Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг
Қарори
Юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда қоплашлари шарт. Зарарни қоплаш айбдорларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод қилмайди
[Кўчирма]
Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси (бундан буён матнда — даъвогар) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, «Gulira'no Lyuks servis» МЧЖдан (бундан буён матнда — МЧЖ) ўсимлик дунёсига етказилган 10 824 240 сўм зарарни ундиришни сўраган.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Кассация шикоятида ишни кўришда суд моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаганлиги, иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги баён қилиниб, суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.
Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қаноатлантирмасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 15-моддасига кўра, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида ҳамда бинолар, иншоотлар ва коммуникациялар қурилиши билан боғлиқ ҳолдагина маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган қарорига биноан йўл қўйилади.
Ишдаги ҳужжатларга кўра, даъвогарнинг Давлат нозири томонидан 2013 йил 14 июнда Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган Чимкент кўчаси 9-уй орқа томонидан 1 дона d-65 см бўлган ёнғоқ дарахти МЧЖ томонидан тегишли рухсатномасиз, ноқонуний кесилганлиги ҳолати аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2013 йил 14 июнда далолатнома расмийлаштирилиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 27 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириладиган жарима миқдорларини ҳисоблаш таксаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 293-сонли қарори асосида ҳисоблаб чиқилган.
Даъвогарнинг 2013 йил 14 июндаги 13-053-сонли қарори билан МЧЖ директори тегишли рухсатномасиз ёнғоқ дарахтини кесганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга 238 770 сўм миқдорида жарима солинган. Маъмурий жарима суммаси МЧЖ директори томонидан 2013 йил 9 июлда ихтиёрий равишда тўланган.
«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни 28-моддасининг иккинчи қисмига кўра, юридик ва жисмоний шахслар ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда қоплашлари шарт. Зарарни қоплаш айбдорларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод қилмайди.
Шунга кўра, биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган.
Судлов ҳайъати МЧЖнинг ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида МЧЖ тегишли равишда огоҳлантирилмаганлиги ҳақидаги важлари асоссиз деб ҳисоблайди.
Чунки, биринчи инстанция судининг 2013 йил 30 июлдаги ажрими МЧЖнинг юридик манзилига юборилган бўлиб, бироқ кўрсатилган манзилда МЧЖ йўқлиги сабабли почта алоқа хизмати томонидан ажрим судга қайтарилган. Биринчи инстанция судининг 2013 йил 20 августдаги ажрими эса 2013 йил 2 сентябрда «Шароф Рашидов» МФЙ раиси иштирокида МЧЖ раҳбари Н.У. Мамажоновга топширилганлиги ҳақида маълумот мавжуд.
Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиб, асослантирилган қарор қабул қилинган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, тўланган 54 121 сўм давлат божи ва 7 000 сўм почта харажатини МЧЖ зиммасида қолдиришни лозим топади.
2014 йил 17 декабрь,
10-1316/13265-сон