Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади
[Кўчирма]
«Давр авто бизнес» МЧЖ (бундан буён матнда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Марказий ХДААЙСИТФДК»дан (бундан буён матнда — жавобгар) 12 411 819 сўм асосий қарз ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг 2013 йил 25 апрелдаги ажрими билан даъво аризаси Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (бундан буён матнда — ХПК) 88-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан кўрмасдан қолдирилган.
Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.
Кассация протестида суднинг 2013 йил 11 апрелдаги ажрими билан ишни кўриш 2013 йил 25 апрель кунига қолдирилганлиги, лекин даъвогарга суднинг ажрими етказилмаганлиги, даъвогар суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида хабардор этилмаган бўлсада, суд асоссиз равишда даъвони кўрмасдан қолдирганлиги баён қилиниб, суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.
Суд мажлисида даъвогар вакили кассация протестида келтирилган важларни қувватлаб, суд ажрими даъвогарга етказилмаганлигини билдириб, суд ажримини бекор қилишни сўради.
Судлов ҳайъати даъвогар вакилининг тушунтиришини ва прокурорнинг суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш ҳақидаги фикрини тинглаб, кассация протестида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан суд ажримини бекор қилиб, даъво аризани кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал этишда процессуал ҳуқуқ нормалари бузилишига йўл қўйилган.
Чунки, суднинг 2013 йил 11 апрель кунидаги суд мажлисига тарафлар вакиллари келмаганлиги сабабли, суднинг 2013 йил 11 апрелдаги ажрими билан ишни кўриш 2013 йил 25 апрель кунига қолдирилган. Лекин суд ажрими тарафларга юборилмаган.
Даъвогар суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор этилмаган бўлса-да, суд даъвогар суд мажлисига келмаганлиги асоси билан ХПК 88-моддасининг 6-бандига асосан даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақида нотўғри хулосага келган.
ХПК 188-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши, агар бу бузилиш нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати кассация протестини қаноатлантиришни, суд ажримини бекор қилишни ҳамда даъво аризани кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.
Ишни янгидан кўришда суд юқорида қайд этилган ҳолатларни муҳокама қилиб, шартнома шартлари ва иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлашга хизмат қиладиган далиллар ҳамда даъво талабларини асословчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини талаб қилиб олиб, уларни муҳокама қилиб, ишда тарафлар вакиллари иштирокини таъминлаб, уларнинг важларига ҳуқуқий баҳо бериб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим бўлади.
2014 йил 23 июнь,
12-1306/3403-сон