаноатлантириб, асосли хулосага келган.
Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги 163-сонли қарори 4-бандига ҳамда Фуқаролик кодексининг 326-моддасига кўра суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли.
Биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя қилинганлиги боис, апелляция инстанция суди ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Гарчанд, жавобгар кассация шикоятида даъвогарга 40 000 000 сўм пул маблағини апелляция инстанцияси судига қадар тўлаб берилганлиги, апелляция инстанция суди ушбу суммани асосий қарздан чиқармаганлиги, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдаланган электр энергияси, газ ва сув учун 1 634 192 сўмлик ҳақдорлик масаласи ҳал этилмаганлигини важ қилиб келтирган бўлсада, суд ушбу важларни қабул қилмайди. Чунки, ушбу келтирилган важларни жавобгар апелляция инстанцияси суди томонидан ишни кўриш жараёнида ҳам келтирган бўлиб, ушбу важлар суд томонидан муҳокама қилинган ва тегишли баҳо берилган. Бундан ташқари, жавобгар даъвогарга 40 000 000 сўм пул маблағи ўтказиб берилганлиги, 1 634 192 сўм коммунал тўловлар бош пудратчи томонидан амалга оширилганлигини тасдиқловчи далилларни судга тақдим этмаган.
Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати жавобгарнинг аризасини қаноатлантирмасдан, судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган қарорлар қабул қилинган деб ҳисоблаб, суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантиришни рад этишни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ тўланган 606 332 сўм давлат божи ва 7200 сўм почта харажатларини жавобгар зиммасида қолдиришни лозим топади.
2015 йил 16 февраль,
10-1420/14094-сон